Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:58

Петербургда Ўзбекистон байроғини кўтарган муҳожирлар жавобгарликка тортилди (ВИДЕО)


Суратнинг Санкт-Петербургдаги воқеага алоқаси йўқ.
Суратнинг Санкт-Петербургдаги воқеага алоқаси йўқ.

Санкт-Петербургнинг Дворцовий майдонида Ўзбекистон байроғини кўтариб, Янги йил кириб келишини нишонлаган ўзбек муҳожирлари маъмурий жавобгарликка тортилди.

Улар бири-бирининг устига чиқиб, ўз давлатлари байроқларини ҳилпиратгани айтилмоқда. Маҳаллий нашрлар жаримага тортилган 14 нафар мигрантдан 3 нафари Россиядан чиқариб юборилганини хабар қилди.

Янги йил арафасида ўзбекистонлик ёшлар Москвада ҳам Петербургдаги каби флешмоб ўтказган эди.

Петербург полицияси бу ҳодиса ҳақида бир ҳафтадан кейин жавоб қайтара олишини Озодликка билдирди.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги "тегишли органлар билан ҳамкорликда содир бўлган ҳодиса тафсилотларини ўрганаётганини” билдирди.

Россиянинг “маданий пойтахти” Санкт-Петербургнинг марказий майдони – Дворцовийда Янги йил кириб келишини нишонлаган бир гуруҳ ўзбекистонлик ва тожикистонлик меҳнат муҳожирлари шаҳар полициясининг “Э” – экстремизмга қарши кураш бўлими назоратига тушади.

Маҳаллий “Фонтанка” нашрининг хабар қилишича, Дворцовий майдонида “онлайн” видеосъёмка қилаётган Ички ишлар махсус ходимлари эътиборини бир-бирининг устида ўтириб Ўзбекистон байроғини ҳилпиратаётган хорижликлар ўзига тортади.

ИИБ Бош бошқармаси раҳбарияти бу гражданлар шахсини аниқлашни “Э” марказига топширади. Осиёликлардан 14 нафарини ўрганган ходимлар ҳар бирида қонун бузилишлари борлигини аниқлади. Баъзилари миграция қайдига туришда ёлғон маълумотларни берган.”, деб ёзди нашр журналистлари.

“Фонтанка”нинг Марказий туман ИИББ нинг исмини сир тутган ходимига таяниб хабар қилишича, Петербург марказий майдонига байрам нишонлагани келган минглаб мигрантлардан полиция эътиборига тушган ва жавобгарликка тортилган 14 муҳожирга маъмурий жарима солинди, улардан 3 нафари Россиядан бадарға қилинди. Қолган 11 ўзбекистонликка Россиядан ташқарига чиқиб, миграция картасини янгилатиб кириш тавсия қилинди.

Журналистлар полициячига “Бошқа мамлакат байроқларини кўтаришни тақиқловчи қоида борми?” дея берган саволига:

- Бундай қоида йўқ. Биласизку, бу тақиқланмаган. Аммо биз ишонамизки, мигрантларнинг бундай ҳаракатлари маҳаллий аҳоли томонидан Петербург полициясидан кутилган ҳаракатларни келтириб чиқарган, дея гапни айлантирганини кўриш мумкин.

Полициянинг бундай кескин ҳаракатларидан қувонганини яширмаган “Фонтанка” журналистлари “Фонтанка” ишонадики, бу ҳодиса – полиция янги бошқарувининг Петербургда ўзини беҳурмат ва ҳатто беадаб тарзда тутаётган мигрантларга бўлган табиий сиёсати давомидир”, деб хулоса қилди.

Интернет нашр илова этган фотосуратларда ўзбекистонликлар яшаётган ётоқхонадаги кроватлардан бирида ёйилган Ўзбекистон миллий рамзини йиғиб қўяётган мигрантлар тасвирланганини кўриш мумкин.

Озодлик бу ҳодисага ойдинлик киритиш мақсадида Санкт-Петербург Ички ишлар бошқармасининг Марказий тумани бўйича бўлимига қилган мурожаатига ҳодиса ҳақиқатан рўй бергани, бироқ хориж нашрларга мазкур масалада фақат Бош бошқарма матбуот хизмати жавоб бера олиши мумкинлиги жавобини олди.

Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилояти Ички ишлар бошқармаси ахборот бўлими бошлиғи Вячеслав Степченко эса бу масалада фақат расмий тартибда мурожаат қилишимизни ва “қонунда белгиланган тартибда жавоб берилиши”ни айтди.

- 7 кунда қонунда белгиланган муддатда жавобингизни оласиз. Мен сизга бошқачасига жавоб бера олмайман, - дея гапни қисқа қилди шаҳар полицияси матбуот хизмати раҳбари Озодликка.

Ўзбек гражданларининг Москва ва Петербург марказий майдонларида Янги йил арафасида қўлга олинишига Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги куни кеча муносабат билдирди.

“Бир гуруҳ Ўзбекистон фуқароларининг Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларида Янги йил байрами дам олиш кунлари ҳибс этилиши ва уларга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилиши муносабати билан медиа-маконда пайдо бўлган хабарлар ортидан мамлакатимиз дипломатик ваколатхоналари Россиянинг кўрсатилган шаҳарларида тегишли органлар билан ҳамкорликда содир бўлган ҳодиса тафсилотларини ўрганмоқда”, дейилади ТИВ матбуот хизмати расмий хабарида.

Бундан олдинроқ ижтимоий тармоқларда Москва шаҳрида бир гуруҳ ўзбекистонлик йигитлар томонидан “жонли пирамида” ясалиб, унинг тепасига чиқиб олган муҳожир Ўзбекистон байроғини кўтаргани видеоёзуви тарқалган эди ва жиддий тортишувларни келтириб чиқарганди.

XS
SM
MD
LG