Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 23:10

Довулдан зиëн кўрган бухороликлар президент ваъда қилган ёрдамни кутмоқда


Бухоронинг Олот туманида юзлаб уй томларини шамол учириб кетди
Бухоронинг Олот туманида юзлаб уй томларини шамол учириб кетди

Бухоро вилоятида юз берган кучли шамол оқибатида уйлари вайрон бўлган аҳоли президент ваъда қилиб кетган ёрдамларни ҳалигача олмаганликларини айтмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев 28 апрель куни Бухорога сафар қилиб, у ерда юз берган кучли шамол оқибатларини шахсан кўздан кечиргач¸ жабрдийдаларга уйларини тиклаб олиш учун узоғи билан 10 кун ичида зарурий ёрдам берилишини ваъда қилган эди.

Мирзиёев Бухорода табиий офат оқибатларини бартараф этиш ишларига давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш ҳақидаги фармонни ҳам имзолади.

Озодлик билан суҳбатда бўлган бухороликлар ҳокимликка қайта-қайта мурожаат қилиб "ҳалигача битта шифер ҳам олмаганликлари"ни айтишди.

Бухоро вилояти Олот тумани "Халқобод" маҳалласида яшовчи аёлнинг Озодликка айтишича, 27 апрель кунги бўрон ўзи ва қўшниларининг уйлари томини шамол учириб кетган, ўшандан буён бутун маҳалла газ, электр тармоғидан узилганича қолмоқда.

Олти ёшли боласи билан яшовчи ёлғиз она бир неча марта ёрдам сўраб туман ҳокимлигига боргани, улардан "ўзларинг қиласизлар" деган жавобни олганини айтади.

- Уйимни бир дона шифери қолмасдан учириб кетди. 28 апрелда президентимиз Олот туманига келиб мутасадди ходимларга кўрган талафотларимизни 10 кун ичида тўғирлаб беришларини топширгандилар. Лекин мана бугун 10 кун бўлди, бизнинг кўчамизда на электр токи бор, на уйимизнинг томини ёпишга ёрдам беришди. Ҳокимликка борсак¸ "ўзларинг қилаверинглар" деди. Ҳар ким ўзи қўлдан келганича уста ёллаб ёки ўзлари шифер қоқиб юришибди.

27 апрель куни кучли шамол биргина Бухоро вилоятининг ўзида мингдан зиёд объектларга зиён етказди.
27 апрель куни кучли шамол биргина Бухоро вилоятининг ўзида мингдан зиёд объектларга зиён етказди.

"У ёқда сув тошқини бўлиб¸ биз четда қолиб кетдик"

Олотлик 52 ёшли фермер Озодлик билан суҳбатда 4¸5 миллион сўмга шифер сотиб олиб, табиий офат оқибатида очилиб қолган уйи томини ўзи ёпаётганини айтади.

Ҳокимият кўзга кўринадиган жойларнинг шиферини қоқди. Бошқа жойларда ҳамма ўзи қилиб ётибди.

- Уйимни томи очилиб ётибди. Ҳокимиятга борсак¸ ҳамманг ўзларинг қиласизлар, ишчиларимиз Сардобага кетган, дейди. Шунга у ёқда сув тошқини бўлиб¸ биз четда қолиб кетдик. 4¸5 миллион чиқариб томни ёпяпмиз, бошқа илож йўқ. Ҳокимият кўзга кўринадиган жойларнинг шиферини қоқди. Бошқа жойларда ҳамма ўзи қилиб ётибди, - дейди фермер.

Олот тумани ҳокимлиги расмийлари табиий офатдан зарар кўрган аҳолига президент ваъда қилган ёрдамнинг берилмаётгани ҳақидаги иддаоларни рад этди.

Ҳокимлик мутасаддиси уйи томини шамал учириб кетган хонадонларга шифер берилаётганини айтди.

- Шифер берилади, лекин ўзларинг қиласизлар, дейилди-да. Ҳозир ишчиларнинг ҳаммаси Сирдарёга кетган, шунга ўзларинг қиласизлар¸ дейилган. Лекин шифер, қурилиши материлаллари берилади, - деди ҳокимлик мутасаддиси.

Бухоро вилояти ҳокимлигининг қурилиш ва ободонлаштириш ишлари бўйича мутасаддиси ҳам Озодлик билан суҳбатда уйи вайрон бўлган хонадон эгаларига давлат тарафидан ёрдамлар берилишини ваъда қилди.

- Шифер сўраб келса бериб юборилавермайдику. Ҳар бир уй инспекция қилинади, кўрилган зарар ҳисоб-китоб қилиниб, кейин берилади. Шифер керак бўлса шифер, ёғоч керак бўлса ёғоч берилади. Ҳозир кўряпсизку¸ фақат бизда эмас, Сирдарёда ҳам офат бўлди, бир томонда коронавирус бўлиб ётибди. Бу ерда шамол уйларни томини учирган бўлса, у ёқда бундан ҳам даҳшатли бўлди, уйларни сув босиб кетди, сабрли бўлиш керак, берилади, - деди ҳокимлик расмийси.

Тадбиркорлар ҳам ҳомийликка жалб этилди

Айни пайтда Бухоронинг Олот ва Қоракўл туманларида тадбиркорлар ҳам уйлари вайрон бўлган аҳолига ёрдам беришга ҳомийлик қилишга жалб қилинган.

Олот туманидаги мебель дўконининг эгаси бўлган тадбиркорлардан бири Озодликка ¸ маъмурий босим остида бўлаëтган бундай ҳомийликдан силласи қуриганини айтади :

- Туман ҳокимлигида душанба куни мажлис ўтказилиб, ҳар биттанг икки-уч объектни тиклашга кўмаклашасизлар, деди. Аввал коронавирус дейишди, "Саховат ва кўмак" дейишди. Энди мана бу ташвиш бошимизга тушди.

Бундан олдин Ўзбекистонда коронавирус карантини шароитида ойлик маош ва даромадларидан маҳрум бўлган аҳолига ёрдам бериш ҳам тадбиркорлар зиммасига юклатилган эди.

27 апрель куни кучли шамол биргина Бухоро вилоятининг ўзида ўттиз мингдан ортиқ объектга зиён етказди.

Аҳоли уйларидан тортиб умумтаълим мактаблари, боғчалар, кўп қаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, савдо дўконлари, маъмурий бинолар, маданий мерос ва спорт объектлари вайрон бўлди.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини шахсан кўздан кечириш учун 28 апрель куни Қоракўл ва Олот туманларига борди.

Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини шахсан кўздан кечирган.
Шавкат Мирзиёев табиий офат оқибатларини шахсан кўздан кечирган.

Мирзиёев табиий офат оқибатларини бартараф этишга қаратилган зарур чора-тадбирларни белгилаган, мутасаддиларга офатдан азият кўрган аҳолига ёрдам бериш бўйича топшириқлар берганди.

Ўзбекистон раҳбари Бухорода табиий офат оқибатларини бартараф этиш ҳақидаги фармонни ҳам имзолаганди.

"Бухоро вилоятида юз берган табиий офат оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида" деб номланувчи фармонда офат оқибатларини бартараф этиш ишларига давлат бюджетидан 100 миллиард сўм ажратиш белгиланган.

Фармоннинг бажарилиши Бухорода кейинги йилларда қурилган янги объектларнинг бош масъули - бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов зиммасига юклатилди.

XS
SM
MD
LG