Линклар

Шошилинч хабар
05 ноябр 2024, Тошкент вақти: 21:38

Поездлар вагон кузатувчилари ер усти метроси қурилишига сафарбар қилинди


"Ўзбекистон темир йўллари" вагон кузатувчилари ер усти метросининг Қўйлиқ ҳудудидаги курилишида ишламоқда.
"Ўзбекистон темир йўллари" вагон кузатувчилари ер усти метросининг Қўйлиқ ҳудудидаги курилишида ишламоқда.

"Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамияти вагон кузатувчилари Тошкентдаги ер усти метроси қурилишига сафарбар этилди.

Бу ҳақда Озодликка шикоят қилган вагон кузатувчиларининг айтишича, улар поездда туну-кун ишлаб, сменани топширганларидан сўнг деподан тўғри автобусларда ер усти метросининг Қўйлиқ қисмидаги қурилиш ишларига мажбурлаб олиб кетилмоқда.

Тошкентнинг саккизта туманидан ўтувчи 52 километрли янги ер усти метроси қурилишини "Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамияти амалга оширмоқда.

Жамият масъулларидан бири Озодликка ишчилар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ амалга ошираётган қурилиш ишларига кўнгилли равишда жўнатилаётганини айтди.

Ўз хавфсизлигидан чўчиб Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган вагон кузатувчиларига кўра, улар ишдан ҳайдалиш ҳақидаги таҳдидлар Тошкентдаги ер усти метроси қурилишида ўз касбий фаолиятига боғлиқ бўлмаган ишларни қилишга мажбурланмоқда.

Вагон кузатувчиларидан бири жумладан бундай деди:

Қурилишда ишлаб бўлганимиздан сўнг, кечаси келиб яна поездга чиқиб проводниклик қиляпмиз.

- Поездда туну-кун йўловчилар хизматини қиламиз, туалет артамиз, чойини дамлаймиз, баъзида ухламаймиз. Мана ўн кун бўлди бизни эрталаб сменани топширганимиздан сўнг Деподан бизни автобусларга солиб янги қурилаётоан ер усти метросининг Қўйлиқдаги қурилишига олиб кетишяпти. У ерда ғишт ташиймиз, бетон қорамиз. Овқат берилади, лекин бу иш учун маошимизга пул қўшилмайди, деб айтишди. Қурилишда ишлаб бўлганимиздан сўнг, кечаси келиб яна поездга чиқиб проводниклик қиляпмиз, - дейди исми сир қолишини истаган тошкентлик вагон кузатувчиси.

Озодлик суҳбатлашган бошқа вагон кузатувчисининг айтишича, қурилишга фақат маҳаллий йўналишлардаги поездларда хизмат қилувчи проводниклар жалб этилмоқда.

- Фақат маҳаллий йўналишдагилар. "Афросиёб" поезди проводникларику оқ суяклар, уларга умуман тегилмайди. Москва ва бошқа чет давлат шаҳарларига қатновчи поездлар проводникларига ҳам тегилмаяпти. Фақат биз қора ишчи бўлиб қолдик. Бошлиғимизга ҳар куни 20 кишини чиқарасан, деб тепадан буйруқ келган, уни ҳам тушиниш мумкин, буйруқни бажариши керак, - дейди вагон кузатувчиси.

Вагон кузатувчилари метро қурилишида қачонгача ишлатилиши ҳақида айтилмаган.

- Метро қурилиб битмагунича бу нарса тугамаса керак. 1 миллион 600 минг сўм ойлик берганидан сўнг, нима деса шуни бажаришга мажбурмиз, - дейди тошкентлик вагон кузатувчиси.

Режага мувофиқ, ер усти метроси 2020 йил оҳиригача қуриб топширилиши керак.

Вагон кузатувчиларининг шикояти юзасидан "Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамиятидан ҳам уни устидан қарайдиган "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ матбуот хизматидан ҳам изоҳ олишнинг имкони бўлмади.

Тошкендаги 52 километрли янги ер усти метроси қурилиши ўтган йили бошланган эди.

Қурилиш лойиҳасини "Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамияти амалга оширмоқда.

"Ўзтемирйўловчиташиш” очиқ акциядорлик жамияти "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ тасарруфидаги ташкилотдир.

Жамият масъул ходимларидан бири Озодликка ишчилар "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ амалга ошираётган қурилиш ишларига кўнгилли равишда жўнатилаётганини айтди.

- Ҳеч ким ҳеч кимни мажбурлаётгани йўқ. Ўша ерда қурувчиларга ёрдам бериляпти, мени ўзим ҳам ишдан бўш вақтда бориб, ҳашар қилиб келяпман, кўнгилли бўляпти, - деди "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ масъул ходимларидан бири.

"Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ишонч хизмати ходими вагон кузатувчиларидан меҳнатга мажбурланаётганликлари ҳақида шикоят тушмаганини айтди.

- Проводникларни шикояти бўлса бизга мурожаат қилишсин, биз уларни шикоятини раҳбариятга етказамиз, - деди "Ўзбекистон темир йўллари" АЖ Ишонч хизмати ходими.

Бундан олдин Озодлик "Ўзбекистон Темир йўллари" акциядорлик жамиятига қарашли "Тошкент механика заводи" (собиқ Чкалов номидаги Тошкент авиация ишлаб чиқариш бирлашмаси) ишчиларининг ер усти метроси қурилишларига сафарбар этилгани ҳақида хабар берган эди.

Ўзбекистонда давлат ишчиларининг ўз вазифалари қолиб қишлоқ хўжалик ва ободонлаштириш ишларига жалб қилиниши одатий хол.

Ўзбекистонда "Обод маҳалла", "Обод қишлоқ", "Обод туман" ҳукумат дастурларини амалга ошириш ва иншоотлар қуриш учун бюджет ташкилотлари ходимлари жалб этилгани илгари ҳам кузатилган.

Гарчи Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси 2018 йилнинг 10 майида “Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнатга барҳам беришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 349-сонли қарорни қабул қилган эса-да, бюджет ташкилотлари ходимлари мажбурий меҳнатга жалб этилаётгани борасида Озодликка тез-тез шикоят хатлари келишда давом этмоқда.

XS
SM
MD
LG