Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:33

Оиладаги зўравонликка қарамай¸ эри билан яраштириб келинган аёл калтакланишдан ўлди


Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёлларнинг шикояти кўп ҳолларда маҳалладан нарига ўтмайди.
Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёлларнинг шикояти кўп ҳолларда маҳалладан нарига ўтмайди.

Сурхондарёда оиласидаги зўравонликларга қарамай маҳалла оқсоқоллари ва Хотин-қизлар қўмитаси босими остида эри билан мунтазам яраштириб келинган аёл калтакланиш оқибатида олган оғир жароҳатлардан касалхонада вафот этди.

Қариндошларининг Озодликка айтишича, эри маст ҳолатида аëлни темир билан танаси ва бошига ваҳшийларча урган.

Сурхондарё вилояти прокуратураси Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 104-моддаси Қасддан баданга оғир шикаст етказиш​ бўйича жиноят иши қўзғатилгани ва тергов бораëтганини билдирди.

Хотинини уриб ўлдирганликда гумонланаётган эр ҳибсга олинган. Оиланинг 5 ва 9 яшар фарзандлари марҳуманинг оиласи қарамоғида қолмоқда. Марҳума яқинлари аëлни уриб ўлдирган эркакка қўйилган айбдан норози эканини айтмоқда.

Шу йилнинг 9 июнь куни Сурхондарё вилоятининг Олтинсой тумани Ботош маҳалласида икки фарзанднинг онаси бўлган 32 яшар Мақсуда Алимардонова бош суягининг бир неча жойидан синиши ва танасидаги бошқа бир қанча гематомалар билан туман касалхонасининг шошилинч тиббий бўлимига ётқизилди.

Бир кун ўтиб аёл олган жароҳатидан ҳаётдан кўз юмди.

Бу ҳақда аёлнинг қариндошлари 11 июль куни Озодликка маълум қилди.

Улар аёлнинг аъзойи-бадани моматалоқ бўлиб касалхонада ётган суратини ҳам таҳририятга тақдим этишди.

Эри калтаклаган аёл касалхонада ўлди.
Эри калтаклаган аёл касалхонада ўлди.

Марҳуманинг онаси Зиёда Мелиқулованинг иддао қилишича, куёви Р.Ж ( айбсизлик презумпцияси туфайли исм ошкор қилинмаётир-таҳр.) маст ҳолатда қизи Мақсудани ўласи қилиб калтаклаб, арматура билан бош суягини синдириб ташлаган.

- Касалхонага ётқизилганида кўргани борсак таниб бўлмайдиган ҳолатда ётибди. 10 июнга ўтиб ҳушига келмасидан қизим жон берди. Мана бир ойдан ошди, милиция ёки прокуратурадан бошқа ҳеч ким сўраб ҳам келгани ҳам йўқ, - дейди Мелиқулова.

Сурхондарё вилояти прокуратурасининг Озодлик боғланган мулозими воқеа юзасидан Жиноят Кодексининг 104-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов қилинааётган, хотинини калтаклаганликда гумонланаётган 37 ёшли Р.Ж қамоққа олинганини билдирди.

Зиёда Мелиқулова қизининг эри томонидан муттасил калтаклаб¸ хўрлаб келинганини айтади.

– Ўн йиллик турмуши давомида эри билан 38 марта жанжал бўлди. Ҳар сафар эридан калтак еб келганида яраштириш комиссияси, сектор, аёллар қўмитаси ва маҳалла ўртага тушиб яраштиришди. Охири мана бундай бўлди, - дейди Мелиқулова.

Озодликка гапирган марҳуманинг қўшнилари ҳам аёлнинг 37 ёшли эри ичкиликка муккасидан кетгани, ҳар гал ичиб келса оилада жанжал чиқариб хотинини калтаклаб, муттасил руҳий ва жисмоний азоб бериб келганини айтди.

- Ўлимидан уч кун олдин ҳам маст бўлиб келиб урган, бўғиб, қўлини синдирган, - дейди яқин қўшниларидан бири.

Маҳалла раиси Шуҳрат Хуррамов эса 2017 йил ноябрь ойида эр-хотин жанжаллашганда ўзи ва бошқа мулозимлар орага тушиб уларни яраштиргани ва ўшандан буён аёл эри калтаклаши ҳақида шикоят қилмаганини айтди.

- Охирги марта уришиб келганида икки фарзандининг биттаси отасининг ёнига келган. Шундай бўлганидан¸ кейин келинимиз фарзандини ўйладими, булар қўшилишди. Хотин -қизлар қўмитаси ҳам аралашиб буларни яраштириб қўйди. Ўшандан буён аёл эридан шикоят қилмаган эди. Буларнинг мен қўшниси ҳам бўламан-да, телефон номеримни ҳам бериб қўйганман уларга, хабар бериб турасиз деб, лекин шикоят қилмаган. Кўз-кўзга тушганида ҳам “раис бува эримнинг муносабати яна ўзгарди”, деб айтмаган. Агар хабар берса¸ бунақа бўлмас эди, - дейди Хуррамов.

Олтинкўл тумани касалхонасида ҳамшира бўлиб ишлаган Мақсуда Алимардонованинг ўн йиллик турмушидан 9 ва 5 ёшли икки фарзанди қолди.

Зиёда Мелиқулова қизидан қолган набираларини қарамоғига олган.

Болаларнинг отасига қўйилаётган айблов исботини топса у 3 йилдан 5 йилгача бўлган муддатга қамалиши мумкин.

Мақсуда Алимардонованинг акаси Зафар Алимардонов ўз синглисининг ўлимига сабабчи бўлган куёвига Жиноят кодексининг 104-моддаси қўйилаётганидан норози эканини айтади.

- 104 модда - Қасддан баданга оғир шикаст етказиш. Бу ерда ваҳший қотиллик бўлаяпти, қасддан қилинган қотиллик ва бу иш Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича тергов қилиниши керак, - дейди Зафар Алимардонов.

Ўзбекистонда оилада зўравонликка учраган аёллар шикояти кўп ҳолларда маҳалла қўмитасидан нарига ўтмайди.

Эр-хотинларга ажралиш учун судга ариза топширишдан аввал маҳалла қўмитасидан рухсат олиш шарт қилиб қўйилган.

Зўравонликдан тўйиб¸ ажрашишга қарор қилган аëллар эса маҳалла оқсоқоллари ва Хотин-қизлар қўмитаси ходимларининг “сабрли бўлиш¸ эр ва қайнонага итоат қилиб яшаш керак”, "эр-хотиннинг уруши, дока рўмолнинг қуриши", деган насиҳатлари билан аҳдидан қайтарилади.

Ички ишлар бўлимлари ҳам эридан калтак еган аёлларнинг шикоятларини камдан-кам ҳолатда регистрация қилади ëки кўриб чиқади.

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда аёлларни оиладаги зўравонликдан ҳимояловчи қонуний механизмлар йўқлигини танқид қилиб келади.

Жаҳон банкининг "Аёллар, бизнес ва қонунлар - 2016" деб номланган ҳисоботида Ўзбекистон оиладаги зўравонликни тақиқловчи қонунлар йўқ бўлган 46 давлатнинг бири экани айтилади.

XS
SM
MD
LG