Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:18

Самарқанддаги битта туғруқхонада бир кунда бешта чақалоқ ўлди; оналарга бегона жасадлар берилди


Бу - иллюстратив сурат. Унинг Самарқанд туғруқхонасида ўлган чақалоқларга алоқаси йўқ.
Бу - иллюстратив сурат. Унинг Самарқанд туғруқхонасида ўлган чақалоқларга алоқаси йўқ.

Самарқанд шаҳридаги вилоят Перинатал маркази​да 2019 йил 28 февраль кунидан 1 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида 5 нафар чақалоқ ўлди.

Ўлган чақалоқлардан бири жасади 28 февраль куни мазкур марказда кўзи ëриган 21 яшар Гулжаҳон Каримовага берилди.

Каримова яқинларининг Озодликка айтишича¸ ДНК анализи ўтказилганда¸ чақалоқнинг биологик ота-онаси умуман бошқа одамлар экани аниқланган.

Озодликка бу маълумотни тасдиқлаган Ўзбекистон Бош прокуратураси Самарқанддаги чақалоқларнинг сирли ўлимини "ниҳоятда жиддий воқеа" деб атади ва уни махсус тергов гуруҳи ўрганаëтгани¸ ишнинг Бош прокуратура назоратига олинганини билдирди.

Қиз туққан онага ўғил чақалоқ жасади берилди

Самарқандлик 21 яшар Гулжаҳон Каримова 28 февраль куни эрталаб вилоят Перинатал марказида туққан ва доялар унга қиз фарзандлик бўлганини айтган.

Ëш онанинг қувончи узоққа чўзилмаган - ўша куни кечқурун шифокорлар чақалоғи ўлганини айтиб, ўғил бола мурдасини берган.

Қиз туғилди деб ўғил бола жасадини бериш Гулжаҳон Каримова ва яқинларида ўлган чақалоқнинг ўз фарзанди эканига нисбатан шубҳа уйғотган. Улар чақалоқни кўммай туриб¸ жасаднинг ДНК анализидан ўтказилишини сўраб Самарқанд шаҳар ИИБсига мурожаат қилган.

Х.Сулаймонова номидаги Республика суд экспертиза марказининг ДНК лабораторияси бу шубҳани тасдиқлаган - чақалоқ бошқаники бўлиб чиққан.

Руҳий зарбадан ҳалигача ўзига келолмаëтган Гулжаҳон ҳикоясини Озодликка унинг онаси Гуландом Каримова гапириб берди.

- Кўмиш учун жасадни юваётганимизда ўғил бола эканини кўриб қолдик ва дарров роддомга олиб бориб, "қиз деб ёзиб берибсизлар, бола ўғилку", десак "ўғил деб ёзиб берамиз, яна қанақа муаммо" дейишаяпти. Кейин ДНК анализи қилишга бердик. Бола икки кун экспертизада қолди. Кейин кўмдик. Тўрт ой ўтиб анализ натижалари чиқаяпти, бола 100 фоиз бизники эмас экан. Бировнинг боласини кўмибмиз, - дейди Каримова.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:28 0:00
Бевосита линк

Суҳбатдош¸ боланинг туғруқхонада атайлаб алмаштириб юборилган бўлиши ва бундай шубҳага боришга асослар кўплигини айтади:

- Булар ё боламизни атайлиб ўлик болага алмаштириб, кимгадир бериб юборган¸ ёки ўлик болалар алмашиб кетган. Чунки туғруқхона врачлари ўша куни бешта бола ўлик туғилганини айтишди. Агар бола бировга бериб юборилган бўлсаку¸ берди худо, лекин агар роддомдагилар болани бошқа ўлик болалар билан алмаштириб юборган бўлса¸ энди болани қайси қабрдан топаман, - деб йиғлайди 18 июнь куни Озодликка мурожаат қилган Гуландом Каримова.

Ўзбекистон Бош прокуратураси Озодликка Каримовалар айтган маълумотлар тўғрилигини тасдиқлади.

Матбуот хизматининг билдиришича¸ мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 124-моддаси - Болани алмаштириб қўйиш бўйича жиноят иши қўзғатилган.​

"Терговга қадар текшириш ҳаракатлари давомида, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги Республика Суд Экспертиза марказига экспертиза тайинланиб, 31.05.2019 йилдаги хулосасида вафот этган чақалоқ мурдасидан олинган намуналар фуқаро Ф.М ва Г.К.ларнинг фарзандидан келиб чиқмаганлиги, фуқаролар Ф.М. ва Г.К.ларнинг вафот этган чақалоқга нисбатан биологик ота-оналиги тасдиқланмаслиги кўрсатилган.

Мазкур тўпланган ҳужжатлар бўйича Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги ТБ томонидан 06.06.2019 йилда ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 124-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган", - дейилади Ўзбекистон Бош прокуратураси билдирувида.

Бир кунда битта туғруқхонада бешта бола ўлди!

Бош прокуратура Матбуот хизматининг билдиришича¸ Самарқанд вилоят Перинатал Марказида жорий йилнинг 27 февраль соат 08:00 дан 2019 йил 1 март куни соат 08:00 га қадар бўлган вақт мобайнида 36 нафар аëл туққан, 37 нафар чақалоқ туғилган.

"Ушбу чақалоқлардан 2019 йил 28 февраль кунидан 1 март кунига қадар бўлган вақт оралиғида 5 нафар чақалоқлар турли ташхислар билан вафот этганлиги қайд этилган"¸ дейилади расмий маълумотда.

Бир туғруқхонада бир кунда беш чақалоқнинг айнан нима сабабдан ўлгани ҳозирча аниқланмаган.

Ўзбекистон Бош прокуратураси 6 июнь куни мазкур ҳолат юзасидан тергов гуруҳи тузилгани ва бу саволларга аниқлик киритилишини маълум қилди.

"Бундай ниҳоятда жиддий ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилади. Бош прокуратура бу ҳолатни алоҳида назоратга олди", - дейилади Бош прокуратура билдирувида.

Озодлик мазкур болалар ўлими ва чақалоқлар алмашиб кетгани юзасидан изоҳ олиш учун Самарқанд шаҳридаги 4-туғруқ маркази маъмурияти билан боғланди.

Ўзини навбатчи деб таништирган ходим бош врач йўқлигини айтиб, бу ҳақда изоҳ бера олмаслигини айтиш билан чекланди.

Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бўлими матбуот хизмати вакили воқеадан умуман хабарсиз эканини айтди.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг болалар ўлими бўйича сўнгги ҳисоботига кўра¸ 2017 йили Ўзбекистонда тирик туғилган ҳар 1000 чақалоқдан 20 таси нобуд бўлган.

Бу эса¸ Ўзбекистонда тирик туғилган ҳар 50 чақалоқнинг биттаси ўлаëтганини англатади. Самарқанд вилоят туғруқхонасида 37 чақалоқдан бештасининг бир кунда ўлгани¸ бу нисбатнинг ҳар етти боладан биттаси ўлганини кўрсатади. Бу эса¸ Ўзбекистондаги ўртача кўрсаткичдан қарийб беш бараварга кўпдир.

Ўтган ой Янгийўл тумани прокуратураси бола ўлик туғилди деб расмийлаштирилган чақалоқ 100 долларга сотилганини аниқлаган эди.

Бош прокуратура матбуот хизматига кўра, Янгийўлда мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Шу йилнинг феврал ойида Урганч шаҳри туғруқхонасида янги туғилган чақалоқни ўз танишига 200 долларга сотаётган ҳамшира қўлга олинган эди.

Ўзбекистон Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси ҳисоботига кўра, 2010-2018 йилларда юздан зиёд янги туғилган гўдак одам савдоси қурбонига айланган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йил 7 февраль куни Соғлиқни сақлаш тизимидаги муаммолар ва соҳанинг ривожланиш истиқболларига бағишланган видеоселектор йиғилишида "Энг катта порахўрлик туғуруқхоналарда” эканини айтиб, “Бу порахўрликни тугатиш шарт. Туғуруқхоналарда бу муҳитни йўқ қилмасак, улар порахўрликни ҳаёт нормаси деб қабул қила бошлашди. Албатта, туғдирганга пул бериш керак… Қаерда бу ёзилган? Ҳеч қаерда ёзилмаган. Ҳамма норози", деган эди.

XS
SM
MD
LG