Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:58

Қозоғистоннинг бир қоп уни 200 000 сўмдан ошди, маҳаллий унга эса навбатлар кўпайди


Андижоннинг Асака туманида аҳоли карантинга қарамай маҳаллий унга навбатда турмоқда.
Андижоннинг Асака туманида аҳоли карантинга қарамай маҳаллий унга навбатда турмоқда.

Ўзбекистон ҳукуматининг мамлакатда озиқ-овқат захиралари етарли экани, карантин даврида нарх-наво оширилишига йўл қўйилмаслиги, нархларни оширганлар маъмурий¸ ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги огоҳлантирувларига қарамай¸ аҳоли энг кўп истеъмол қиладиган уннинг нархи сўнгги уч кун ичида кескин ошиб кетди.

Бир ҳафта аввал бир қопи 170-180 минг сўмдан сотилган Қозоғистон уни нархи 200 минг сўмдан тепага кўтарилди.

Нархи четдан келувчи қозоқ унидан деярли тенг яримга арзон бўлган маҳаллий ун эса дўконларда тақчиллашган.

Ижтимоий тармоқларда карантинга қарамай баъзи дўконлар олдида арзон маҳаллий унга навбатлар пайдо бўлгани акс этган суратларни кўриш мумкин.

Расмийлар эса аҳолини "ун васвасасига учмай" карантин қоидаларига риоя қилишга чақирмоқда.

Андижон, Фарғона, Жиззах ва Сурхондарё вилоятларининг йирик деҳқон бозорлари ва маҳаллалардаги озиқ-овқат дўконлари олдида одамларнинг маҳаллий унга узундан - узун навбати акс этган суратлар ижтимоий тармоқларда ёйинланди.

Озодлик билан суҳбатда бўлган аҳоли вакиллари озиқ-овқат дўконларига чекланган миқдорда олиб келинаётган маҳаллий ун чайқовчилар қўлига ўтиб кетаётганини айтишади.

Андижон вилоят, Асака туман, Неъматобод маҳалласида яшовчи аҳоли вакилларидан бири - аёлнинг Озодликка айтишича, 15 апрель куни 5 минг одам истиқомат қилувчи маҳаллага 30 қоп ун олиб келинган:

- Шу ўттиз қоп унни ҳам уддабурронлар бир одамнинг уйига тушириб, яширишди. Қўлма-қилиб эркин нархда сотишяпти. Камдаромад аҳоли, қариялар, кўп болалилар унсиз қолди. Ҳеч ким буни назорат қилаётгани йўқ.

Андижоннинг Асака туманида унга навбат.
Андижоннинг Асака туманида унга навбат.

Сурхондарёнинг Шўрчи туманида ҳам маҳаллий унга навбатлар кўпайди.

- Ун дўконларда тез тугаб қоляпти. Саноқли одамларга сотилиб, қолганини чайқовчилар қимматга қопини 160-200 минг сўмдан пуллаяпти. Буларнинг изини текширувчилар борми?. Ўзимизда ун заводи бўлатуриб, бир халта ун ололмасак, - деди шўрчилик кекса.

Сурхондарё вилоят, Ангор туманидан OzodMikrofonга қўнғироқ қилган Эркин Гаппаров ҳам, карантин бошланганидан бери савдо дўконларидан Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган унни топиш имконсиз бўлиб қолганидан арз қилди.

“Оғзини тўлдириб “ун танқис бўлмайди” деган раҳбарлар, ун қани!”
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:04:28 0:00
Бевосита линк


Ўзбекистон пойтахти Тошкентдаги дўконларда ун танқислиги сезилмайди. Лекин, сўнгги уч кунда қозоқ унининг нархи пойтахтда ҳам ошди.

- Асосан қозоқ уни олишлари боис маҳаллий унга эхтиёж йўқ. Тошкентда. Бир қоп қозоқ уни 200 минг атрофида бўляпти, - деди Тошкентнинг Фарҳод бозорида савдо қилувчи тадбиркор.

Вилоятлардаги озиқ-овқат дўкони ходимлари эса мамлакат бўйлаб транспорт воситаларининг ҳаракатланишига 30 мартдан қўйилган чекловлар сабаб етарли миқдорда ун олиб келинмаётганини айтишди.

- 30 мартдан кейин маҳсулот келиши камайди. Ҳозир асосан аввалдан қолган нарсалар сотиляпти. Ун, ёғ келиши камайди. Келгани шу куни сотиляпти. Шунга навбатлар кўп, - деди Андижон шаҳрининг Деҳқон бозоридаги озиқ-овқат дўкони сотувчиси.

Аммо, Ўзбекистонда озиқ-овқат ортилган юк машиналарининг қатновига чеклов қўйилмаган. Улар назорат-ўтиш масканларида дезинфекция қилинганидан сўнг бошқа вилоят ва шаҳарларга киритилмоқда.

Озодлик маҳаллий ун тақчиллашгани ҳақидаги хабарларга изоҳ олиш учун "Ўздонмаҳсулот" ҳиссадорлик жамияти матбуот хизмати раҳбари Дилнавоз Аслановага боғланди.

Асланова раҳбарияти билан масалани обдон ўрганиб, бу ҳақда матбуотга изоҳ беришини айтди.

- Ҳозир уйдан ишлаяпимиз. Мен бу масалани бошлиқлар билан ўрганиб, бу ҳақда кейинроқ изоҳ бераман, - деди Асланова.

Асака туманининг Неъматобод маҳалласида маҳаллий унга навбат.
Асака туманининг Неъматобод маҳалласида маҳаллий унга навбат.

Кунгабоқар ёғи ва гўшт ҳам қимматлади

Ўзбекистонда бошқа энг муҳим озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ҳам кўтарилди.

Бир ҳафта аввал 50 минг сўм бўлган мол гўшти нархи 65 минг сўмга етган. Хорижий кунгабоқар ёғининг бир литри 10 минг сўмдан 15 минг сўмга ошган.

Озодлик билан суҳбатда бўлган тадбиркорлар нархлар ошишига коронавирусга қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар туфайли импорт қисқаргани, Ўзбекистон ички валюта бозорида сўмнинг қадрсизланганини сабаб сифатида келтиришди.

- Асосан четдан келтириладиган кунгабоқар ёғи, қозоқ уни ошди. Ҳозир доллар 10 минг сўмдан тепада. Четдан олиб келинадиган маҳсулотларга долларда ҳисоб-китоб қилинади. Шунинг фонида гўшт ҳам ошди, бу табиий. Нарх-наво яна ошади, дейишяпти. Шунга одамлар шу маҳсулотларни ғамлашяпти, - дейди андижонлик тадбиркор.

Ўзбекистон Марказий банки маълумотига кўра, сўмнинг АҚШ долларига нисбатан алмашув курси ой бошига нисбатан 5,5 фоизга ошиб, 15 апрель куни 10 121 сўмни ташкил этди.

Банк 15 апрель куни ўтказган онлайн брифингда миллий валюта алмашув курсига таъсир кўрсатган омиллар экспорт тушумлари ҳажмининг камайиши (март ойида февралга нисбатан 10 фоизга); трансчегаравий пул ўтказмаларида ҳам пасайиш тенденциясининг кузатилиши; асосий савдо ҳамкорлар ҳисобланган қўшни давлатлар ва Россияда миллий валюта курсларининг сезиларли даражада қадрсизланиши экани айтилди.

Айни пайтда ҳукумат расмийлари аҳолини "ҳар-хил васвасаларга учмай карантин қоидаларига риоя қилишга" чақирмоқда.

Ўзбекистон Давлат Солиқ қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими мамлакатда озиқ-овқат за[иралари етарли экани, одамлар ўз соғлигини хавф-ҳатарга қўймаслиги кераклигини айтди.

- Олдин картошка деб одамлар коронавирус хавфига қарамай тумонат орасига киришди. Энди ун васвасаси. Ҳар ким етарлисини олиб, уйда ўтирса, ўзини хавфга қўймаса яхши бўлар эди, - Давлат Солиқ қўмитасининг Озодлик суҳбатлашган мулозими.

Ўтган ой оҳирида Ўзбекистоннинг баъзи бозорларида картошканинг килоси қисқа вақт ичида 3 минг сўмдан 9 минг сўмга кўтарилиб, ур-йиқитга сабаб бўлганди.

Ҳозир эса бозорларда картошка 4-5 минг сўмдан сотилмоқда.

Озодлик коронавирус пандемиясининг Ўзбекистонга кириб келиши ортидан маҳаллий бозорларда юзага чиққан вазиятни кузатишда давом этади. Озиқ-овқат савдоси¸ таъминоти билан билан шуғулланувчи тадбиркор¸ хусусан¸ жорий вазиятда нархлар ошиш жараëнни назорат қилишга масъул ишчи гуруҳга алоқадор бўлсангиз¸ вазиятга оид факт ва маълумотларни Озодлик орқали жамоатчилик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг учун Озодликнинг Telegramдаги @ozodnews каналига хабар юборинг.

XS
SM
MD
LG