Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:24

“Бухоро” футбол жамоаси раҳбарияти ўзини коррупцияда айблаган фан клубини тарқатиб юборди


30 июн куни "Бухоро" жамоаси ўз майдонида Қашқадарёнинг "Насаф" клубига 2-1 ҳисобида ютқизиб қўйганидан сўнг, фан клуб аъзолари ўз жамоаси раҳбариятини коррупцияда айблаб, клуб базасида норозилик тадбири уюштирган ва раҳбарият истеъфосини талаб қилган эди.
30 июн куни "Бухоро" жамоаси ўз майдонида Қашқадарёнинг "Насаф" клубига 2-1 ҳисобида ютқизиб қўйганидан сўнг, фан клуб аъзолари ўз жамоаси раҳбариятини коррупцияда айблаб, клуб базасида норозилик тадбири уюштирган ва раҳбарият истеъфосини талаб қилган эди.

16 июнь куни "Бухоро" жамоаси ўз майдонида Тошкентнинг "Пахтакор" клубига 0-5 ҳисобида ютқизиб қўйганидан сўнг, фан клуб аъзолари жамоа раҳбариятини коррупцияда айблаб, клуб базасида норозилик тадбири уюштирган ва раҳбарият истеъфосини талаб қилган.

Бу зиддият ортидан клуб раҳбарияти мухлисларни жамоа базасида жанжал кўтарди, деган иддао билан Ички ишлар бўлимига арз қилган ва фан клубни тарқатиб юборган.

Бу ҳақда Озодликка “Бухоро” фан клубининг исми очиқланмаслигини истаган аъзоси 9 июль куни хабар қилди.

Озодлик суҳбатлашган бу фаол норозилик тадбири ортидан фан клуб аъзоларидан бир нечтасининг вилоят Ички ишлар бошқармасига олиб кетилгани ва босимларнинг ҳозирга қадар давом этаëтганини билдирди.

Айтилишича¸ ИИБда соатлаб сўроқ қилинган бу фаол мухлислар клуб раҳбариятига нисбатан коррупция айбловлари битилган Telegram каналини терговчи гувоҳлигида ўчириб ташлашга мажбурланган.

- Клуб базасида ўша куни норозилик қилдик. Клуб раҳбарлари жамоа пулларини ўз манфаатлари йўлида ишлатиб, Бухоро жамоасига эътибор бермаётганини айтдик, Telegram каналимизда ҳам шу норозилик видеоларини эълон қилиб бордик. Лекин клуб раҳбарлари бизни милицияга бериб юборди. ИИБда ҳаммамизни сўроқ қилиб, фан клубимизнинг Telegram каналини ўчиришга мажбурлашди. Қаршилик қилганларни из қолдирмайдиган қилиб дўппослашди, айрим мухлисларни подвалга олиб бориб “ақлингни киритаман” деб қўрқитишди, - деди “Бухоро” фан клубининг исми очиқланмаслигини истаган аъзоси.

Озодлик "Бухоро" футбол жамоаси фан клуби аъзоларига ИИБда таҳдидлар қилингани ҳақида Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Қувват Ярашевдан изоҳ сўради.

Ярашев бу ҳақда Озодликка изоҳ беролмаслигини айтди.

Айблар моҳияти

“Бухоро” фан клуби аъзолари жамоа раҳбариятини ўзаро таниш-билишлик асосида ҳомийлардан тушадиган маблағларни талон-торож қилишда айбламоқда.

Фан клубнинг исми очиқланмаслигини истаган аъзоларидан бири клуб раҳбарларининг деярли барчаси вилоят ҳокимию ҳуқуқ-тизимлари бошлиқларининг қариндошлари эканини маълум қилди.

- Клуб тизимида ишлайдиганларнинг деярли ҳаммаси вилоят ҳокимидан тортиб хавфсизлик тизимлари бошлиқларининг қариндошлари. Клубнинг бош ҳомийси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи ҳисобланади. Клуб раҳбари шу завод бошлиғининг қайин укаси ҳисобланади. Хавфсизлик бўйича директор лавозимига вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг жияни Тўра Барноев қўйилган ва де-факто клубни футболга алоқаси йўқ шу одам бошқараяпти. Ҳокимлик ҳам¸ ҳомийлар ҳам клубга ўз одамларини қўйиб, уни пул соғиш механизмига айлантиришган. Оқибатда Бухоро футболи барбод бўлаяпти, клуб октябрь ойидан бери ғалаба кўргани йўқ, – дейди "Бухоро" жамоаси фан клуб аъзоси.

Озодлик бухоролик футбол мухлисларнинг бундай иддаолари юзасидан “Бухоро” футбол клуби раҳбари Шуҳрат Ҳамроевга боғланди.

Ҳамроев Озодлик мухбирининг саволни эшитиши билан телефонни қўйиб қўйди. Ҳамроевнинг мобиль телефони ўчирилгани боис¸ кун давомида унга қайта боғланиб бўлмади.

Озодлик ҳомийлик маблағлари талон-торож қилинаётгани иддаолари юзасидан изоҳ олиш учун "Бухоро" клубининг бош ҳомийси Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи матбуот хизматига ҳам боғланди.

Матбуот хизмати вакили бу ҳақда кейинороқ раҳбарият изоҳ беришини ваъда қилди, лекин у билан ҳам қайта боғланиб бўлмади.

Ўзбекистонда футбол журналисти сифатида танилган Бобомурод Абдуллаев коррупция ўзбек футболидаги тизимли муаммо эканини айтади.

- Бу каби тизимли муаммолар биргина Бухорода эмас, бошқа клубларда ҳам бор. Қариндош-уруғчилик деярли ҳамма клубларга хос. Ҳомийлар ва ҳокимлар ўзларини одамларини қўйиб, клубга ажратилган пулларни бошқа мақсадларга сарфлашади. Бу ¸албатта¸ мухлисларга ёқмайди, футболчиларга ҳам ёқмайди. Натижада ютқизган фақат футбол жамоаси бўлади, – дейди Бобомурод Абдуллаев.

Айни кунларда "Бухоро" жамоаси Ўзбекистон супер лигасидаги 14 жамоа орасида 12-ўринда турибди. Клуб раҳбарияти ўзгаргунга қадар¸ суперлига ўйинларини 4-ўринда тугатган бу жамоа ўз кўрсаткичини яхшиламаса¸ биринчи лигага тушиб қолиши мумкин.

XS
SM
MD
LG