Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:48

Бухоролик тадбиркор ҳокимни шартномага амал қилмаганликда айбламоқда


Маданий мерос объекти бўлган эски бир қаватли бино ҳусусий ширкатга асл қиёфасини сақлаган холда реконструкция қилиш учун берилган.
Маданий мерос объекти бўлган эски бир қаватли бино ҳусусий ширкатга асл қиёфасини сақлаган холда реконструкция қилиш учун берилган.

Тадбиркор Фарруҳ Кенжаев Бухоро шаҳар ҳокимлигини хорижий сармоя эвазига реконструкция қилишни бошлаган меҳмонхона биносининг катта қисмини тортиб олганликда айбламоқда.

Бухоро шаҳар ҳокими Каримжон Камолов Озодлик билан суҳбатда ​бино давлат тасарруфидаги объект эканини айтиб, унинг бир қисми боқувчиси йўқ, кам таъминланган аҳолига вақтинча турар жой қилиб берилиши, қолган қисми ҳусусий ширкатга меҳмонхона қилиш учун қолдирилишини айтди.

“Бухоро Лола Сервис” масъулияти чекланган жамият раҳбари Кенжаевнинг 3 сентябрь куни Озодликка айтишича, у шу йил бошида шаҳар марказидаги 25 минг квадрат метр майдонга эга маданий мерос объекти бўлган эски бир қаватли бинони асл қиёфасини сақлаган холда реконструкция қилиш ва “Миллий уй меҳмонхонаси”га айлантириш учун шаҳар ҳокимлигидан рухсат олган.

Бухоро ҳокимлиги тасдиқлаган кафолат хати.
Бухоро ҳокимлиги тасдиқлаган кафолат хати.

Реконструкция ишлари бошлангач, шаҳар ҳокими “Бухоро Лола Сервис” масъулияти чекланган жамиятга шартнома асосида ижарага берилган бинонинг 20 минг квадрат метрини кам таъминланган аҳолига вақтинча турар жой қилиб бериш ҳақида фармойиш чиқарган.

Бухоро ҳокимлигининг бинони кам таъминланган аҳолига вақтинча турар жой қилиб бериш ҳақида фармойиши.
Бухоро ҳокимлигининг бинони кам таъминланган аҳолига вақтинча турар жой қилиб бериш ҳақида фармойиши.

Тадбиркорнинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш учун у Бирлашган Араб Амирлигидан 600 миллион сўмлик сармоя жалб қилган.

Шу вақтга қадар бино реконструкцияси учун 400 миллион сўмга яқин маблағ сарфлаган.

Ўзбекистонда туризм ривожи учун сармоя киритган шерикларимиз "энди бир тийин ҳам сармоя киритмаймиз", дейишяпти. Ҳокимни қарори деб сармоядорлар ҳам қочиб кетяпти,

- Йилига 3600 кишини қабул қилиш қувватига эга меҳмонхона бўлиши керак эди. Ҳозир энди Бухоро шаҳар хокими янги фармойиш чиқариб, меҳмонхонамизнинг чап томонидаги 20 минг квадрат метр майдонлик қисмини эгаллаб оляпти. Бу биринчи навбатда хорижлик шерикларимизнинг хафсаласини пир қилди. Ўзбекистонда туризм ривожи учун сармоя киритган шерикларимиз "энди бир тийин ҳам сармоя киритмаймиз", дейишяпти. Ҳокимнинг қарори деб сармоядорлар ҳам қочиб кетяпти, - деди Фарруҳ Кенжаев.

Миллий Уй меҳмонхонаси ташкил этиш учун ижарага берилган объект тадбиркор ва хорижий сармоядорлар маблағлари ҳисобига реконструкция қилингач, нега ҳокимликка керак бўлиб қолди?

Бухоро шаҳар ҳокими Каримжон Камолов Озодлик билан суҳбатда бу саволга шундай жавоб берди.

У киши қалбаки ҳужжатлар асосида атрофдаги ноқонуний тўртта-бешта уйга ҳам кириб олган-да. Биз ҳозир бу иморатни тартибга солиб, бир қисмини боқувчиси йўқ, кам таъминланган аҳолига вақтинча турар жой қилиб бермоқчимиз

- У кишига бу бинони ўзимиз ижарага берганмиз. Бу бино уларни ҳусусий мулки эмас, уларни эгалик қилишга ҳаққи йўқ. У давлатнинг объекти. У кишига биз арендага берганмиз холос. У киши қалбаки ҳужжатлар асосида атрофдаги ноқонуний тўртта-бешта уйга ҳам кириб олган. Биз ҳозир бу иморатни тартибга солиб, бир қисмини боқувчиси йўқ, кам таъминланган аҳолига вақтинча турар жой қилиб бермоқчимиз, қолган қисмини меҳмонхона қилаверсин, - деди ҳоким Каримжон Камолов.

“Бухоро Лола Сервис” масъулияти чекланган жамият раҳбари Фарруҳ Кенжаев эса ҳокимлик ижара шартларини бузган, дея кўрган зарарини ундириш мақсадида судга арз қилиш ниятида эканини айтди:

- Тўғри бино давлатники. Лекин, ҳокимият билан ижара шартномаси тузилган ва шу шартномага амал қилиниши керак. Шартнома номаълум муддатга тузилган. Ҳокимиятдан шу бинони миллий уй меҳмонхонасига айлантирамиз, деб рухсатнома ҳам олганмиз. Биз бизнес режамизни шу шартнома асосида тузиб, ишларни бошлаб юбордик. Етти ой ўтмасдан ҳокимлик қарорини ўзгартириб, "унақа эмас, энди бунақа" деб қарор чиқараяпти. Бу тадбиркорликка болта уришку?! Туризм ривожига, сармоя оқимига тўсқинлик қилишку?! Ҳозир биз Бухоро шаҳар судига шикоят киритяпмиз, суд орқали кўрган зараримизни ундириб оламиз, - дейди Кенжаев.

Бухоро шаҳар ҳокими Каримжон Камолов Озодлик билан суҳбатда тадбиркорнинг сармоя ётқизиб, реконструкция ишлари қилгани ҳақидаги иддаоларини рад қилди.

- Ҳеч қанақа иш қилинганини кўрмадик. Эски бино қандай бўлган бўлса шундай холида турибди, - деди Камолов.

Охирги вақтда Ўзбекистонда тадбиркорлар катта маблағ сарфлаб барпо этган бинолар бузилаётгани ёки ҳокимлик тортиб олаётгани ҳақида аҳолидан шикоятлар кўпайди.

Бунинг оқибатида тадбиркорлар катта миқдорда зиён кўрмоқда.

Шу йил бошида Урганч шаҳрида 6,5 миллиард сўм кредит олиб меҳмонхона қурган тадбиркорнинг биноси шаҳар ҳокимияти қарори билан бир кунда бузиб ташланди.

Шундан сўнг, тадбиркор ҳокимиятни судга берди. Урганч шаҳар ҳокимияти судда ютқазган эди.

Суд ҳокимликдан "Хоразм Беклари" МЧЖ фойдасига кўчмас мулкнинг бозор қиймати ва кўрилган зарар қопланиши учун 4 862 050 502 сўм миқдоридаги маблағ ундирилиши ҳақида қарор чиқарди.

Қашқадарë вилоят Яккабоғ туманида эса шу йил июл ойида тадбиркор кредитга қурган икки қаватли янги дўкони ва цехини бузишга келган туман ҳокими ўринбосарининг устига бензин сепиб¸ ëқиб юборгани ҳақида Озодлик хабар берган эди.

XS
SM
MD
LG