Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:28

Украинада икки ўзбек аскарининг жасади қолдиқлари топилди​ 


Ўзбек аскарлариники деб ишонилаётган жасад қолдиқлари ёнидан уларнинг исм-фамилиясидан тортиб қайси ҳарбий бўлимдан ҳарбий хизматга чақирилгани ҳақидаги маълумотлар жамланган медальонлар ҳам топилган.
Ўзбек аскарлариники деб ишонилаётган жасад қолдиқлари ёнидан уларнинг исм-фамилиясидан тортиб қайси ҳарбий бўлимдан ҳарбий хизматга чақирилгани ҳақидаги маълумотлар жамланган медальонлар ҳам топилган.

Украинада иккинчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлган икки ўзбек аскариники экани гумон қилинаётган жасад қолдиқлари топилди​.

Украинадаги "Заход-Сход" кўнгиллилар қидирув отряди Ровно вилояти ўрмонларида топилган жасадлар Андижон вилояти, Пахтаобод туманидан ҳарбий хизматга чақирилган ва 1941 йили урушнинг илк кунларида ҳалок бўлган ўзбекистонлик қизил аскарларга тегишли эканини аниқлаганликларини Озодликка маълум қилди.

Айни пайтда Ўзбекистондаги "Нуроний" жамғармасининг Андижон вилояти бўлими ходимлари Озодлик сўрови ортидан Украинада топилган ўзбек аскарлари жасадлари қариндошларини топишга киришди.

Шу йилнинг ноябрь ойи ўрталарида Украинанинг Ровно вилоятидаги Пустоиванне қишлоғи ўрмонларида ер ковлаётган ишчилар инсон жасади қолдиқларига дуч келган.

Ўзбек аскарлариники деб ишонилаётган жасад қолдиқлари.
Ўзбек аскарлариники деб ишонилаётган жасад қолдиқлари.

Украинадаги "Заход-Сход" қидирув отряди раҳбари Максим Хворнинг Озодликка айтишича, жасад қолдиқлари ёнидан уларнинг исм-фамилиясидан тортиб қайси ҳарбий бўлимдан ҳарбий хизматга чақирилгани ҳақидаги маълумотлар жамланган медальонлар ҳам топилган.

- Ковлаб олинган пайтда бу жасадлар Осиё ўлкаларидан экани кўриниб турган эди. Чунки бошидаги каска остида қора сочлар сақланиб қолган. Улар ҳатто бир ўчирғични иккига бўлиб, ишлатишган. Бир бўлаги бунисини чўнтагидан яна бир бўлаги унисини чўнтагидан чиқди. Медальонларини ёриб кўрсак¸ иккавлон Ўзбекистоннинг Андижон вилоятидан экани маълум бўлди. Улар Мамадалиев Туйчибой, 1915 йилда Андижон вилоятининг Пахтаобод тумани, Сталин колхозида туғилган, 1939 йилда Андижон тумани ҳарбий бўлимидан хизматга чақиртирилган. Ҳарбий унвони оддий аскар. Яна бир жасад 1919 йилда Андижоннинг Пахтаобод тумани, Уйғур қишлоғида туғилган, ҳарбий хизматга Избоскан туманидан 1940 йилда чақирилган оддий аскар Холиқов Қувонбойникидир, - дейди Максим Хвор.

1941 йил 22 июнь куни Германия қўшинлари чегарани кесиб ўтиб, совет шаҳарларини бомбалашни бошлаган ва бир ҳафта ичида Украинанинг ғарбий вилоятларини ишғол этган эди.​

Тарихчиларга кўра, Совет Иттифоқи раҳбарияти Германиянинг босқинига тайёргарлик кўрмагани сабаб урушнинг илк кунлари ўн минглаб қизил аскарлар ҳалок бўлган.

Украинадаги "Заход-Сход" қидирув отряди раҳбари Максим Хворнинг айтишича, ​ўзбек аскарларининг қолдиқлари топилган жойни Германия қўшинлари 1941 йилнинг 29 июнига қадар назоратига олган.

- Бу аскарларимиз ҳам 1941 йилнинг июнь ойи охирида немисларнинг миномёт ўқи осколкасидан ҳалок бўлганини аниқладик, уларни ёнидан белкурак ва темир сув идишдан бошқа нарса топилмади, - дейди Максим Хвор.​

Топилган жасад қолдиқлари ҳозир "Заход-Сход" қидирув отряди ихтиёрида қолмоқда.

Украиналик қидирувчилар Ровно ўрмонларидан яна олти нафар номаълум аксар қолдиқларини топганлар.
Украиналик қидирувчилар Ровно ўрмонларидан яна олти нафар номаълум аксар қолдиқларини топганлар.

Улар ўзбекистонлик аскарларни ислом анъаналари асосида қайта дафн этишга кўмак сўраб¸ Ровно вилоятидаги маҳаллий масжидга мурожаат қилганлар.

- Бизнинг миссиямиз урушда ҳалок бўлган аскарларнинг жасадларини топиб¸ ўз динлари қоидалари асосида дафн этилишига кўмаклашишдан иборат. Бундан олдин яҳудий бўлган аскарларнинг жасади қолдиқларини топган эдик. Уларни маҳаллий Раввин иштирокида дафн этиб, қабрлари устига тош қўйганмиз. Булар мусулмон бўлганликлари учун маҳаллий имомга Ислом бўйича дафн этишга кўмаклашишни сўраб мурожаат қилганмиз, - дейди Максим Хвор.

Ровно вилоятидаги масжид имоми Абдул Карим жасадларнинг Ўзбекистондаги яқинлари топилмаса¸ уларни Украинада қайта дафн этиш учун жой ҳозирлаб қўйганини айтди.

- Ўзимизнинг қабристоннинг мусулмонлар учун алоҳида сектори бор. Ўша ерда жанозасини ўқиб, ислом анъаналарига кўра дафн қиламиз, - дейди Абдул Карим.

Украинанинг Ровно шаҳрида яшовчи ўзбекистонлик Дониёр Эгамбердиев урушда ўзбек аскарлари жасадларини ватанига юборишга кўмак сўраб¸ Ўзбекистоннинг Киевдаги элчихонасига мурожаат қилгани ва улардан жавоб кутаётганини айтди.

- Ҳамма маълумотни элчихонага юборганмиз. Юртдошларимиз бўлгани учун бу жасадларни Ўзбекистондаги яқинларини топиб, уларга топшириш керак, бегона юртларда қолиб кетмасин булар, - дейди Дониёр Эгамбердиев.

Айни пайтда Ўзбекистондаги "Нуроний" жамғармасининг Андижон вилояти бўлими ходимлари Украинада ўзбек аскарлари жасади топилгани хабарини Озодлик мухбиридан эшитди.

Жамғарма раҳбарларидан бири, урушда ўлган бу икки андижонлик аскар қариндошлари топилиши билан бу ҳақда Озодликка маълум қилишларини айтди.

Уруш бошланиши олдидан Ўзбекистонда 6 миллион аҳоли истиқомат қилган. "Нуроний" жамғармасига кўра, 1,5 миллион ўзбекистонлик фронтга чақирилган, улардан 420 минг нафари уруш жабҳаларида ҳалок бўлган.

XS
SM
MD
LG