Хоразм вилоятининг Урганч тумани Ғойбу қишлоғида 12 мартга ўтар кечаси бир оиланинг икки ўсмир қизи газдан заҳарланиб ўлди.
Қўшниларнинг Озодликка айтишича, президентнинг Хоразмга келиши муносабати билан xонадонларга огоҳлантиришсиз кучли босимда газ берилгани сабаб газ сизиши рўй берган.
Туман Ички ишлар бўлими воқеа юзасидан суриштирув олиб бормоқда.
Фожиа рўй берган хонадон қўшниларидан бири президент Шавкат Мирзиёевнинг Хоразмга ташрифи арафаси хонадонларга огоҳлантиришсиз кучли босимда газ берилгани сабаб газ сизиши рўй берганини айтади.
Фожиа рўй берган пайтда қизларнинг ота-онаси қўшнисиникида сумалак тадбирида бўлган.
Кечаси сумалакдан келиб, аҳволни кўрган отаси ҳам хушидан кетиб йиқилиб қолди.
- Шу куни қўшнимиз сумалак пиширди. Ҳаммамиз шу ерда эдик. Буларнинг уйида печкаси шланг билан уланган бўлган. Кечаси кучли босимда газ берилган пайтда шланг узилиб кетган. Иккинчи қаватда ётган 14 ва 16 ёшли опа-сингил шу газдан бўғилиб ўлган. Кечаси сумалакдан келиб, аҳволни кўрган отаси ҳам ҳушидан кетиб йиқилиб қолди, онаси ҳам оғир аҳволда, ҳозир касалхонада, - дейди исми очиқланмаслигини истаган қўшнилардан бири.
Ғойбу қишлоғида яшовчи бошқа оила вакили ҳам Озодликка 12 мартга ўтар кечаси огоҳлантирилмасдан кучли босимда газ берилганини айтди.
Президент келадиган кундан бир кун олдин, кечаси огоҳлантирмасдан кучли босимда бирдан газ берилди
- Шу кунлари ҳаво совуқ бўлди. Газ пасайиб, ўчиб қолиш ҳолатлари кўп бўлди. 8 март куни ҳам газсиз ўтирдик. Президент келадиган кундан бир кун олдин, кечаси огоҳлантирмасдан кучли босимда бирдан газ берилди, шунда печка назоратсиз қолган бўлса керак, баъзида печка газ узилган пайтда очиқ қолиб кетади, - дейди исми айтилишини истамаган ғойбулик.
Урганч тумани газ идорасининг Озодлик суҳбатлашган ходими бу иддаоларни рад қилиб, фожиага хонадон эгаларининг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилинмагани сабаб бўлганини айтди.
- Печка газга шланг орқали уланган бўлган. Кечаси шланг узилиб кетган. Ҳозир буни Ички ишлар текширяпти, - деди Урган газ идораси ходими.
Ғойбу қишлоғида 11 март куни рўй берган фожиа юзасидан Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармасидан изоҳ олиб бўлмади.
Ўзбекистон туманларида газ етишмовчилиги ва газнинг тез-тез ўчириб ёқилиши боис бахтсиз воқеалар кўп содир бўлади.
Бундай ўлимларнинг деярли барчаси "аҳолининг техника хавфсизлиги қоидаларига риоя қилмагани оқибати" сифатида таснифланади.
Жорий куз-қиш мавсумининг биринчи ойида Озодликка маълум бўлган бундай фожиалар оқибатида камида 15 ўзбекистонлик нобуд бўлди.
Аксар аҳоли абиий газдан узиб қўйилган Ўзбекистонда ис газидан ўлганлар сонига оид аниқ расмий маълумотлар эълон қилинмайди.
Хусусан¸ 2018-2019 йиллардаги бундай ўлимлар ҳақида статистика жамоатчиликка маълум эмас.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тарқатган маълумотга кўра, 2017 йилда ис газидан заҳарланиб ўлганлар сони 83 нафарни, жабрланганлар сони 110 нафарни ташкил этган.
Тошкент Ички ишлар бош бошқармаси 2019 йилнинг олти ойида биргина пойтахтда 15 одам ис газидан заҳарланганини билдирган.