Линклар

Шошилинч хабар
24 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:38

Ўзбек киносида «хонтахта» жанрини яратган режиссёр оламдан ўтди


Баҳром Ëқубов Озодлик билан суҳбатда "халққа яқин ва халқ тушунадиган тилда" кино олишга интилганини айтган эди.
Баҳром Ëқубов Озодлик билан суҳбатда "халққа яқин ва халқ тушунадиган тилда" кино олишга интилганини айтган эди.

Ўзбекистон ва қўшни мамлакатларда таниқли бўлган кинорежиссёр Баҳром Ёқубов 12 март куни Тўйтепада дафн қилинди. У 11 март куни 60 ёшида Тошкентда оламдан ўтган эди.

Таниқли киночи Элжон Аббосов икки кун олдин уни тетик ва бардам ҳолда кўрганини айтади. Кинорежиссёр Улуғбек Йўлдошевга кўра¸ Ëқубов оний юрак хуружидан оламдан ўтган.

Мустақилликнинг илк йилларида бўшаб қолган кино залларини тўлдирган бу соҳир «эртакчи» ҳақида ëзган тармоқ унинг актриса Диана Ягофарова билан ишқий муносабатига урғу бермоқда.

Шу хабарларга мувозанат ўлароқ киночи Баҳром Ëқубов ижоди ҳақида батафсил тўхталишга қарор қилдим.

Дафтаримни варақлаб қарасам, Баҳром Ëқубов билан 2004 йилдан бери Озодликда мунтазам суҳбатлар қилиб келган эканман. Раҳматли Озодлик радиосида чиқишдан қўрқмайдиган ва ҳар қандай саволга жавоб берган очиқ фитратли ижодкор эди.

Охирги марта 2019 йилда суҳбатлашибман. «Шум бола» фильмини суратга олган Дамир Салимов вафоти муносабати билан «етим қолган кино ҳақида» дардлашгандик.

Баҳром Ëқубовнинг тўлиқ метражли илк фильмидаги бош қахрамон - Сарвиноз ролини хонанда Шаҳзода (Зилола Мусаева) ижро этган эди.
Баҳром Ëқубовнинг тўлиқ метражли илк фильмидаги бош қахрамон - Сарвиноз ролини хонанда Шаҳзода (Зилола Мусаева) ижро этган эди.

Охирги суҳбатларимиздан бирида у ҳозир қамоқда жазо ўтаëтган собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров жиноятлари ҳақида бадиий фильм суратга олиш режасини айтган эди.

Баҳром Ëқубов Озодлик билан суҳбатда халққа тушунарли кино яратишни мақсад қилганини таъкидлаган эди.

Ўша суҳбатни бугун қайта эшитдим. «Мен кинога кириб келганимда, Феллини ëки Тарковский каби артхаус киночилар шахсига сиғиниш бор эди ҳамкасбларимда. Мен эса халққа яқин ва халқ тушунадиган тилда кино олишни истардим. Масалан, Тарковскийнинг «Сталкер» фильмини афкор омма тушунмайди. Аммо Фрэнсис Форд Коппола суратга олган «Хоч отаси» (Ўзбек тилига "Чўқинтирган ота" деб таржима қилинган) фильмини оддий ўзбек қассоби ҳам ич-ичидан ҳис қилади. Актёрлар билан бирга кулади, кўз ëшлар тўкади. Албатта, Коппола миллионлаб доллар эвазига бу кинони олди. Копполла киносининг яна бир қиммати халқчиллигида эди. Шу жиҳатни мен камтар бюджет доирасида амалга оширгим келди. Илк лойиҳа «Сарвиноз» фильми эди. Фильмда ўз ўғлига бой ва қудратли амалдор қизини олиб бермоқчи бўлган мулозим риëкорлиги акс эттирилади».

Ўзбек киноларининг бош мотиви севги-муҳаббат.
Ўзбек киноларининг бош мотиви севги-муҳаббат.

Ўз ижодини 1989 йилда “Ёш ёзувчининг кундалиги” номли қисқа метражли фильмни тасвирга олишдан бошлаган Баҳром Ёқубов ижодий фаолияти давомида “Сарвиноз”, “Бахт учун миллион”, “Ташландиқ”, “Ёндиради, куйдиради”, “Фотима ва Зуҳра”, “Сўғдиёна”, “Жодугар”, “Мажруҳ”, “Ичкуёв”, “Суперкелинчак”, “О, Марям, Марям” каби кўплаб фильмларни суратга олди.

"Зар" қадрини заргар билар

Бу киноларга баҳо бериш учун Ўзбекистондаги мунаққидларга юзландим. Кўпчилиги аëл бўлган бу мунаққидлар «ўзи суратга олган аëлни тўшагига судраган шилқим ҳақида ҳеч нарса демаймиз», дея бир овоздан рад этишди.

Санъатшунос Акмал Ризаев эса, суҳбатда рози бўлди:

«Мен шу қадар қари одамманки, кинотеатрда икки сериялик кинони 10 тийинга томоша қилганимни эслай оламан. Шу маънода Баҳром Ëқубовни 10 тийинга кино олишни уддалаган ноëб режиссер дейман. Албатта, 10 тийин бу кўчма маънода. Беш йилча олдин Олма-отага Мустафо Чўқай фильми ижодкорлари билан учрашувга борувдим. Яхши кино. Тахминан 3 миллион евро сарф бўлган. Кинотеатрга бориб томоша қилдим. Зал деярли бўш эди. Бир- икки қозоқ йигитлар севгилиси билан ўпишиш учун кирган, деб ўйладим. Фильмни кўриб бўлиб ташқарига чиқсам, «Фотима ва Зуҳра» - ўзбек киноси" деган афиша осиғлиқ турибди. Кечгача вақтим бор, шу кинони кўрақолай, деб кассага борсам, кассир хола «билет жўқ» деди. Қарасам, одам ëпирилиб киряпти. Киночилар уюшмаси телефони ортидан «по блату» қилиб, кинозалга кирдим. Томошабинлар экрандаги қаҳрамонлар билан бир тан, бир жон бўлиб ўтиришарди. Фильм охирига бориб бир икки кўнгли нозик эжалар ҳиқиллаб йиғлашди. Ëш қозоқ қизлар рўмолчаси билан намланган кўзини артишди. Бир- икки қозоқ йигитлар салбий қахрамонни сўкиб ҳам қўйишди. Фильм тугаб сўнгги мусиқий парча кетаëтганида ҳеч ким шоша - пиша зални тарк этмади. Атиги 40 минг доллар сафланган кино қозоқ томошабинлар руҳини остин- устин қилган эди. Шу куни кечқурун Қозоғистон кинотанқидчилари ассоциацияси президенти Гулнора Абикеева билан учрашдим. Гулнора опа Баҳром Ëқубов фильмларининг Қозоғистонда фавқулодда машҳурлигини эътироф қилди. Абикаевага кўра¸ Ëқубов ҳинд киноси кўрадиган томошабинлар сегментини ўз тарафига оғдириб олишга муваффақ бўлган улкан киночи».

12 март куни Баҳром Ëқубов жанозасида иштирок этган кинорежиссёр Рустам Сагдиев марҳумнинг актёрлар билан ишлаш маҳорати ҳақида гапирди:

«Баҳром Ëқубов фильмларидаги жозиба ва мафтункорликни у танлаган актёрлар ансамблининг уйғунлиги самараси, деб биламан. Раҳматли ҳали танилмаган актёрларни қидириб топиб, кашф қилар ва улар билан узлуксиз ишлаб¸ фильмдан фильмга олиб ўтиб, маҳорат мактабидан ўтказар эди. Шу маънода ўзбек киноси актёрлар мураббийсидан жудо бўлди».

Москвада ижод қилаëтган ўзбек кинорежиссёри Улуғбек Йўлдошев назарида Ëқубов мустақиллик даври ўзбек киноси пилигримидир:

«Баҳром Ëқубов Совет киноиндустрияси вайрон бўлганидан кейин пайдо бўлган замонавий ўзбек киносининг ëрқин вакилларидан бири эди. У ўзбек томошабини нима исташини бошқалардан анча олдин илғаб етди ва бу томошабиннинг қалб торларини уста танбурчи каби чалиб ташлади. Нафақат ўзбек томошабини, балки Марказий Осиë¸ Озарбайжон ва Россия томошабинлари ҳам Ëқубов фильмларига мафтун бўлишди. Буни «Суперкелинчак» фильми мисолида кўриш мумкин».

«Хонтахта»

Икки йилча олдин киномунаққид Борис Нелепо телефон қилиб, «Хонтахта» деган жанр ҳақида сўзлаб беришимни илтимос қилди. Бироз соддароқ қилиб тушунтирдим. Ўзбекистонлик бир шоликор бизнесмен гуруч сотган пулини ярмини кино олишга сарфлайди. Режиссёр эса, бу пулга Чорсу бозоридан хонтахта ва тўртта кўрпача сотиб олади. Шоликор бизнесменнинг Тошкентдаги ҳовлиси киностудияга айланади. Тўртта артист хонтахта атрофида ўтириб, оила машмашаларини муҳокама қилади. Бутун кинодаги диалоглар олдиндан аудио запис қилингани учун улар фақат оғзини очиб-ëпиб ўтиришади. Артистлар ўз кийимларида ўтиришади, чунки воқеа бизнинг кунларда бўлади. Шу хонтахта жанри...

Бу жанрни Баҳром Ëқубов ўйлаб топгани айтилади. 2008 йилда Озодлик билан суҳбатда Баҳром Ëқубов ўзи асос солган арзон кино олиш услуби ҳақида гапирган эди:

Баҳром Ëқубов: Бизда ҳозир юлдуз актëрлар бор. Мен уларнинг нархини ҳам айтишим мумкин. Масалан, мен ҳозир юлдуз даражасига етди, деб ëш актëрлардан Улуғбек Қодировни, Фарруҳ Соиповни, Адиз Ражабовни айта оламан. Улар шу даражадаги машҳурликка етдики, томошабин уларни кўрганда атрофини ўраб олади. Даромад томонини гапирадиган бўлсак, сиз айтган ҳозирги нарх-наволар уларнинг тушига ҳам кирмаса керак. Очиғини айтиш мумкин, уларнинг оладигани арзимаган пул. Масалан, Улуғбек Қодировнинг даромади 2000-3000 доллардан ошмайди.

Озодлик: Бу йилигами ëки ойигами?

Баҳром Ëқубов: Бу битта фильмнинг ўзидан. Яъни ўртача 3 ойда.

Озодлик: Дейлик, ўшанга 2000 доллар сарфладик. Ўзбекистонда бу ҳам ëмон пул эмас. Ўша пул сизга кинорежиссëр сифатида қанча пул қайтариб олиб келади?

Баҳром Ëқубов: Икки баробар қайтариб олиб келиши мумкин.

Озодлик: Яъни сарфланган 1 доллар 2 доллар бўлиб қайтиб келади...

Баҳром Ëқубов: Мумкин, унда ҳам фильм жуда ҳам омадли чиқса. Бизда 100 фоиз фильмдан 20 фоизи омад олиб келиши мумкин.

Озодлик: Кинолар қароқчилар қўлига тушади-да энди.

Баҳром Ëқубов: Агар қаттиқ назорат олиб борилмаса, дисклар бир ой ичида қароқчилар қўлига тушади ва бирпасда тарқаб кетади. Бу худди касалликка ўхшайди. Бундан даромаднинг кучи камаяди.

Озодлик: Қозоғистон, Туркманистон, Қирғизистон ва Тожикистонда ўзбек киноларининг машҳурлиги сизни жуда хурсанд қилса керак. Лекин улардан сизга бир сўм ҳам келмаса керак.

Баҳром Ëқубов: Йўқ, ҳеч қанақа даромад йўқ. Чунки у томонларга фақат қароқчилар орқали чиқиб кетиши мумкин. Биз орқали чиқса ҳам биз уни жуда паст нархда сота оламиз. “Сўғдиëна” фильмимизни, сиз кўрганмисиз ëки йўқми билмайман, Олмаотага борганимизда 1500 долларга сота олдик.

Озодлик: Бу намойиш қилиш ҳуқуқи учунми?

Баҳром Ëқубов: Ҳа, намойиш қилиш ҳуқуқини уларга берамиз.

Озодлик: Энди шунисига ҳам шукур. Олдинлари 2000 доллар олмайдиган халқ артистлари бор эди. Улар арзимаган пул олдим, деб айтарди.

Баҳром Ëқубов: Тўғри. Ҳозир бизда “халқ артисти” ëки хизмат кўрсатган артист” каби тушунча иккинчи даражага тушиб қолган. Ҳозир, асосан, юлдуз даражасига кўтарилган актëрлар бор. Айниқса, улар ëшлар ичида кўпроқ. Катта ëшдаги халқ артистлари арзимаган пулга суратга тушишга мажбур. Чунки ҳақиқатан ҳам даромад кам. Битта фильмда 600-700 долларга тушади.

Озодлик: Артистлар, раққосалар ëки ҳофизлар ўз номини чиқариш учун текинга ҳам кинода суратга тушадими?

Баҳром Ëқубов: Ҳофизлар кўпинча текинга тушади. Чунки улар ўзларини реклама қилади. Уларнинг машҳурлиги яна ҳам ошади. Ҳофизлар киноларда, асосан, иккинчи ролда ўйнайди.

Озодлик: Россия кейинги 10 йил ичида мана шу касалликни даволашга улгурди. Мустақилликдан кейин уларда ҳам шу аҳвол бўлди. Бугун эса Россия фильмлари худди АҚШ фильмларидай даромад келтира бошлади.

Баҳром Ëқубов: Тўғри. тўғри. Россияда 10 йил олдин бўлган шароит ҳозир Ўзбекистонда бўляпти. Шунисига ҳам Худога шукур деймизки, фильмга қизиқиш катта бўлгани учун ҳам, қобилиятли йигитларимиз кўп бўлгани учун ҳам бизда кино ривожланиб боряпти. Халқимиз ўзи санъатга қизиқадиган халқ. Нима учундир даромадига ҳам қарамай, кино санъати ривож топди бизда.

Озодлик: Қадимги Римда: “Сизларга томоша керакми ëки нонми”, деб сўрашган экан. Ўшанда одамлар томоша, деган экан.

Баҳром Ëқубов: Худди шунақа бўляпти ҳозир. Кино соҳасида иқтисодий ҳолат яхши, деб айта олмайман. Чунки техника ва технологиямиз Россия даражасида эмас. Технология жуда ҳам паст. Масалан, компьютер эффектларига ҳали бизнинг қурбимиз етмайди. Ҳозир унга шароитимиз ҳам йўқ,пулимиз ҳам йўқ. Яхши ният билан қараяпмиз энди.

Бу сўзлар айтилган 2008 йилдан кейин Бахром Ëқубов. «Суперкелинчак»¸ «Мажрух» «Бойвачча куëв» ¸ «О Марям¸ Марям»¸ «Мен юлдузман»¸ «Жодугар» каби фильмларни суратга олди. 2021 йилда эса «Ўзбекча ажрашиш» деган фильмни суратга олиб тугатди¸ аммо тақдимотни кўриш насиб қилмади.

Кадрлар орасидаги ҳақиқат

Ўзбек киноси полизига тош отган танқидчиларнинг умум эътирофига кўра, бу фиьмларда ҳаëт қийинчликлари ва жамият муаммолари акс этмайди. Кинолар қайнона-келин ўртасидаги машмашалардан нарига ўтмайди. Баҳром Ëқубов фиьлмлари ҳам шаклан шундай кўринади. Аммо кинорежиссёр Улуғбек Йўлдошевга кўра, Ëқубов фильмларидаги кадрлар орасидан ҳаëт ҳақиқати туртиб чиқиб туради:

"Баҳром Ëқубов СССР тугаганидан кейинги тарихга Каримов даври дея кирган қийин замонда ўз фикрини шивирлаб бўлса ҳам фильмлари орқали айта олди. Сатр ва кадр орасига яширин танқид жойлаб, томошабин зеҳнига етказа олиш аслида мушкул иш, аммо Ëқубов буни уддалади. У ўз фильмларида «метафора» ва мажозларни моҳирлик билан ишлатарди. Ëқубов фильмида бош қахрамонни ўйнаган Адиз Ражабов ўзбеклар учун азиз бўлган бешикни уйдан олиб чиқиб, синдириб ташлайди. Бу кино тилидан таржима қилинса, система ва тузумни синдириш, демакдир. Тараққиëт осмонида юксалмоқ учун оëғимизга осилган кераксиз эски-туски ва удумлардан воз кечмоқ керак. Она қорнида 9 ой ëтган гўдак туғилиши билан оëқ-қўлини боғлаб, тахта-зиндон бешикка боғлашади. Боланинг бутун умр боши эгик¸ итоатгўй ва манқурт каби амр бажаришга ўргатилади. Бундай эпизодларни Баҳром Ёқубов ижодида кўплаб кузатиш мумкин. У Каримов даври ўзбек киносида ëрқин из қолдирди".

Баҳром Ëқубов суратга олган “Бахт учун миллион” филми қаҳрамони прокуратурадаги терговчилик вазифасидан воз кечиб, севгига эришиш учун миллион долларни Цирк томи узра тортилган дор ипи устидан туриб, томошабинлар устидан сочади.

Озодлик билан суҳбатда Баҳром Ëқубов «бу кадр бойликка ҳирс қўйганларга қарата чақириқ» эканлигини таъидлаган эди.

Озодлик билан 2008 йили суҳбатлашган Ëқубов ўзбек киносидаги энг оғриқли нуқта бу «ўз кўлмагини денгиз деб билган маҳаллий патриотизм» дея айтган эди:

"Бугунги кундаги асарларимизда биз миллий, миллий деймизу, қанақадир мен чегараланиб қолгандай ҳис қиламан. Биз борган сари умуминсоний қадриятларни унутиб боряпмиз. Умуминсоний қадриятлар дегани, бу - фалсафий. Фалсафа ҳамма учун битта. Мен бизлар умуминсоний қадриятларни иккинчи даражага қўйгандай ҳис қиляпман ўзимни. Миллийлик ўз йўлига. Миллийлигимизни ҳеч қачон ҳеч ким бизнинг қўлимиздан тортиб ола олмайди. Шу билан бирга, уни тагида, албатта, умуминсоний қадриятлар ëтади. Шу нарса бизда ҳозирги пайтларда жуда ҳам оқсоқланяпти. Умуминсоний қадриятлар иккинчи даражага тушиб қолгани учун ҳам бизнинг ëзувчилар ëзаëтган, киночилар олаëтган асарлар дунë саҳнасига чиқа олмаяпти. Чунки бу уларга ҳақиқатан тушунарсиз. Бизнинг кичкина-кичкина юморларимиз, ҳазилларимиз чет эл томошабинига тушунарсиз. Бугунги пайтда савия даражаси борган сари тушиб боряпти. Мен ўша даврни кўрганим учун ҳам ўша даврни ушлашга ҳаракат қиляпман. Афсус, ҳозир чиқиб келаëтган ëшларимизда савия даражаси жуда ҳам паст. Балки бу кейинги пайтларда классик асарлар телевидениеда камроқ кўрсатилаëтганидадир. Балки классик асарларимизни мактабларда, олийгоҳларда камроқ ëритиб берилаëтганидадир. Балки замон ўзгариб иқтисодий бозор даврига ўтганимиз туфайлими ҳозир биринчи ўринга иқтисод ўтиб қолиб, маънавият даражамиз секин тушиб бораëтгани ҳам сабабдир".

Режиссёр 2009 йили ёш актриса билан боғлиқ шармсиз видео тарқалиши ортидан бир неча йил ўзбек киносида кўринмай қолди. Ўша пайтда Озодлик билан суҳбатлашган Ёқубов ҳодисани ўзига қарши уюштирилган фитна ўлароқ баҳолаб, бунинг “носоғлом конкуренция” маҳсули эканини айтган эди.

Шундан сўнг ўтган бир неча йил давомида у суратга олган қатор фильмлар бошқа режиссёрлар номидан тақдим этилган. Мазкур ҳолатга изоҳ берган Ёқубов “Бу продюсерларнинг ўзини ҳимоя қилиш усули, улар фильмларимга фақат шу шарт билан ҳомийлик қилишяпти”, деган эди.

Мирзиëев даврида бузиб ташланган киночилар уйи
Мирзиëев даврида бузиб ташланган киночилар уйи

Киночининг ҳақи бор қайдан қулоқ чиқарса

Санъатшунос Акмал Ризаев Озодлик билан суҳбатда кинорежиссёрнинг шахсий ҳаëти эмас, балки у суратга олган кинолар муҳим, дейди.

“Ўз актрисалари билан тўшакдош бўлмаган киночи йўқ деса ҳам бўлади. Машҳур немис кинорежиссёри Клаус Кинский суратга олиш майдонидаги ўнлаб аëллар билан жинсий алоқада бўлган ва буни яширмаган. Икки тараф истаги билан бўладиган иш черков роҳиблари ëки ахлоқ посбонлари назарида муаммо. Зотан, томошабин фильмни кўради. Ëқубовнинг кинолари бу томошабин истагидаги кинолардир. Ўзбекистондаги кино санъати совет даврида коммунистик мафкура истаган киноларни суратга олди. Томошабиндан ҳеч ким сўрагани ҳам йўқ. Инқилобчи ва босмачилар ҳақидаги фильмлар олинарди. Лекин ўша совет даври бўлган 1978 йили Озарбайжон киночиси Гусайн Саидзода суратга олган “Қайнона” фильми бу рамкадан чиқиб, томошабинларга манзур бўлди. Ўзбек киночиси Баҳром Ëқубов шу анъанани давом эттирди. Битта фарқи “Қайнона” фильми давлат пулига олинган бўлса, Ëқубов хусусий тужжорлар сармояси асосида фильм олди. Кеча Ëқубов оламдан ўтганини эшитгач, у суратга олган “Сарвиноз” фильмини қайта томоша қилдим. Ҳали эски москвичлар юрган Тошкент манзаралари¸ қошлари тату қилинмаган қизлар¸ ëшгина Мурод Ражабов. Баъзан кино ҳам эски шароб каби йил ўтиб яхшиланади. Буни вақт синови десак ҳам бўлади”.

Баҳром Ëқубов фильмлари намойиш қилинган "Кино уйи".
Баҳром Ëқубов фильмлари намойиш қилинган "Кино уйи".

XS
SM
MD
LG