Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 22:39

Қашшоқликка қарши мирзиëевча кураш: Ҳавога совурилган миллиардлар ва арвоҳга айланган иссиқхоналар


Чортоқнинг Баланд адирида 13 миллиард сўмга қурилган иссиқхоналар. 2020 йил 26 июнь - 2021 йил 3 июнь
Чортоқнинг Баланд адирида 13 миллиард сўмга қурилган иссиқхоналар. 2020 йил 26 июнь - 2021 йил 3 июнь

Президент Шавкат Мирзиëев топшириғи билан Наманганнинг Баланд адирида давлатнинг 13 миллиард сўмига қурилган 1000 та иссиқхона ҳозирда ташландиқ жойга айланган.

Озодликка юборилган шу йилнинг 2-3 июнь кунлари олинган видеотасвирларда қаровсиз, ичи қовжираб ётган ва ташлаб кетилган иссиқхоналарни кўриш мумкин.

2020 йилнинг 26 июнь куни Чортоқ туманидаги бу иссиқхоналар мажмуасини бориб кўрган Мирзиëев¸ уни ўз ислоҳотларининг ютуғи¸ халқни камбағалликдан олиб чиқиш формуласи сифатида тақдим этган эди.

Ҳукумат амалдорлари тилида “Чортоқ тажрибаси” деб номланган бу иссиқхоналар лойиҳаси¸ маҳаллий тадбиркорларга кўра¸ давлат пулини талон-торож қилиш учун уюштирилаëтган сохта лойиҳалардан яна бири.

Мутахассисларга кўра, Мирзиëевнинг аҳолини тадбиркорга айлантириш иддаоси билан ўтказаëтган экспериментлари ҳокимият бошқарувидаги коррупциянинг янада кучайиши¸ давлат бюджетининг ҳавога совурилиши¸ банклардаги токсик қарзларнинг ошиши¸ ташқи қарзнинг катталашиши¸ аҳолининг эса¸ янада камбағаллашувига сабаб бўлмоқда.

Баланд адирдаги баландпарвоз гаплар

Бундан бир йил олдин – 2020 йилнинг 26 июнь куни президент Шавкат Мирзиëев Наманган вилоятига қилган сафари давомида Чортоқ туманига борди.

Мирзиëев келишига бир ой ухламай қилинган тайëргарлик ниҳоясида Чортоқнинг тап-тақир адири устида иссиқхоналар қишлоғи қад кўтарди.

Сувсиз ва тошлоқ адир устидаги иссиқхоналар мажмуаси Мирзиëевнинг 2019 йили бериб кетган топшириғи ижроси ўлароқ пайдо бўлди.

Мирзиëев ўз топшириғи ижросини кўриш учун “Баланд адир” деб номланган бу тепаликка келиши арафасида иссиқхоналар орасидан ўтувчи 57 километрлик яп-янги асфальт йўл ётқизилди.

Ўтган йилнинг 26 июнь куни Мирзиëевга кўк полиэтилин парда остидаги юзлаб иссиқхона¸ уларга ўрнатилган ҳар- хил сабзавотлар¸ ҳатто ҳали олинмаган ҳосилдан қилинажак консерва маҳсулотлари кўз-кўз қилинди.

Мирзиëев ўз ғоя ва ташаббуслари минглаб оилага иш бераëтгани ва уларни камбағалликдан олиб чиқаëтгани ҳақида кўп ва хўп гапирди.

Давлатнинг 13 миллиард сўм маблағига бу иссиқхоналарни қурган Бандлик вазиридан то наманганлик тадбиркоргача Мирзиëев берган тавсиялар халқни бойитаëтгани¸ миллионлаб долларлик экспорт бизнесига асос бўлгани ҳақида гапиришди.

Бу лойиҳани мамлакат ҳаëтининг асосий воқеаларидан бири сифатида бир неча кун ëритган маҳаллий журналистлар эса¸ иссиқ асфальт тўшалган йўлда юриб¸ ҳали оҳори кетмаган иссиқхоналар орасида сайр қилар экан¸ буларнинг ҳаммаси мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар самараси эканига урғу беришди.

“Мингга яқин одам иш билан таъминланади”, “бир йилда уч марта ҳосил олинади”, “маҳаллий тадбиркорлар гиëҳ унмас адирда жаннат яратдилар”, “бир йил ичида 5 миллион долларлик маҳсулот хорижга экспорт қилинади” ва ҳоказо...

Мирзиëев ва қашшоқликка қарши қимматбаҳо кураш

2020 йилнинг 26 июнь куни Шавкат Мирзиëевнинг Наманган вилоятига ташрифини ëритган президент матбуот хизмати Чортоқдаги иссиқхоналар мажмуаси қурилишини “ пандемия даврида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, иш ўринлари яратиш” сиëсати маҳсули сифатида тақдим этди.

Чортоқ туманидаги Баланд адир иссиқхонаси муаллифлари Шавкат Мирзиëев билан. 2020 йил 26 июнь
Чортоқ туманидаги Баланд адир иссиқхонаси муаллифлари Шавкат Мирзиëев билан. 2020 йил 26 июнь

Расмий хабарда 200 минг аҳолиси бор Чортоқдаги 7000 дан ошиқ ишсизни ишлик қилиш учун иссиқхона қуриш ғояси муаллифи Шавкат Мирзиëев экани алоҳида таъкидланди.

Айтилишича¸ Мирзиëев қўйган вазифалар ижроси доирасида ўша пайтда Хайрулло Бозоров бошқарган вилоят ҳокимлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Баланд адирда “Бир жойда - минг оила иссиқхонаси” лойиҳасини амалга оширишга киришган.

Баланд адир даштликларида узоқ йиллар давомида фойдаланилмаган 36 гектар майдондаги ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона лойиҳаси “Голден Натс Наманган” агро томорқа хизмати масъулияти чекланган жамият ҳамкорлигида амалга оширилмоқда.

Умумий қиймати 13 миллиард сўм бўлган лойиҳага Бандликка кўмаклашиш жамғармаси ҳисобидан 6,7 миллиард сўм субсидия маблағлари ва тижорат банкларининг 6,3 миллард сўмлик имтиёзли кредити йўналтирилмоқда.

Ҳозирги кунда йилига 7 минг тонна сабзавот маҳсулотлари етиштириш имконини берадиган ҳар бири 2 сотихдан бўлган 800 та иссиқхона қуриб эгаларига топширилди. Қолган 200 таси июль ойи охирида фойдаланишга топширилиши кутилмоқда”¸ деб ëзилган президент матбуот хизмати хабарида.

Баланд адирга ташрифи пайтида Мирзиëевга амалдорлари “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида Чортоқ туманидаги 800 та камбағал оила ушбу иссиқхонада ишлик бўлгани ҳақида ҳисобот берди. Мирзиëевнинг ўзи ҳам маҳаллий телеканаллар кўрсатган суҳбатда Баланд адирдаги лойиҳани ўз ислоҳотлари самараси сифатида талқин этди:

-Одамларимиз ислоҳотлар самарасини сезиши керак. Уларни рози қиладиган тизим яратишимиз лозим...

Арвоҳсимон қишлоқ

Мирзиëев Чортоқнинг Баланд адирида ўзи яратган мўъжизадан ўзи ҳайратга тушиб қайтганидан бери орадан бир йил ўтди.

Бу орада у 2021 йилнинг 23 февралида яна Наманганга борди. Аммо сафар маршрутини тузганлар уни Чортоққа яқинлаштирмади. Бунинг ўрнига у Наманган шаҳри четидаги собиқ “Самарқанд” совхози, ҳозирги Янги Наманган туманига бориб, маҳалладаги оқланмаган девор учун прокурорни ишдан олиб қайтди.

2021 йил июнига келиб¸ Баланд адирда ҳаëт асари¸ бирор тирик жон борлиги кўринмайди.

Кўринадигани - усти йиртилиб¸ ичи қовжираб кетган юзлаб иссиқхона¸ улар ëнида ҳар бири камида бир тонналик сув идишлари.

Баланд адирдаги иссиқхоналарнинг 2021 йил 2 июнь кунги кўриниши
Баланд адирдаги иссиқхоналарнинг 2021 йил 2 июнь кунги кўриниши

Бу ер дайди итлар тунайдиган жойга айланди. Бу иссиқхоналарга одам оëғи тегмаганига қарийб бир йил бўлади. Мирзиëев берган тутуриқсиз таклифларни ура-ура қилиб бажариш учун давлатнинг миллиардлаб пули сарфланди. Ҳоким ва ҳокимчалар очко олибгина қолмади¸ улар бу 13 миллиарддан ўз улушларини ҳам олиб бўлди”¸ - дейди 2 июнь куни Озодликка Баланд адирдан олинган видеоларни юборган наманганликлардан бири.

Бошидан сохта лойиҳа

Озодликка шахси сир қолиш шарти билан гапирган чортоқлик тадбиркорлардан бири¸ Баланд адирдаги иссиқхоналар лойиҳасининг аввал-бошдан “давлат маблағини ўзлаштиришга қаратилган коррупцион схема” бўлганини иддао қилди.

Кўшан деган қишлоқ бор Чортоқда. Камбағал¸ ишсизлар кўп. Шу “Обод қишлоқ” дастурига тушгандан кейин президент иссиқхона қуриш ҳақида буйруқ берган. Бу иссиқхоналар ўтган йил президент келиши олдидан қурилди¸ устига ташрифга икки кун қолганда плëнка ëпиб бўлинди. У ерга сув чиқмаган. Президент келишига ëлғондан насос қўйиб қўйишди. Аслида Комхознинг водовозларида кечаю кундуз сув ташиб¸ тувакда ўсаëтган бодринг¸ помидор кўчатларини ўтқазиб¸ президентга кўрсатишди. Мирзиëев кетишидан икки кун ўтиб-ўтмай туваклар қазиб олиниб¸ асл жойига қайтарилди. Шундан бери у ерда ҳеч ким ҳеч нарса қилмади”¸ дейди бу суҳбатдош.

Чортоқлик тадбиркорнинг гувоҳлик беришича¸ Мирзиëевга кўрсатилган кўчатлар аслида тувакда бўлган ва улар президент келиб-кетганидан сўнг яна қайта ковлаб олиниб¸ асл жойига қайтарилган.
Чортоқлик тадбиркорнинг гувоҳлик беришича¸ Мирзиëевга кўрсатилган кўчатлар аслида тувакда бўлган ва улар президент келиб-кетганидан сўнг яна қайта ковлаб олиниб¸ асл жойига қайтарилган.

Озодлик суҳбатдошлари Баланд адирдаги иссиқхоналар мажмуасини қурган Голден Натс Наманган (Golden Nuts Namangan) агро томорқа хизмати МЧЖ раҳбари Маҳамад Баҳриддиновнинг¸ ҳақиқатда катта иссиқхоначи тадбикор эканини билдирди.

Унинг адир пастидаги яхши¸ сувлик ерда камида бир гектарлик теплицаси бор. У ерда иш ҳақиқатан зўр¸ помидор ва бодринглари бор¸ четга сотади. Лекин Баланд адирдаги иссиқхоналарга бир дона ҳам кўчат экилмади¸ сабаби сув йўқ. Маҳаллий ҳокимликлар сувсиз¸ қовжираб ëтган ерни¸ у ерда ҳеч нарса ўсмаслигини била туриб¸ камбағалларга берди. Эртага савол-жавоб бўлса¸ биз халққа бердик¸ ўзлари дангаса¸ ишламади¸ деб давлат пуллари совурилгани учун айбни оддий халққа қўйиб¸ сувдан яна қуруқ чиқиб кетади”¸ дейди чортоқлик тадбиркор.

Иссиқхоналар қурувчиси нима дейди?

Озодлик 3 июнь куни Баланд адирдаги иссиқхоналар мажмуасини қурган "Namangan Golden Nuts Agro Tomorqa Xizmati” МЧЖ мулкдор ва раҳбари Маҳаммад Баҳриддинов билан гаплашди.

Иссиқхонани қурган наманганлик тадбиркорлар
Иссиқхонани қурган наманганлик тадбиркорлар

Президентга тақдим этилганидан бир йил ўтиб¸ Баланд адирдаги иссиқхоналарнинг қай аҳволда экани ҳақидаги саволга Баҳриддинов¸ “ҳамма ëқ жуда чиройли”¸ деган мазмунда жавоб қилди.

«Аҳоли билан бирга ишлаяпмиз. Кўчатларни етиштириб бердик. Бодринглар пишишни бошлади. Тўрт кун¸ беш кундан бери узиб¸ аҳолидан сотиб олаяпмиз. Ҳамма ëқ шунақа чиройли бўлган¸ помидорлар ҳам. Банкага қамаб¸ импортга чиқарадиган бодринг помидорларимиз тайëр».

Баҳриддинов суҳбатда президент келиб кетганидан сўнг яна 200 та иссиқхона қуриб битказилгани ва айни кунларда ҳар бири 2 сотихли 1000 та иссиқхона ишлаëтганини таъкидлади.

«Темир дафтар¸ ëшлар¸ аëллар дафтаридагиларга ҳокимият бу иссиқхоналарни бўлиб берган. Биз иссиқхоналарни қуриб бердик¸ кўчат бераяпмиз ва маҳсулотини сотиб оляпмиз. Проект шунақа қилинган. Иссиқхонани тарқатишни Меҳнат бошқармаси билан ҳокимият бирга қилган».

Баҳриддинов суҳбат давомида айни кунларда Баланд адирдаги 1000 та иссиқхонанинг усти нафақат плëнка¸ балки иссиқликни қайтариш учун лой билан қопланганини ҳам иддао қилди.

«Плëнка устига лой сепиш бу маҳаллий технология. У ичкаридаги ҳаво ҳароратини мўътадил ушлайди. Бу фақат биздамас¸ бутун республикадаги теплицачилар шунақа қилади».

Баланд адирда деҳқончилик қилиш учун у ерга сув чиқарилганми¸ деган саволга Баҳриддинов:

-Сув масаласи ҳаммаси чиройли. Олтита дренаж бор. Чиқиб катта сув омборларини қилганмиз. Ҳаммаси чиройли кетяпти. У ердаги кўчатлар ҳозир мани бўйимдан ўтиб¸ 2 метрга бориб қолди. Аҳоли иссиқхоналар ичига ҳамма нарса эккан¸ гулчилари бор¸ қишда картошка экканлари бор. Биз фақат бодринг помидорни сотиб оляпмиз. Фарғонадан агроном олиб келганман 25 январда¸ ҳозир аҳолига нимани қандай экишни ўргатиб юрипти.

Баҳриддинов Озодлик билан суҳбатда ҳам президентга айтилган гапларни такрорлади.

Ўтган йили икки марта ҳосил олдик. 20 хил нарса¸ ҳатто қовун экилди. Чеснок¸ зелень экканлар бор. Улар бозорга олиб чиқиб сотади. Ҳар битта теплицада ҳозир 300-500 килодан бугун узса бўладиган ҳосиллари бор. Ҳаммаси жуда чиройли кетяпти”.

Баҳриддинов бу лойиҳа ҳақида чиройли гапларни гапириб бўлиши ортидан Озодлик 3 июнь кунги Баланд адирдан юборилган видеолардаги манзара билан у тасвирлаган манзара ўртасидаги жарликка изоҳ сўради.

Ман ҳар куни ўша жойдаман. 35-40 одам ишлатяпман кунига. Ҳақиқатан ҳам адирнинг энг учи. Номиям Баланд адир¸ номига мос. Шамол бўлади¸ бошқа бўлади¸ плëнкалар йиртилади. Лекин икки кун¸ уч кунда ҳаммасини бартараф қилиб¸ жойига қўйиб келяпмиз ҳозиргача”.

Озодликка 3 июнь куни юборилган видеотасвирларда юзлаб иссиқхонанинг ташландиқ ҳолда ëтгани¸ у ерга бирор нарса экилмагани¸ ишлаëтган бирор одам йўқлиги манзарасига изоҳ сўралганда Баҳриддинов¸

- Мен кўрай ўша видеоларни¸ кейин жавоб бераман. Телеграм номерингизни ташлаворсангиз¸ ҳозирги число билан съëмка қилиб ташавораман. Ўзингиз кўрасиз¸ деб жавоб берди.

Озодлик Баҳриддинов берган Телеграм рақамига чортоқликлардан юборилган видеотасвирни юборди. Аммо бу аккаунт юборилган видеони қабул қилмади. Телефон орқали қайта боғланганда Баҳриддинов¸ “Баланд адирга мухбир юбориш"ни таклиф қилди ва Озодликка тақдим этилган видеоларни (гарчи уларни кўрмаган бўлса-да)¸ ўзини “кўролмайдиганлар” иши сифатида талқин қилди.

Чортоқдаги 1000 дона иссиқхона лойиҳасига давлат бюджетидан субсидия ажратган Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги¸ бу иссиқхоналарни аҳолига тарқатган Наманган ва Чортоқ ҳокимликлари матбуот хизмати телефонларига ҳам 3 июнь куни ҳеч ким жавоб бермади.

Озодликка Баланд адирдан олинган видео муаллифларидан бири эса¸ Ўзбекистонда Мирзиëев ташаббуслари доирасида уюштирилаëтган сохта лойиҳа ва шоулар учун ҳуқуқий жавобгарлик киритилишини талаб қилади.

Ҳаммаси аввал-бошдан ëлғон. Бу ëлғончиларни жазолаш керак. Тепада ўтирган фирибгарлар бунақа кўзбўямачиликларга ўз чўнтагидан эмас¸ бизнинг пулларимизни сарфлаяпти. Қани кеча булбулигўë бўлиб, Баланд адирдаги мўъжизавий иссиқхоналар¸ Чортоқ тажрибаси ҳақида сайраган расмийлар? Халқнинг пулини ҳавога совурганлар ҳозирги манзарага изоҳ берсин!”¸-дейди наманганлик фаол.

XS
SM
MD
LG