Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:42

Қирғизистонда Конституция шошилинч ислоҳ қилинаётгани хавотирга сабаб бўлмоқда


Бишкекда Конституция марши, 22 ноябрь, 2020
Бишкекда Конституция марши, 22 ноябрь, 2020

22 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда юзлаб одам Конституция ислоҳ қилинишига қарши намойишга чиқди.

Улар таклиф қилинаётган ўзгартиришлар мамлакатда эркинликларни кескин чеклашини айтмоқдалар.

Қирғизистонда 4 октябрь куни бўлиб ўтган парламент сайловлари ортидан сиёсий бўҳрон юзага келган.

Баҳсли сайловлар ва улар ортидан содир этилган зўравонликлар фонида Садир Жапаров, ташқи кузатувчилар қоралаган қатор чора-тадбирлар ортидан, бош вазир ва президент вазифасини бажарувчисига айланди.

Жапаров, фаолияти тугаши кутилаётган парламентни президент ваколатларини кенгайтиришга ундаб, депутатларга босим ўтказмоқда. Шунингдек, Жапаров парламент ва ҳукумат ҳисобот берадиган Халқ Қурултойи деб номланувчи янги ижроия кенгашини яратишни хоҳлайди.

Кузатувчиларнинг айтишича, бундай қурултой қонун чиқарувчи ҳокимиятни заифлаштиради.

Ушбу таклифларга қаршилар Бишкекнинг қорли кўчалари бўйлаб 22 ноябрь куни намойишга чиқди. Аммо намойишга ташкилотчилар режалаштирганидан озроқ одам келди.

Таклиф қилинаётган ўзгартиришлар 10 январь куни бўлиб ўтадиган навбатдан ташқари президент сайловлари вақтида овозга қўйилади.

Таклиф жамоатчиликка эълон қилинганидан бери Қирғизистоннинг амалдаги ва собиқ амалдорлари ҳамда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари буни бир овоздан қораламоқда.

Собиқ бош вазир Феликс Қулов Озодликка берган интервьюсида бундан асосий мақсади «президентга мутлақ ҳокимият» беришдан иборат эканини айтди.

21 ноябрь куни Human Rights Watch ташкилотининг Европа ва Марказий Осиё бўйича директори Хью Уильямсон:

«Ҳар қандай конституциявий ислоҳотлар янги парламент қасамёдга келгунига қадар қолдирилиши керак, шунда Қирғизистон инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлигига содиқ эканлиги ҳақида ҳеч қандай шубҳа бўлмайди», - деди.

Ўтган ойда бўлиб ўтган сайловдан кейин бошланиб кетган норозилик намойишлари давомида сиёсий рақибини ўғирлаб кетгани учун жазо ўтаётган Жапаров қамоқдан озод қилинди.

Сайлов натижалари эса бекор қилинди. Ғалаён натижасида ҳукумат қулаши ва президент Сооронбай Жээнбековнинг истеъфога чиқиши ортидан ҳокимият вакууми пайдо бўлди.

Жапаров президент вазифасини бажарувчи сифатида 20 декабрга белгиланган янги парламент сайловларини 2021 йилда номаълум санага қолдирди. Аслида эса Қирғизистон қонунларига биноан янги парламент сайловлари икки ой ичида ўтказилиши керак.

Жапаровнинг бу ҳаракати 10 январь куни бўлиб ўтиши режалаштирилаётган навбатдан ташқари президент сайловларига йўл очди.

Амалдаги қонунларга биноан, вақтинча президент лавозимида ишлаётган шахс кейинчалик ушбу лавозимга сайланиш учун номзодини кўрсата олмайди.

Шу боис, Жапаров президентликка сайланиш учун декабрда лавозимидан кетишни режалаштираётганини бир неча бор айтган.

Фаоллар таклиф қилинаётган ўзгартиришлар сўз эркинлигини ҳам чеклаши ҳақида огоҳлантирмоқда.

Мисол учун, таклиф қилинаётган ўзгартишларнинг бири «Қирғизистон халқининг умуман тан олинган ахлоқий қадриятларга ва анъаналарига» зид нашрлар, оммавий ахборот воситалари ёки оммавий тадбирларни тақиқлайди.

Norwegian Helsinki Committee нодавлат ташкилотининг катта сиёсат бўйича маслаҳатчиси Ивар Дале:

«Шубҳасиз, Қирғизистондаги одамларнинг қадриятлари ва урф-одатлари ҳурмат қилиниши керак, аммо, иқтибос келтирадиган бўлсам, “Қирғизистон аҳолиси ахлоқ ва маданиятига зиён келтирадиган нашрларни” тақиқлаш ўша одамларнинг сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқини жиддий равишда бузиши мумкин бўлган муаммоларша йўл очади», - деди.

XS
SM
MD
LG