Қирғиз ҳукумати ҳокимлар ва ҳоким ўринбосарларининг касбий салоҳиятини текшириш мақсадида имтиҳон уюштирмоқда. Махсус комиссия имтиҳонидан ўтмаган туман раҳбарлари ишдан бўшатилади.
Туман раҳбарларини имтиҳондан ўтказиш 11 март куни Норин вилоятида бошланди. Давлат кадр хизмати раиси Абдираҳман Маматалиев етакчилигидаги комиссия ҳокимлар ва уларнинг ўринбосарлари тўғрисида милиция, миллий хавфсизлик хизмати ва фуқаровий жамиятдан олинган маълумотларни ўрганади. Бундан ташқари ҳокимлардан қонунлар юзасидан тест имтиҳони олинади.
“Тест саволлари имтиҳон бошлангунига қадар махфий сақланади. Саволлар тест бошланишидан аввал Бишкекдан компьютер орқали юборилади. “Кимларгадир аввалдан сотилар экан”, деган сўзлар асоссиз. Ҳокимлар орасида билимсизлари бор. Ўшаларни элакдан ўтказамиз”, -деди Абдираҳман Маматалиев.
Комиссия таркибига президент, ҳукумат ва тегишли вазирлик вакиллари кирган. Маматалиев тест онлайн форматида ўтишини ва синов жараёнига истаган одам гувоҳ бўла олиши мумкинлигини қўшимча қилди.
Комиссия синовдан кейин “ўз вазифасига муносиб ва кўтарилиш имконияти бор” деб топган мансабдорлар кадрлар резервига киритилади. “Эгаллаган лавозимига нолойиқ” топилганлар ишдан бўшатилади.
Айрим кузатувчилар ҳокимларни бу тарзда имтиҳондан ўтказиш коррупция учун йўл очиб беради деб ҳисобламоқда. Парламент депутати Жанар Ақаев мана шундай фикрдагилардан бири:
“Биринчидан, бу 20 йилга ортга кетишни англатади. Иккинчидан, порахўрликка йўл очилди, деган сўз. Негаки, имтиҳон ҳақидаги хабар пайдо бўлганидан бери ҳокимлар Бишкекда юрибди. Ёнимдаги депутатларга учраб кетишаяпти. “Ёрдам беринглар, гаплашиб беринглар”, деб юришибди. Энди аттестациядан кимлар ўтади? Министрнинг қудаси, депутатнинг қудаси деганлар ўтади”.
Озодлик радиоси қирғиз хизмати турли ҳудудлардаги ўнга яқин ҳоким ва уларнинг ўринбосарлари билан бу маслада суҳбатлашди. Айрим мансабдорлар тест синовидан хавфсираб турган бўлса, айримлари буни ҳукуматнинг навбатдаги “хўжакўрсин сиёсати” сифатида баҳолади. Исми очиқланишини истамаган туман раҳбарларидан бирига кўра:
“Ҳозир олдиндан бирон нарса дейиш қийин. Назарий билимга эга бўлган мутахассислар ўтиб кетиши мумкин. Бироқ туманни бошқариш учун амалиётни билиш зарур. Яхши бошқарувчилар имтиҳондан ўтмай қолса нима бўлади?”
Парламент депутати Кенжебек Бўқўев ҳокимларни имтиҳондан ўтказиш тўғрсидаги қарор тушунарсиз эканини айтади.
“Ҳокимлар Бош вазир буйруғи билан тайинланади. Бу сиёсий лавозимдир. Шундоқ экан, имтиҳон қилишнинг нима ҳожати бор? Қонунларни, Конституцияни ёдлаб олганларнинг ҳаммаси ҳам туманларни ривожлантириб юбормайди. Мен бу аттестацияни тушунмадим”, - деди депутат.
Мамлакатнинг етти вилоятида қирқта туман ҳокими бор. Давлат кадр хизмати раиси Абдирахман Маматалиев яқин келажакда ҳоким ва бошқа барча юқори лавозимларга номзодлар танлов йўли билан аниқланишини маълум қилди.