Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:00

Ҳукумат бюджетни қисқартираётган бир шароитда бошқа давлатларга ёрдамни кучайтирмоқда


Ўзбекистоннинг ўзида ун ва картошка қимматлаб кетгани, баъзи ҳолатларда эса, тақчиллашгани ҳам кузатилмоқда Дўкон олдидаги навбат. Жиззах вилоят, Пахтакор тумани. Апрель, 2020.
Ўзбекистоннинг ўзида ун ва картошка қимматлаб кетгани, баъзи ҳолатларда эса, тақчиллашгани ҳам кузатилмоқда Дўкон олдидаги навбат. Жиззах вилоят, Пахтакор тумани. Апрель, 2020.

Ўзбекистон Россия Федерациясига 18 млрд. 548 млн. сўмлик, умумий оғирлиги 195 тонналик инсонпарварлик ёрдами жўнатди.

Шундай қилиб, коронавирусдан сақланиш учун Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдами кўрсатган давлатлар яна биттага кўпайди.

Ўзбекистон ҳукумати бундай ёрдамларни коронавирусга қарши кураш туфайли айрим давлат дастурларига сарфланадиган маблағларни қисқартираётган бир пайтда кўрсатмоқда.

Бюджетини қисқартираётган шароитда бошқа давлатларга ёрдам бераётган Ўзбекистоннинг ўзи ҳам халқаро молиявий ташкилотлардан, баъзи чет давлатлардан, хусусан АҚШдан ёрдам олмоқда.

Uzbekistan24 телеканалининг хабар қилишича, Ўзбекистондан Россияга жўнатилган юк таркибида “коронавирус инфекциясига қарши курашда қўлланиладиган зарур тиббиёт воситалари”мавжуд.

РИА Новости ахборот агентлигининг 18 апрелда Россия ҳукумати раиси ўринбосари Алексей Оверчукка таяниб хабар қилишича, Ўзбекистоннинг инсонпарварлик ёрдами ортилган самолёт Шереметьево аэропортига қўнган ва унда 5 миллионта тиббий ниқоб ва тиббий дока бўлган.

Ўзбекистон инсонпарварлик ёрдамини яна кимга ва қачон кўрсатди

14 апрель. Венгрияга 500 минг дона ҳимоя ниқоби жўнатилди. Венгрия ташқи ишлар вазири Петер Сийяртога кўра, Ўзбекистон 28 мартда ҳам Венгрияга 150 минг дона тиббий ниқоб жўнатган. Юк вазни ва қиймати айтилмаган.

12 апрель. Беларусга бир марта ишлатиладиган комбинезонлар, респираторлар, ҳимоя кўзойнаклари, латекс қўлқоплар, тиббий ниқоблар – жами бўлиб 513 мингта маҳсулот, шунингдек, 500 минг метр дока, 50 минг қути антисептик ҳамда 10 минг литр тиббиёт спирти жўнатилди. Юк қиймати айтилмаган.

10 апрель. Озарбайжонга 1000 та ҳимоя комбинезони, 51 000 та респиратор, 10 000 та қўлқоп, 1000 та ҳимоя кўзойнаги, 5000 та бош кийимли ҳимоя комбинезони, 300 000 та юз ниқоби, 150 000 та болалар учун юз ниқобини инсонпарварлик ёрдами сифатида жўнатиш тўғрисида Вазирлар Маҳкамаси фармойиши чиқди. Озарбайжонга жўнатиладиган инсонпарварлик ёрдамининг умумий қиймати 1 549 500 000 сўмдир.

9 апрель. Тожикистонга ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор. Юк вазни ва қиймати айтилмаган.

3 апрель. Қирғизистонга 17 та вагонда жўнатилган гуманитар ёрдам таркибида 1000 тонна ун, 7 минг комплект тиббий ҳимоя кийимлари, 95 та респиратор, 20 мингта тиббий қўлқоп, 500 такўзойнак, 200 та пирометр, 7 мингта бир марталик респираторлар жўнатилди. Юк қиймати айтилмаган.

Қирғизистонга 17 та вагонда ёрдам етказилди.
Қирғизистонга 17 та вагонда ёрдам етказилди.

Бундан ташқари 29 мартда Ўшга 10 мингта тиббиёт ниқоби ва 900 та ҳимоя костюми, 4800 та экспресс-тестлар ва реагентлар жўнатилган.

1 апрель. Афғонистонга озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий буюмлар ва болалар трикотаж маҳсулотлари жўнатилди. Юк вазни ва қиймати айтилмаган.

12 март. Эронга бир марталик стерил тиббий қўлқоплар, ​ҳимоя комбинезони, ​махсус тиббий форма, ​тиббий ниқоблар, ​тиббий дока, ​тиббий спирт, гигиеник гель ва “Rutan” таблеткалари юборилажаги хабар қилинди. Юк вазни ва қиймати айтилмаган.

3 март. Хитойга махсус тиббий кийимлар, тиббий ниқоблар ва тиббий докалар жўнатилди. Юк вазни ва қиймати айтилмаган.

12 февраль. Хитойга бир марта ишлатиладиган қўлқоплар, ҳимоя комбинезонлари, тиббий ниқоблар жўнатилди. Юк вазни ва қиймати айтилмаган.

Ўзбекистон қачон, кимдан нима олди

18 апрель. Озарбайжондан бир марталик шприцлар, бахилалар, чойшаблар, антисептиклар, дезинфекциялаш воситалари, суюқ совун, совун, тиббиёт спирти келди. Ёрдам миқдори ва қиймати хабар қилинмади.

17 апрель. Россия Ўзбекистонга COVID-19 коронавирус инфекциясини аниқловчи тест тизимларини совға қилди. Совғанинг миқдори ва қиймати хабар қилинмади.

12 апрель. Беларусь инсонпарварлик ёрдами кўрсатган Ўзбекистонга жавоб тариқасида иккита МТЗ-82 трактори совға қилди.

30 март. Хитойдан таркибида тиббиёт қўлқоплари, ҳимоя кўзойнаклари, юз ниқоблари ва пирометр 20 тонна юк келди. Ёрдам қиймати хабар қилинмади.

АҚШ ва халқаро ташкилотлар ёрдами

16 апрель. Америка Қўшма Штатлари Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали, Ўзбекистонга қиймати қарийб 400 000 АҚШ доллари бўлган 131 320 кг озиқ-овқатни етказиб берди.

16 апрель. АҚШ Давлат департаменти дунёдаги 100 дан ортиқ давлатла, шу жумладан Ўзбекистонга ҳам COVID-19 га қарши курашини қўллаб қувватлаш мақсадида қарийб 848 минг долларлик молиявий ёрдам ажратилишини хабар қилди.

2 апрель. АҚШ ҳукумати Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали, Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш мақсадида қўшимча кўмак ажратишини эълон қилди.

17 март. АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига иккинчи хайрия ёрдами сифатида шахсий ҳимоя воситаларини топширди. АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) тақдим этган шахсий ҳимоя воситалари таркибига 10 000 та қўлқоп, 10 200 та ниқоб, 1400 та махсус халат ва 200 та кўзойнак киради. Улар бутун Ўзбекистон бўйлаб вилоят марказлари ва шаҳарларда тарқатилади.

Жорий йилда Ўзбекистонда халқаро ва хорижий молия институтлари томонидан йўналтирилган 2,7 миллиард долларни ўзлаштириш режалаштирилган. Уларнинг асосий қисми Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ҳиссасига тўғри келади.

Бошқаларга ёрдам бераётган Ўзбекистоннинг ўзида ҳамма нарса етарлими?

Вазирлар Маҳкамасининг 10 апрелдаги қарорида Озарбайжонга жўнатилиши режалаштирилган 51 мингта респираторнинг 50 мингтаси Тошкентдаги Eco Breath МЧЖдан олиниши белгилаб қўйилган.

Корхона вакили 20 апрелда Озодлик саволларига жавобан Eco Breath бир кунда 15 мингтагача бир марта ишлатиладиган респиратор ишлаб чиқаришини, шунинг учун ҳукумат буюртмасини бажариш қийин бўлмаганини, етказиб берилган 50 000 та респиратор учун пулни ҳукумат тўлаб берганини билдирди. Eco Breath вакилининг айтишича, улар ишлаб чиқараётган респираторларнинг биттаси 12-13 минг сўм туради.

“Менимча, коронавирусга қарши кураш учун керак бўладиган воситалар тақчиллиги шу кунда кузатилмаяпти” , деди Озодлик саволига жавобан Eco Breath вакили.

Бироқ ҳукуматнинг ўзи Eco Breath вакилининг оптимизмига шерик бўлмоқчи эмас кўринади. Ҳар ҳолда президент Мирзиёев 17 апрелда ўтказган йиғилишда Соғлиқни сақлаш вазирлиги олдига бирламчи ва тиббий ёрдам лойиҳалари доирасида Осиё тараққиёт банки ҳамда Жаҳон банкининг 30 миллион доллар маблағи эвазига ўпкани сунъий вентиляция қилувчи 2 300 та аппарат ва бошқа ускуналар сотиб олиш вазифасини қўйди.

Ўзбекистон бошқа давлатларга кўрсатган инсонпарварлик ёрдами таркибида асосан тиббиёт воситалари бор. Баъзи давлатларга (Афғонистон, Тожикистон, Қирғизистон) озиқ-овқат, ун ва ун маҳсулотлари ҳам етказиб берди. Айни пайтда Ўзбекистоннинг ўзида ун ва картошка қимматлаб кетгани, баъзи ҳолатларда эса, тақчиллашгани ҳам кузатилмоқда бу Озодликка бу ҳақда қатор хабарлар келган.

Вазиятнинг жўн эмаслигини аҳолига арзон ун ва картошка етказиб бериш вазифаси прокуратурага юклатилганидан ҳам кўриниб турибди.

Торайган бюджет

Президент 15 апрелда “Коронавирус пандемияси даврида Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш ва биринчи навбатдаги тадбирларни ўз вақтида молиялаштириш чора-тадбирлари тўғрисида​”ги қарорни имзолади.

Қарорга асосан долзарб ҳисобланмаган лойиҳа ва харажатлар кейинги даврларга кўчирилади. устуворлиги ва ижтимоий йўналтирилганлиги инобатга олинган ҳолда айрим давлат дастурларига сарфланадиган маблағлар қисқартирилади.

Бюджет ташкилотлари ходимларига 2020 йилнинг 16 апрелидан 1 октябрига қадар моддий рағбатлантириш махсус жамғармаси ҳамда директор жамғармаси маблағлари ҳисобидан тўловлар ҳисобланиши тўхтатиб турилади.

XS
SM
MD
LG