Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:39

РЕФЕРЕНДУМ ҚАДР ТАРОЗИСИМИ?<br>(Қирғизистонда ўтказилган референдумнинг дастлабки натижалари.)


2 февраль, якшанба куни Қирғизистонда референдум бўлиб ўтгани тўғрисида Сизга аввал хабар берган эдик.

Душанба куни мамлакат Марказий сайлов комиссияси референдумнинг дастлабки натижаларини эълон қилди. 5 февралда эса якуний натижалар эълон қилиниши кутилмоқда.

Қуйида умумхалқ овозига қўйилган масалалар ҳамда уларга нисбатан қирғизистонликлар билдирган муносабат тўғрисидаги маълумотлар билан танишинг.

***

2 февраль куни умумхалқ овозига 2 масала қўйилди. Қирғизистонлик сайловчилар Қирғизистон республикаси Конституцияси янги таҳрирдаги матнининг қабул қилинишига розимисиз ҳамда Қирғизистон президенти Асқар Ақаевнинг ўз амалида 2005 йилгача қолишига розимисиз, деган мазмундаги саволларга жавоб бердилар.

Аслида, президент Ақаев сўнгги сайловда 2005 йилгача сайланган эди. Куни кеча ўтказилган референдумда эса, ваколатларини яна бир бор тасдиқлатиб олмоқчи бўлди. Нима мажбур қилди уни бундай қадам ташлашга? Бу саволнинг жавобини ҳам излаб кўрамиз. Ҳозирча референдумнинг дастлабки натижалари тўғрисида икки оғиз маълумот.

Қирғизистон республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Сулаймон Имонбоев 3 февраль куни ёйинлаган дастлабки маълумотларига кўра,
2 миллион 128 минг 150 сайловчи овоз бериш участкаларига келган. Бу - республика бўйлаб рўйхатга олинган сайловчиларнинг қарийб 87 фоизидир.

Республика конституцияси янги таҳрирдаги вариантининг қабул қилинишига овоз берувчиларнинг 75 ярим фоизи розилик билдирган.

Иккинчи масала - Асқар Ақаевнинг ўз лавозимида 2005 йилгача қолишига қарийб 79 фоиз сайловчи розилик билдириб, қарийб 8 фоиз сайловчи қарши овоз берган.

Бу референдумнинг дастлабки натижалари тўғрисидаги маълумотлар эди. Сайлов комиссияси раисига кўра, 5 февраль куни эълон қилинадиган якуний натижалар дастлабки натижалардан кескин фарқланмайди.

Референдумнинг қандай ўтганлиги тўғрисидаги баъзи маълумотлар билан танишинг энди.

Қирғизистондаги нотижорат ва нодавлат ташкилотлар уюшмаси раиси Токтайим Уметалиева референдумнинг асосий принципларига риоя қилинган, яъни овоз беришнинг ихтиёрийлиги ҳамда махфийлиги таъминланган. Инсон ҳуқуқлари бузилмади, дейди Токтайим Уметалиева.

Бироқ, Қирғизистон демократик партияси лидерларидан бири Жипар Жекшеевга кўра, референдумда кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилган: "Кўп участкаларга партиямиз вакиллари - кузатувчиларни киритишмади, референдум холис ўтказилди, дея олмайман, - дейди Жипар Жекшеев ва давом этади, - ҳокимиятлар вакиллари аҳоли пунктларини квадратларга бўлиб олиб, сайловчиларни қўй санагандай санаб олиб келдилар. Машиналарда келтириб, қайта олиб бориб қўйишди."

Референдумнинг дастлабки натижалари билан юқорида Сизни таништирдик ва Сиз билдингизки, қирғизистонликларнинг асосий кўпчилиги умумхалқ овозига қўйилган иккала таклифга ҳам розилик берди. Бироқ, умумий кўрсаткич шундоқ бўлгани билан, айни пайтда республиканинг баъзи ҳудудларида сайловчилар референдумни деярли бойкот қилдилар. Масалан, Жалолобод вилояти Ахси тумани Жанижўл, Қўйтош сайлов участкаларида рўйхатга олинган сайловчилар овоз беришга қатнашишдан бош тортганлар. Ўша ерлик фуқаро Қуванчбек Маматкеримовга кўра, Қўйтош сайлов участкасида 324 сайловчи рўйхатга олинган. Референдум куни соат 3 яримга қадар 9 киши бюллетен ташлади, улар ҳам маҳаллий ташкилотлар раҳбарларидир, Жанижол сайлов участкасида эса 1474 сайловчи бор, овоз беришга уларнинг 135 нафари келган холос.

Хўш, ахсиликлар нима учун референдумни бойкот қилдилар. Бу саволнинг жавоби яна бир савол,
референдумни ўтказиш зарурати қайдан пайдо бўлдию конституцияни нега ўзгартирдилар, деган саволга жавоб бўлади.

Жавобни топиш учун 2002 йилнинг январига қайтишга тўғри келади. Республика парламенти - Жогорку Кенешнинг Ахси туманидан сайланган депутати Азимбек Бекназаров ўшанда ҳибсга олинган, ўз депутатини ҳимоя қилиб чиққан ахсиликлар митинг устига митинг ўтказа бошлаган ва март ойида ўтказилган ўшандай митинглардан бирини милиция ўққа тутган, 5 киши милициянинг ўқидан нобуд бўлган эди. Шундан сўнг, ахсиликлар, республикадаги бир қатор сиёсий партиялар президент Акаевнинг истеъфога кетишини, сиёсий ижтимоий ислоҳотлар ўтказилишини зўр бериб талаб қила бошладилар. Президент мухолифатга ён бергандек бўлди. Мамлакат ҳукуматини истеъфога чиқарди. Ҳокимият ва мухолифат ўртасидаги мулоқот фаоллашди. Ўша мулоқот натижаси ўлароқ, 2002 нинг августида Конституциявий кенгаш тузилди. Конституциянинг референдумга чиқарилган варианти ўша кенгаш томонидан ишлаб чиқилган вариантдир. (Янги вариантнинг эскисидан фарқи алоҳида мақола мавзу бўлгани учун бугун бу масалага тўхталмаймиз.)

Референдумга чиқарилган иккинчи савол, Асқар Ақаевнинг 2005 йил декабригача президентлик лавозимида қолишига розимисиз, деган савол эса, йўл-йўлакай, биринчи асосий саволга илова тарзида Ақаевнинг ҳоҳиши билан пайдо бўлди. Президент бир ўқ билан икки қуённи уриб олди. Унинг учун, афтидан, иккинчи қуён муҳимроқ эди. Шу йўл билан Ақаев 2002 йил давомида сиёсий саҳнадан тушмай келган шиор, "Ақаев истеъфога чиқсин", шиорини "йиртиб ташламоқчи" бўлди. Йиртилиб кетдимикан бу шиор?
XS
SM
MD
LG