Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:57

Алмати суди Дуванов иш юзасидан чиқарилган қарорни ўз кучида қолдирди


Қамоққа олинган қозоқ журналисти ҳимоячиларининг даъво аризасини кўриб чиққан Алмати вилоят суди Қорасой туман суди қарорини ўз кучида қолдирди. Эслатиб ўтамиз Қорасой туман суди қозоғистонлик мустақил журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Сергей Дувановни балоғат ёшига етмаган қизни зўрлаганликда айбдор топиб, уч ярим йилга озодликдан маҳрум қилган эди. Ўшанда Дуванов тарафдорлари 50 яшар журналистнинг ҳибсга олинишини ҳокимият томонидан амалга оширилган иғво, дея таърифлашган ва суд қарори бекор этилишини сўраб Алмати вилоят маҳкамасига мурожаат қилишган.

Сешанба куни Алмати суди қозоқ журналисти ҳимоячиларининг даъво аризасини кўриб чиқиб, нафақат Қорасой туман суди қарорини ўз кучида қолдирди, балки Дуванов 14 яшар қизни онгли равишда зўрлаган деган қарорни чиқарди.

Суднинг бундай қарори Дуванов ҳимоячиларининг кескин эътирозига сабаб бўлди. Улар маҳкаманинг сўнгги қароридан кейин ҳам журналистни озод этиш учун курашни давом эттириш ниятидалар.

Дувановни озод этиш штаби аъзоси Нурболат Масанов гапиради:

"Бу билан штаб фаолиятини тўхтатмайди. Сергей Владимрович озод этилиб, ушбу иғво ортида турганлар жазоланмас экан, биз курашни давом эттираверамиз".

Нурболат Масановга кўра, Дувановнинг қамоққа олиниши билан боғлиқ иғвони ташкиллаштирганлар асосан прокуратура, хавфсизлик идоралари, ички ишлар вазирлиги ходимларидир. Бу иғвонинг бош ташкилотчиси эса, дейди Масанов, президент Назарбоевнинг ўзи.

" Дуванов билан боғлиқ ҳеч қанақа жиноий иш йўқ. Бу Назарбоев тарафидан уюштирилган сиёсий "иғво"дир. Дувановга келсак, у халқаро ҳамжамият тарафидан сиёсий маҳбус сифатида эътироф этилди. Биз энди халқаро ҳамжамиятдан барча иғвогарлар, демократия душманлари жазога тортилишини ва бу борада дипломатик чоралар кўрилишини талаб қиламиз".

Бу Дувановни озод этиш штаби аъзоси Нурболат Масанов эди.

Сергей Дуванов, Очиқ жамият институти тарафидан уюштирилган анжуманда иштирок этиш учун Ню Йоркка учишидан бир кун олдин 14 яшар қизни зўрлаганлик айби билан ҳибсга олинган эди. Шу ўринда 13 март куни "Ню Йорк таймс" газетасида эълон қилинган Дуванов иши билан боғлиқ янги фактларга диққатингизни қаратсам. Голландиялик дипломат тарафидан тақдим этилган далилий маълумотларда жабрланувчи 14 ёшдан катта бўлгани, у Дуванов ҳибсга олинмасдан олдин ҳам бокира бўлмагани ва ҳатто туққан бўлиши мумкинлиги ҳақида айтилади. Маълумки, жабрланувчининг онаси судга қизи бокира бўлгани ҳақда кўрсатма берган.

Шу ўринда яна бир маълумот. "Ню Йорк таймс" газетасининг голланд дипломати ҳисоботига таяниб ёзишича, жабрланувчининг оила-аъзолари шаҳар чеккасидаги уйини 5 минг долларга пуллаб Дувановнинг Алматидаги уйи яқинига сентябр ойида, яъни воқеа содир бўлишидан бир ой олдин кўчиб ўтишган. Бироқ, судда жабрланувчининг яқинлари булар ҳақда тушунтириш бериб ўтирмадилар. Хуллас, тергов жараёнларида бу маълумотларнинг назардан четда қолгани Дуванов иши яхши ўрганиб чиқилмаганидан далолат бермоқда. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Қозоғистондаги ваколатхонаси эса Голланд дипломати тарафидан тақдим этилган маълумотларни ўрганиб чиқишга киришди.

Айни пайтда, жабрланувчининг, яъни Дуванов тарафидан зўрланганлиги айтилаётган қизнинг яқинлари ва адвокатлари Дувановга белгиланган 3 ярим йиллик қамоқ жазоси кам эканини айтиб, ушбу муддат узайтирилишини сўраб судга мурожаат этганлар. Жабрланувчи қизнинг онаси Ирина Капелившина гапиради:

"Қорасой туман суди қарори мени қониқтирмайди. Дувановга жуда оз қамоқ муддати белгиланди, холбуки жиноят колдексининг 120 моддасида бу каби жиноят учун 5 йилдан 10 йилгача жазо муддати кўрсатилган. Қизимиз шаънига катта путур етган, газеталарда оиламизга қарата таъна тошлари отилаётган бир пайтда, шуми энди, маҳкаманинг жавоби?".

Маҳкама мажлисида давлат қораловчиси судьядан Сергей Дувановни етти йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган эди. Судланувчининг адвокатлари унинг айбсиз эканлигини исботлашга ҳаракат қилдилар. Дувановнинг ўзи эса суд мажлисида: "Мен айбсизман. Мен ҳеч қачон ҳеч кимни зўралмаганман. 27 октябрь оқшомида рўй берган воқеаларнинг барчаси иғводан бошқа нарса эмас", -деб таъкидлаган.

Шу кунларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи бир қатор халқаро ташкилотлар Сергей Дувановнинг озодликдан маҳрум этилиши ва бу қарорнинг ўз кучида қолдирилгани муносабати билан баёнотлар ёйинламоқдалар. Жумладан, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро лига, Россиядаги Экстремал журналистика маркази 13 март куни Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев номига битилган мурожаатномасини эълон қилди. Мурожаатномада Дуванов ишини қайта кўриб чиқиш талаб этилади.
XS
SM
MD
LG