Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:55

Қирғизистонда “Нафрат” мукофоти таъсис этилди


Абдуллоҳ Эргаш

Дунёда нима кўп, мукофот кўп. Лекин куни – кеча Қирғизистонда таъсис этилган янги мукофот бошқаларидан алоҳида ажралиб туради. Қирғизистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари “Нафрат” умуммиллий мукофотини жорий этдилар. Хўш, бу мукофот кимларга ва қандай хизматлари учун берилади? Бу саволга ҳамкасбимиз Абдуллоҳ Эргаш лавҳасидан жавоб топамиз.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Бишкекдаги Хелсинки гуруҳи “Нафрат” миллий мукофотини таъсис этди. Мукофот Қирғизистон ҳудудида ноинсоний, адолатсиз ва репрессив услубда ишловчи давлат ташкилотларига берилади. Шунингдек, ўз ҳатти – ҳаракатлари билан халқ фаровонлигига зиён келтирган амалдорлар ҳам бу мукофотдан бебаҳра қолмайдилар. Мукофот етти номинация бўйича берилиб, уларнинг номлари мана бундай:

- “Энг бюрократик амалдор”
- “Инсон ҳуқуқларининг ашаддий бузувчиси ”
- “Эркинликка қарши ашаддий курашчи”
- “Энг агрессив ҳукумат ёки ноҳукумат ташкилоти”
- “Энг аҳмоқона хавфсизлик чораси”
- “Энг ёлғон ваъдалар”

Бош мукофот - “Йилнинг энг ёмон одами”.

Постсовет ҳудудидаги амалдорлар Қирғизистондаги ҳамкасбларига ҳавас қилмасалар ҳам бўлади. Бундай мукофот жорий этилган мамлакатда давлат амалдори бўлиб ишлаш осон дейсизми...

Биз Бишкекдаги Хелсинки гуруҳи директори Игор Варениковга телефон орқали боғланиб, “Нафрат” миллий мукофоти таъсис этиш ғояси қандай пайдо бўлганлигини сўрадик.

- Гап шундаки, бу каби мукофотлар дунёнинг кўпгина мамлакатларида таъсис этилган. Масалан, Буюк Британияда “Катта ака” мукофоти бор. Бу мукофот ўз фаолияти билан инсон эркинликларига тўсқинлик қилган шахсларга берилади. Биз ҳам мана шу йўлдан бориб, жамиятимиз тараққиётига тўсқинлик қилаётган шахслар ва ташкилотларни мукофотлашга қарор қилдик, - дейди Игор Вареников.

Бишкекдаги Хелсинки гуруҳи томонидан таъсис этилган “Нафрат” мукофотига номзодлар қандай йўл билан аниқланади? Айни пайтда кимлар ва қайси ташкилотларга “Нафрат” мукофоти топширилиши таҳмин қилинмоқда?

Бу саволимизга ҳамсуҳбатимиз шундай жавоб қилди:

- Албатта номзодлар бор. Бироқ, мен олдиндан бирон нарса дейишга ожизман. Чунки, номзодларни аниқлаш Қирғизистон халқининг масъулиятидадир. Аҳоли ижтимоий сўровлар орқали ўз фикрини билдиргач, таниқли жамоат арбобларидан ташкил топган ҳайъат аъзолари мукофотни кимга ва қайси ташкилотларга бериш масаласини ҳал қилади. Мукофотланганларга махсус диплом ва “Нафрат” ҳайкалчаси берилади, - дейди Бишкекдаги Хелсинки гуруҳи директори Игор Вареников.

Шу ўринда баъзи бир ижтимоий сўров натижалари билан таништириб ўтишни лозим топдик. Бишкекдаги жамоат фикрини ўрганувчи “Консалтинг” компанияси томонидан ўтказилган ижтимоий сўровда, респондентларнинг 45 фоизи Ички ишлар вазирлигини энг агрессив, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузувчи ташкилот, деб топганлар.

Қирғизистон парламенти – Жогорку Кенеш махсус комиссиясининг берган маълумотига кўра, Ички ишлар тизими томонидан қамоққа олинганларнинг 43 фоизи айби исботланмаганлиги учун суд залидан озод қилинган. Аҳолининг 55 фоизи эса суд ва божхона тизимини энг коррупциялашган тизим, деб фикр айтган. 40 фоиз аҳоли прокуратурага ишончсизлик билдирган.

Бу ҳиссиз рақамларга ишонадиган бўлсак, Бишкекдаги Хелсинки гуруҳи таъсис этган мукофотга талабгорлар анчагина топилар экан.

Мукофотга номзодлар ҳам аниқланди, дейлик. Лекин ким ҳам ўз ихтиёри билан “Нафрат” деб аталмиш ҳайкалчани ва муқовасига зарҳал харфлар билан “Нафрат” сўзи битилган дипломни тантанали тарзда қабул қилиб олади? Бундай одам ёки ташкилот топилмаса керак...


Мулоҳазамизни Игор Варениковга ҳам билдирдик. Жавоб мана бундай бўлди:


- Албатта, конкрет ташкилот ёки амалдорнинг исми эълон қилингач, судларга аризалар билан мурожаат қилишлар ҳам бошланиб кетиши мумкин. Биз бунга тайёрмиз. Агар ҳукумат томонидан мукофот таъсисчиларига қарши жиноий жазо чоралари қўлланилса, ҳукумат демократик тамойиллардан чекинаётганлигини яна бир бор намойиш қилган бўлади. Иккинчидан эса, ҳукумат ҳақиқий башарасини намоён этади, - деди Игор Вареников.
XS
SM
MD
LG