Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:29

Ўзбекистон Президентининг қизи Гулнора Каримова яратган салтанат


Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг ўн йиллик собиқ қудаси, Абдурауф Мақсудий собиқ келини Гулнора Каримовага қарши халқаро майдонда шавқатсиз уруш эълон қилган кўринади. Бунинг дастлабки намунаси ўлароқ, жаҳон молия гуруҳлари орасидаги энг нуфузли манба саналмиш "Financial Times" газетасидаги "Ўзбекистон йўлбошчининг қизи учун туганмас бойлик манбаи" сарлавҳали мақолани келтириш мумкин. Афтидан Мақсудийлар оиласи, қолаверса, 2001-2003 йилларда Гулнора Каримованинг бош ҳисобчиси бўлган Фарҳод Иноғомбетов берган ҳужжатларга асосланган газета мухбири Дэвид Штэрн (David Stern) асосий эътиборни Ўзбекистон президентининг 31 яшар қизи Гулнора Каримова яратган бизнес салтанатига қаратади.

"Хушбичим қоматли, каратэ бўйича қорабелбоғ соҳиби ва Харвард Бизнес мактаби битирувчиси бўлган Гулнора Каримова Ўзбекистон Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизидир. 31 ёшида Каримова хоним Марказий Осиё бизнес доираларидаги муҳим шахслардан бирига айланиб улгурди", - дея ёзади "Financial Times" газетаси.

Гулнора Kаримованинг бойликларию бизнес доираларидаги таъсири ҳақидаги миш-мишлар сўнгги пайтларда эл оғзига тушди.

"Financial Times" мухбири Дэвид Штэрннинг журналистик суриштирувлари шуни кўрсатганки, Президент Каримовнинг тўнғич қизи сўнгги икки йил ичида Ўзбекистондаги етакчи мобил телефон ширкатидан тортиб, мамлакатдаги энг йирик цемент заводидаги улушлари эвазига кенг қамровли бизнес империясини яратишга муваффақ бўлган.

Халқаро Карнеги жамғармасида Марказий Осиё бўйича эксперт Марта Олкот (Martha Brill Olcott) "Financial Times" мухбири билан суҳбатда Гулнора Каримованинг бизнес салтанати қамрови кенгаяётганини Ислом Каримов сиёсий саҳнадан кетиши олдидан кўрилаётган тараддуд ёки Гулнора Каримованинг ҳокимиятни қўлга олиш уринишлари сифатида кўришини айтади. "Агар бу уринишлар замирида Каримовлар династияси умрини узайтириш ётса, бу 25 миллионлик мамлакат учун фожиали бўлиши ва Ўзбекистонда қалтис вазиятни юзага чиқариши мумкин", - дейди Олкот хоним.

Дэвид Штэрн мақоласи давомида гарчи отаси Ислом Каримов совет Ўзбекистонида молия вазиридан тортиб Госплан раиси каби юқори лавозимларни эгаллаб келган бўлса-да, Гулнора Каримованинг маликанамо шароитда ўсмаганини таъкидлайди. Мақолада ёзилишича, Каримова хоним илк бор ўзининг биринчи турмуш ўртоғи Мансур Мақсудий билан 1991 йилнинг июлида, 19 ёшга тўлган кунида танишади. Орадан тўрт ой ўтар-ўтмас ўша йилнинг ноябр ойида, яъни Ислом Каримов мустақил Ўзбекистон президенти этиб сайланишидан бир ой олдин Гулнора Каримова Мансур Мақсудийга турмушга чиқади.

Гулнора Каримова ва Мансур Мақсудийлар ўртасидаги 10 йиллик турмуш ортда қолгач, эр-хотин ажрашишга қарор қилишади. Орада икки бола кимнинг қарамоғида қолиши борасида суд можаролари бошланади. Мақсудий болаларини ва Ўзбекистонда қолган мол-мулкини қайтариб олиш учун даъво аризаси билан Ню Жерси маҳкамасига мурожаат қилади. Суд Мақсудий аризасини кўриб чиқиб, икки бола отаси қарамоғига ўтиши ҳақида қарор беради. Америка маҳкамасининг бундай қарорига қарамай болалар Ўзбекистон суди қарори билан онаси Гулнора Каримова ихтиёрида қолмоқда. "Ню Жерси маҳкамаси қарори боис Каримова хоним Ғарб давлатларига чиқа олмайди", - деб ёзади"Financial Times".

Ўз навбатида Тошкент расмийлари максудийларнинг Ўзбекистондаги фаолиятини ноқонуний деб топди. Текширувлар давомида экспорт-импорт операциялари билан шуғулланиб келган Мақсудийларга тегишли "ROZ Trading" ширкатининг 12 миллион долларлик солиқни яширгани ва бир қатор бошқа жиноятлар содир этгани маълум бўлган. Аммо, Мақсудийлар оиласи бу айбловларни рад этмоқда.

2001 йилнинг августида Мансур Мақсудий турмуш ўртоғи Каримова билан ажрашишга қарор қилганида Мақсудийларга тегишли бўлган Ўзбекистондаги "Coca-Cola", "ROZ Trading" ширкатларида тафтиш бошланди. Оқибатда, Мақсудийларнинг бир қанча қариндоши жиноят содир этганликда гумон этиб қамоққа олинди.

Гулнора Каримова Мансур Мақсудий билан ажрашганидан сўнг Фарҳод Иноғомбоевни ўзининг бош ҳисобчиси этиб ёллайди. Унгача Иноғомбоев Бирлашган Араб Амирликларида мақсудийлар учун ишлаётган эди. 2001 йилнинг ноябрида Фарҳод Иноғомбоев ва Гулнора Каримовалар Бирлашган Араб Амирликларига боришади ва Шаржа шаҳрида "Revi Holdings" ширкатига асос солишади. Иноғомбоев эса Каримованинг Дубайдаги вакили сифатида иш юрита бошлайди.

Ўзи ва оиласи учун Америкадан сиёсий бошпана сўраган Фарҳод Иноғомбоев собиқ бошлиғи Гулнора Каримованинг даромадлари ҳақида "Financial Times" газетасига батафсил маълумот берди.

Иноғомбоевнинг "Financial Time"га айтишича, фаолиятининг дастлабки ойлари "Revi Holdings" ширкати ҳисобига йирик миқдордаги долларлар оқиб кела бошлади. "Айрим пуллар, - дейди Иноғомбоев, -Ўзбекистоннинг етакчи мобил телефон ширкати "Ўздунробита"дан келиб тушган".

Гарчи, "Ўздунробита" бош директори Беҳзод Аҳмедов буларни шунчаки миш-миш дея изоҳласада, "Dun and Bradstreet" мустақил бизнес мониторинг гуруҳи ҳақиқатан ҳам "Revi Holdings" нинг "Ўздунробита"да улуши бўлганини тасдиқлаган. Қолаверса, бу ҳақда "Ўздунробита" ширкатининг ички ҳисоботларида ҳам қайд этилади.

"Financial Times" газетасига Иноғомбоев тақдим этган ҳужжатларда "Ўздунробита" 2002 йил 31 июл куни имзоланган шартномага мувофиқ консалтинг ҳизмати учун 330минг доллар пулни "Revi Holdings" ҳисобига ўтказган. Шунингдек, Ўзбекистонда фаолият олиб боряётган Хитойнинг Хювей телекоммуникация ширкатидан ҳам 1 миллион доллар миқдоридаги пул "Revi" ҳисобига келиб тушган. Яқинда эса Каримова Шаржадаги "United International Group" деб аталувчи бошқа бир афшор кампанияси орқали Қувасой цемент заводининг ўзининг 44.5 физлик акцияларини қўлга киритган. "Шу йилнинг 12 мартида қайд этилган ҳужжатга кўра, мамлакатдаги энг йирик саноат иншоотларидан бири бўлмиш Қувасой заводи ҳиссалари учун Каримова хоним бор-йўғи 172 минг 853 доллар тўлаган", - ёзади "Financial times".
XS
SM
MD
LG