Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:39

Милиция ходимлари порахўрликда айбланмоқдалар.


15 сентябр куни Хоразм вилояти Жиноят ишлари бўйича судида 5 нафар милиция ходими ва бир неча фуқаро устидан суд жараёни бошланди. Дастлабки айблов хулосасига кўра, милиция ходимлари 1 миллион сўм пора олганликда айбланмоқда. Икки фуқарога эса гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганлик айби қўйилган.

Хабарларга қараганда, ушбу ишга алоқадар шахслар - Урганч шаҳар жиноят қидирув бўлими бўлинма бошлиғи Улуғбек Қурбонов, тергов бўлими бўлинма бошлиғи Мадиёр Исмоилов ҳамда бўлинманинг 3 нафар тезкор ходимига нисбатан Миллий хавфсизлик хизмати томонидан шу йилнинг 23 апрель куни жиноят иши қўзғатилган. Улар эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олиниб, айни пайтда ҳибсда сақланмоқда.

Гиёҳванд моддалар савдосида айбланаётган хонқалик 44 ёшли Бозорбой Каримовнинг 18 ёшли ўғли озодликдан маҳрум қилинганига ҳали кўп вақт бўлгани йўқ. Бугун эса унинг ўзи темир панжара ортида ўтирибди.

Б.Каримовнинг айтишича, Хонқа тумани ички ишлар бўлими ва Урганч шаҳар жиноят қидирув бўлими ходимлари ўзаро тил бириктириб, уни гиёҳванд моддалар олди-соттиси билан шуғулланишда айблаган ва ушбу жиноят ишини ёпиш учун 1 миллион сўм пора талаб қилган.

Б.Каримовнинг дастлабки терговдаги кўрсатмаларига кўра, у ушбу суммани милиция ходимларига берган.

Судя Гулчеҳра Қулимова раислигидаги суд жараёнида судланувчи Бозорбой Каримов гиёҳванд моддалар истеъмол қилишини ҳам тан олди.

Яна бир судланувчи Қўзивой исмли фуқаро эса гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланганини тан олиб, уни бу ишга Бозорбой Каримов бошлаганини билдирди. Унинг кўрсатмасига кўра, Хонқа туманидаги айрим милиция ходимлари уларнинг бу иш билан шуғулланишидан хабардор бўлган. "Биз Б.Каримов орқали милиция ходимларига вақти-вақти билан пул бериб турардик,"- деди Қўзивой судда.

Суд жараёнида судланувчи милиция ходими Улуғбек Қурбонов шериклари билан бирга бир миллион сўмни пора сифатида олганини тан олди.

Суд жараёни бир неча кун давом этиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG