Линклар

Шошилинч хабар
05 июл 2024, Тошкент вақти: 14:56

Халқаро хабарлар

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари «Халқ сўзи»даги мақолага эътироз билдирди

10 октябрь куни «Freedom house» ташкилотининг Тошкентдаги ваколатхонасида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи ташкилотлар вакиллари матбуот анжумани ўтказди.

Анжуманда яқинда «Халқ сўзи» ва «Народное слово» газеталарида чоп этилган «Қонунбузар ким: маҳалла қўмитасими ёки Ҳьюман райтс уотч» мақоласи юзасидан мулоҳазалар билдирилди.

Анжуман ташкилотчиларининг фикрича, мақола ҳукуматнинг буюртмаси асосида ёзилган бўлиб, унда «Ҳьюман райтс уотч» ташкилотининг Тошкентдаги вакиласи Матильда Богнер шаънига ҳақоратомуз гаплар ишлатилган. Шунингдек, асоссиз фактлар ва иғвога таянилган ушбу мақолада халқаро ташкилот вакиласига нисбатан ошкора таҳдид оҳанглари сезилади.

Эслатиб ўтамиз, мақолада «Ҳьюман райтс уотч» ташкилотининг маҳаллалардаги қонун бузилишлар тўғрисидаги ҳисоботи танқидга олинган.

Кун янгиликлари

Қорачой-Черкесияда ҳам ниқобга вақтинчалик тақиқ жорий этилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Қорачой-Черкесия мусулмонлари диний бошқармаси республика ҳудудида ниқобга вақтинча тақиқ жорий этди. Бу ҳақда РБК муфтиятнинг тегишли буйруғига таянган ҳолда хабар қилди.

Ҳужжатга мувофиқ, тақиқ “мавжуд хавф-хатар бартараф қилиниб, янги фатво чиққунига қадар” амалда бўлади.

Қорачой-Черкесия муфтийси ва Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази раиси Исмоил ҳожи Бердиев мазкур буйруқ марказ муфтийлар кенгаши қарорига мувофиқ равишда қабул қилинганини билдирган.

Аввалроқ Шимолий Кавказ мусулмонлари мувофиқлаштирувчи маркази ниқобда юриш мажбурий эмаслиги ва бу каби кийим-бош Шимолий Кавказ учун ҳеч қачон анъанавий бўлмагани ҳақида баёнот тарқатган.

Қорачой-Черкесия ниқоб вақтинча тақиқланган минтақадаги иккинчи республика бўлди. 3 июль куни Доғистон муфтияти “хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда” ниқобга вақтинча тақиқ жорий этилганини эълон қилган эди.

Хабаровск ўлкасидан 500 дан зиёд ноқонуний мигрант бадарға қилинди

Архив сурати
Архив сурати

Россиянинг Хабаровск ўлкаси суд приставлари жорий йил бошидан буён 512 нафар мигрантни мажбурий равишда мамлакатдан бадарға қилишган. Улар Россия қонунчилигида кўзда тутилган тартибни бузиб, мамлакат ҳудудида ноқонуний юргани айтилмоқда.

Маъмурий ҳуқуқбузарликда айбдор деб топилган шахсларнинг барчасига депортациядан кейин Россия Федерациясига киришга беш йиллик тақиқ қўйилди”, деб ёзмоқда Россия нашрлари.

Хорижлик меҳнат муҳожирларига қарши рейдлар Россиянинг бошқа шаҳар ва минтақаларида ҳам давом этмоқда.

Омск вилояти ҳуқуқ-тартибот идрралари 2 июль куни “Нелегал-2024” амалиётининг биринчи босқичи натижаларини очиқлашган: амалиёт давомида россиялик тартиб посбонлари миграция қонуни соҳасида 300 га яқин ҳуқуқбузарликни аниқлашган.

Судлар хорижликларни Россия Федерацияси ҳудудидан бадарға қилиш бўйича 18 та қарор чиқаришди. Хорижлик уч фуқаро депортация қилинди, 36 кишининг эса мамлакатга киришига тақиқ қўйилди”, деб ёзган маҳаллий нашрлар.

Россияда ноқонуний миграцияга қарши кураш Москва вилоятидаги “Крокус Сити Холл”да март ойида содир этилган теракт ортидан кучайиб кетган. Россиялик расмийлар мазкур террор хуружининг амалга оширилишида бир неча тожикистонлик гумонлашмоқда.

Россияда мигрантларга қарши кайфият кучайиши манзарасида ўзбекистонликлар дохил Марказий Осиёдан бўлган меҳнат муҳожирлари мамлакат ҳудудига киришда узоқ муддатли текширувлардан ўтаётган ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган эди.

YouTube россиялик қатор қўшиқчилар каналларини блоклади

Олег Газманов ва Шаман (Ярослав Дронов)
Олег Газманов ва Шаман (Ярослав Дронов)

YouTube видеохостинги маъмурияти Украинадаги урушни фаол дастаклаб келаётган россиялик қатор қўшиқчи ва артистларнинг каналларини блоклаб қўйди. Улар орасида Шаман (Ярослав Дронов), Григорий Лепс, Полина Гагарина, Олег Газманов, Юлия Чичерина каби ашулачилар бор.

Аввалроқ дунёдаги энг йирик мусиқий стриминг хизмати бўлган Spotify бу ижрочилар саҳифаларини ўчириб ташлаган эди.

Блокировкага Украинадаги уруш бўйича халқаро санкциялар доирасида АҚШ ва Европа Иттифоқи томонидан россиялик артистларга қарши киритилган чеклов чоралари сабаб бўлган.

Европа Иттифоқи жорий ҳафта бошида Полина Гагарина ва Шаманга қарши санкция киритганди. Лепсга қарши чекловлар ЕИ томонидан 2022 йил декабрида киритилган. Чичерина, Газманов ва президент Путиннинг севимли гуруҳи бўлган “Любэ” лидери Николай Расторгуевлар эса 2022 йил октябридаёқ ЕИнинг санкция рўйхатига тушган эди.

Остона саммити: Беларусь ШҲТнинг тўлақонли аъзосига айланди

Остонада бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити иштирокчилари, 2024 йил 4 июли
Остонада бўлиб ўтаётган ШҲТ саммити иштирокчилари, 2024 йил 4 июли

Қозоғистон пойтахтида бўлиб ўтаётган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммити ташкилотга Беларусни қабул қилиш билан бошланди.

Беларусь ташкилотга тўлақонли аъзолик йўлидаги зарур процедураларни бажарди”, дея билдирди Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев 4 июль куни саммитни очаркан.

Шу тариқа, Беларусь ШҲТнинг ўнинчи аъзосига айланди. Ташкилотга бунгача Россия, Хитой, Ҳиндистон, Покистон, Эрон, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон аъзо бўлган. Саммитга 16 та давлат раҳбарлари, БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ва турли халқаро ташкилотлар етакчилари келган.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этаётган саммитда бошқа масалалар билан бир қаторда “халқаро ва минтақа миқёсидаги долзарб муаммолар” муҳокама қилиниши айтилган.

Саммит доирасида илк бор “Адолатли дунё, ҳамжиҳатлик ва тараққиёт учун бирдамлик” мавзусида “ШҲТ плюс” учрашуви бўлиб ўтади. “Бу муаммо бўйича саммитда иштирок этаётган давлат раҳбарларидан бири чиқиш қилиши кутилмоқда”, дея хабар қилган “Казинформ” агентлиги.

ШҲТга Москва ва Пекин иштирокида 2001 йили асос солинган. Ташкилотнинг асосий вазифаларидан бири минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш экани айтилган. Шунингдек, ШҲТ аъзолари иқтисодий, илмий-техник ва маданий соҳаларда ҳам ўзаро ҳамкорлик қилиб келадилар. Беларусь ШҲТга аъзо бўлиш учун 2022 йилда ариза топширган эди.

RSF: Қозоқ журналистига суиқасд жазосиз қолмаслиги лозим

Украиналик терговчилари суиқасд ижрочилари ўлароқ гумон қилаётган Мейрам Қаратаев ва Алтай Жақанбаев ("Молдова: Актуально" телеграм-каналидан олинган фотосурат)
Украиналик терговчилари суиқасд ижрочилари ўлароқ гумон қилаётган Мейрам Қаратаев ва Алтай Жақанбаев ("Молдова: Актуально" телеграм-каналидан олинган фотосурат)

“Чегарасиз мухбирлар” (RSF) халқаро ташкилоти Украина ва Қозоғистон расмийларини журналист Айдос Садиқов ўлимида айбдор бўлганларни имкон қадар тезроқ топиш ва жавобгарликка тортишга чақирди.

Қозоғистонлик мухолифатчи блогер Айдос Садиқовнинг Киев марказида шафқатсизларча отиб кетилиши жазосиз қолмаслиги лозим. RSF бу мисли кўрилмаган жиноят ортида ким турганини аниқлаш ва айбдорларнинг барчасини жавобгарликка тортиш учун Қозоғистон расмийларини шаффоф ва пухта тергов ўтказишда Украина расмийлари билан ҳамкорлик қилишга чақиради”, дея билдирган RSFнинг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлимлари раҳбари Жанна Кавелье.

Қозоғистонлик журналист Айдос Садиқов Украина пойтахтида отиб кетилганидан 13 кун ўтиб - 2 июль куни касалхонанинг жонлантириш бўлимида вафот этган эди. У асос солган “Бәсе” YouTube-каналида Қозоғистон расмийлари танқид қилинган видеоматериаллар ёйинлаб келинган.

Айдос Садиқовга суиқасд 18 июнь куни унинг Киевдаги уйи олдида содир этилган. Украина Бош прокуратураси суиқасдчи Айдос ва унинг рафиқаси ўтирган машина ёнига чопиб келиб, журналистга қарата ўқ узганини билдирган. Суиқасд ортидан у оғир аҳволда касалхонага олиб кетилган. Ҳодиса чоғида унинг рафиқаси жабрланмаган.

Суиқасдда қозоғистонлик икки фуқаро – Алтай Жақанбаев ва Мейрам Қаратаевлар гумонланмоқда. Ҳужумдан кейин улар воқеа жойидан яширинишган, кейин эса Молдовага чиқиб кетишган.

22 июнь куни Қозоғистон Бош прокуратураси Алтай Жақанбаев қўлга олинганини билдирган. Қозоғистон прокуратураси маълумотига кўра, унинг ўзи ички ишлар идораларига мурожаат қилган. Прокуратура баёнотига кўра, Қаратаевнинг қаердалигини аниқлаш учун тезкор-қидирув тадбирлари олиб борилмоқда.

Украинада Жақанбаев ва Қаратаевни сиртдан ҳибсга олиш ҳақида қарор чиқарилган ва улар халқаро қидирувга берилган.

Остона Садиқовга суиқасдда гумонланаётган Жақанбаевни Украинага бермаслигини билдирган.

RSF бу сурбетларча содир этилган жиноятни қоралайди ҳамда Украина ва Қозоғистон расмийларини айбдорларни имкон қадар тезроқ топиб, жавобгарликка тортишга чақиради”, дейилган “Чегарасиз мухбирлар” баёнотида.

Қайд этилишича, ўн йилдан буён Украинада қочқин ўлароқ яшаётган эр-хотин Садиқовлар YouTube видеопорталида “Бәсе” каналига асос солишган. Қозоғистондаги воқеаларни ёритиб келаётган бу канал асосан коррупция масалаларига ихтисослашган бўлиб, миллиондан зиёд обуначига эга. Жиноят содир этилган куни Садиқовлар “Қозоғистон президенти россиялик таъсир агентларининг қўғирчоғига айланди” (“Президент Казахстана стал марионеткой российских агентов влияния”) сарлавҳали видеони ёйинлаган эдилар.

Айдос Садиқовнинг рафиқаси Наталья эрининг ўлими учун масъулиятни Қозоғистон расмийларига, хусусан президент Қасим-Жомарт Тоқаевга юкламоқда.

Қозоғистон RSF бу йилги матбуот эркинлиги рейтингида дунёдаги 180 мамлакат орасида 142-ўринни эгаллаган. “Чегарасиз мухбирлар” қайдича, Қозоғистон оммавий ахборот воситалари расмийлар томонидан йилдан-йилга кўпроқ босим ва цензурага учрамоқда. Жорий йил бошида расмий нашрга берган интервьюсида президент Тоқаев Қозоғистонда сиёсий таъқиб ва цензура йўқлигини билдирган эди.

НАТО мамлакатлари Украинага 2025 йилда 40 млрд евро ажратади

Вильнюсдаги НАТО саммитидан лавҳа, 2023 йил 12 июли
Вильнюсдаги НАТО саммитидан лавҳа, 2023 йил 12 июли

НАТОга аъзо мамлакатлар кейинги йилда Украинага 40 миллиард евро миқдорида ҳарбий ёрдам ажратишга келишишган. Бу ҳақда Reuters агентлиги икки дипломатдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

НАТО мамлакатлари бу мажбуриятни кейинги ҳафтада Вашингтонда бўлиб ўтажак саммитда тасдиқлашлари кутилмоқда.

Аввалроқ НАТО бош котиби Йенс Столтенберг иттифоқчиларни Киевга ҳарбий ёрдамни уруш бошланганидан кейинги миқдорда сақлаб қолиш бўйича ўз зиммаларига кўп йиллик мажбурият олишни сўраган эди. Бу миқдор йилига тақрибан 40 миллиард еврони ташкил этади.

Агентлик суҳбатдошларига кўра, НАТО мамлакатлари бу таклифни дастаклашмаган, бироқ иттифоқчилар тўловини келажакдаги саммитларда қайта кўриб чиқишга келишиб олишган.

Шунингдек, улар кейинги йил мобайнида Украинага қайси мамлакат ёрдам етказиб бериши ва нималар етказиб берилишини аниқлаб олиш учун иккита ҳисобот тайёрлашга қарор қилишган. Шу тариқа иттифоқчилар Киевга ёрдам борасида НАТО мамлакатлари ўртасида харажатларни тақсимлаш масаласидаги шаффофликни оширишмоқчи.

Politico: Трамп Путин билан Украинадаги урушни тўхтатишни муҳокама қилди

Трамп ва Путин (иллюстратив коллаж)
Трамп ва Путин (иллюстратив коллаж)

АҚШ собиқ президенти Дональд Трамп Россия президенти Владимир Путин билан Москва Украинада ишғол қилган ҳудудлардан қайси қисмини сақлаб қолиши мумкинлигини муҳокама қилган. Бу ҳақда Politico нашри Трамп атрофидаги ўз манбалари сўзларига таянган ҳолда хабар қилди.

Нашр бу музокаралар қайси форматда ўтказилаётгани, ҳозир қайси босқичда экани ва гап қайси ҳудудлар ҳақида кетаётганига оид тафсилотларни очиқлаган эмас. Айни пайтда Politico ўзаро музокараларда Украина ва Грузиянинг НАТОга кириш имконияти ҳам кўриб чиқилаётгани хусусида ёзган.

Кремль президент матбуот котиби Дмитрий Песков тили билан бундай музокара бўлиб ўтганини рад этган. “Бундай бўлган эмас”, деган Песков журналистларга.

Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Вашингтонга сафари чоғида Трампнинг режалари юзасидан изоҳ бера туриб, Украина Россия билан муросага боришга ва урушни тўхтатиш учун ўз ҳудудининг бирор-бир қисмини беришга тайёр эмаслигини билдирган.

Доғистон муфтияти ниқобга вақтинча тақиқ жорий этди

Доғистон муфтияти фатво бўлими қарори асосида республика ҳудудида ниқобни вақтинча тақиқлаган. Бу ҳақда республика муфтияти телеграм-каналида айтилган.

Аввалроқ фатво бўлими ниқобни ёппасига тақиқлаш учун етарли асос йўқлиги, бироқ бундай тақиқ хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда муайян маскан учун жорий этилиши мумкинлигини билдирган эди. “Аниқланган хавф-хатар бартараф қилиниб”, янги фатво чиқарилгунига қадар ниқобга вақтинча тақиқ киритилишига Доғистон миллий сиёсат ва дин ишлари бўйича вазирлигининг мурожаати асос бўлган.

Аввалроқ Доғистон муфтийси Аҳмад Абдуллаев “минтақада тўла тинчлик ва осойишталик” ўрнатилгунига қадар ниқобга тақиқ вақтинча чора бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди. Муфтий бу чорани коронавирус эпидемияси чоғида киритилган чекловлар билан қиёслаган. Шу тариқа, фатво бўлимининг нуқтаи назари муфтийнинг айтганлари билан кўп жиҳатдан ўхшаш.

Озодликнинг “Кавказ. Реалии” лойиҳаси хабарига кўра, Аҳмад Абдуллаев ниқоб тақиқига оид фатво чиқиши мумкинлиги ҳақида республика раҳбари Сергей Меликовнинг фуқаролик жамияти вакиллари билан учрашуви чоғида билдирганди. Мазкур учрашув 23 июнь оқшомида Маҳачқалъа, Дарбанд ва Москвада черков ва синагогага ҳужумлар ортидан ўтказилган. Бу ҳужумларда иштирок этган шахслар эркак кишилар бўлиб, улар орасида ҳеч ким ниқоб тақмаган эди.

Ниқобга қарши даставвал Доғистон раҳбари Сергей Меликов чиқиш қилган эди. Мулозим бу каби кийим-бош “эркакларга рўмол остига яшириниш, аёлларга эса кенг-мўл рўдапо остида тақиқланган буюмларни ташиш имконини беради”, дея иддао қилган. Шунга ўхшаш фикрни Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин ҳам билдирган.

Бастрикиннинг бу гапига жавобан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров бу каби баёнотларни беришда “ўта эҳтиёткор бўлиш”га чақирган. Москва жомеъ масжиди бош имоми Илдар Аляутдинов эса ниқобни тақиқлаш Россия жамиятида тарангликка олиб келиши мумкинлигини билдирган.

Россияда Невзоровлар оиласи экстремистик гуруҳ деб топилди

Александр Невзоров (архив сурати)
Александр Невзоров (архив сурати)

Санкт-Петербургнинг Октябрь тумани суди журналист Александр Невзоров ва унинг рафиқаси Лидия Невзоровани экстремистик бирлашма деб топиб, Россия ҳудудида уларнинг фаолиятини тақиқлаш ҳақида қарор чиқарди. Шунингдек, суд қарорига мувофиқ, эр-хотиннинг бутун мол-мулки давлат фойдасига мусодара этилади.

Бу ҳақда ўз телеграм-каналида ёзган ҳуқуқшунос Алексей Прянишниковга кўра, суд қарорида Невзоровларга қарашли ер участкалари, тураржой, автомобиль ва бир корхонадаги улуш давлат фойдасига олиб қўйилиши қайд этилган.

Қарор Санкт-Петербург шаҳар прокурорининг даъво аризаси бўйича қабул қилинган. Мазкур даъво аризаси судга топширилгани ҳақида май ойининг иккинчи ярмида хабар қилинган эди. Ўша пайтда адвокатлар прокурорнинг бу аризаси Россияда ўзгача фикрловчилар мол-мулкини тортиб олиш бўйича янги универсал схеманинг синовдан ўтказилиши бўлиши мумкинлигини айтишганди. Адвокат Прянишников Россия суд амалиётида бу каби ҳолатлар бўлмаганини қайд этган.

Тергов идоралари изоҳида эр-хотин Невзоровлар “2022 йилнинг март ойидан ҳозирги пайтгача интернетдаги шахсий саҳифаларида махсус ҳарбий амалиёт (Россия расмийлари Украинадаги урушни шундай деб атайди – таҳр.) ўтказилиши ҳақида нотўғри маълумотлар жойлаштириб, вояга етмаганлар дохил чекланмаган миқдордаги шахсларга экстремистик мафкурани ёйиб келишмоқда”, дейилган.

Александр Невзоров Россия қўшинлари Украинага кенг кўламли босқин бошлаган 2022 йил февралидан кейин Россиядан чиқиб кетган. Уруш бошлаган россиялик расмийлар хатти-ҳаракатини қоралаган журналист рафиқаси билан биргаликда Украина фуқаролигини олган.

Прокурорнинг даъво аризасига оид янгиликни ижтимоий тармоқлар орқали шарҳлаган Невзоров уни Россия билан боғлаб турувчи ҳеч нарса бўлмаслигини исташини ҳамда мол-мулкка алоқадор бирор масала уни қизиқтирмаслигини урғулаган.

Журналист Россияда мамлакат армияси тўғрисида “фейк” тарқатганликка оид иш бўйича сиртдан 8 йиллик қамоққан ҳукм қилинган. Суд Невзоровнинг Мариуполь ва Бучадаги ҳарбий жиноятларга оид хабарларини нотўғри ахборот, деган хулосага келган.

Доғистон муфтияти ниқобни тақиқлаш учун асос тополмади

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Шариатга оид матнларни диққат билан таҳлил қилиш ортидан Доғистон фатволар бўлими ниқобга ёппасига тақиқ жорий этиш учун етарли асос топа олмаган. Бу ҳақда Доғистон муфтиятининг телеграм-канали орқали маълум қилинди.

Қайд этиш жоизки, муайян вазиятларда хавфсизлик мулоҳазасидан келиб чиққан ҳолда маълум жойда ниқоб учун тақиқ жорий этилиши мумкин, чунки Исломда жамият хавфсизлиги биринчи ўринга қўйилади. Бироқ мазкур тақиқ фақатгина ташқи омиллар туфайли киритилиши ва вақтинча характерга эга бўлиши лозим”, дейилган хабарномада.

Аввалроқ Россия Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин Россияда ниқобни “зудлик билан” тақиқлаш зарурлигини билдириб, бунга асос ўлароқ яқинда Доғистондаги черков ва синагогага қилинган ҳужумларни ҳамда Ростов-Дондаги тергов ҳибсхонасида маҳбуслар одамларни гаровга олганини эслатган.

Бунга жавобан Доғистон муфтийси Аҳмад Афанди Абдуллаев тез орада республика муфтияти ниқобни тақиқлаш ҳақида фатво чиқаришини эълон қилган эди.

Грузияда Су-25 ҳарбий учоғи ҳалокатга учради

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Грузиянинг Болниси муниципалитетига қарашди Дисвели қишлоғида Су-25 ҳарбий учоғи қулаши натижасида унинг учувчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда Озодликнинг “Эхо Кавказа” лойиҳаси хабар қилди.

Болниси муниципалитети мэри Дмитрий Модебадзега кўра, учувчи Кахабер Зурабашвили учоқдан чиқишга муваффақ бўлолмаган.

Кейинроқ Грузия Мудофаа вазирлиги бу маълумотни тасдиқлаган. Вазирлик қайдича, учоқ режадаги ҳарбий машқлар чоғида қулаб тушган.

Мазкур нохуш ҳодиса сабабларини аниқлаш мақсадида Мудофаа вазирлигининг тегишли хизматлари томонидан тафсилотли текширув ўтказилмоқда”, дейилган вазирлик хабарномасида.

Москвада урушни танқид қилган ўзбекистонлик жаримага тортилди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Россия пойтахтида Украина герби тасвири туширилган футболка кийган ва урушни танқид қилган ўзбекистонлик жаримага тортилган.

“Осторожно, Москва” лойиҳаси қайдича, 25 июнь оқшомида Москвадаги “Киевская” метросида полиция ходимлари 39 ёшли Хурсандбек Аҳмедовни қўлга олишган.

Хабарда унинг футболкасида Украина герби акс этгани, бундан ташқари, йўловчи Россиянинг Украинадаги ҳарбий ҳаракатларига танқидий қарашини тан олгани айтилган.

Унинг кийими ва айтган сўзларида ҳуқуқ-тартиботчилар Россия Федерацияси Қуролли кучларини обрўсизлантириш унсурларини кўрганлар. Иш судга оширилган. Эркак айбини тан олган”, дейилган хабарда.

Маълумотларга кўра, 27 июнь куни Москванинг Дорогомиловский туман суди “РФ Қуролли кучларини обрўсизлантирганлик” моддаси бўйича Аҳмедовга 50 минг рубль миқдорида жарима тайин қилган. “Осторожно, Москва” лойиҳаси келтирган суд қароридан Ўзбекистонда туғилган Хурсандбек Аҳмедовнинг Россия фуқаролигини олгани англашилади.

Си Цзиньпин ШҲТ саммити олдидан Остонага келди

Хитой Халқ Республикаси раиси Си Цзиньпин 2 июль куни Қозоғистон пойтахтига етиб борган.

Оқўрда матбуот хизмати маълумотига кўра, ХХР раисини Остона аэропортида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев кутиб олган.

Ташриф дастурида олий даражадаги икки томонлама музокаралар ўтказилиши ва қатор муҳим ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган”, дейилган Оқўрда хабарномасида.

Хитойнинг “Синьхуа” давлат агентлиги томонидан 1 июль куни чоп қилинган интервьюсида Тоқаев Остона ўз олдига Хитой билан алоқаларни янада теранлаштириш режасини қўяётганини билдирган.

Якшанба куни Оқўрда 2-4 июль кунлари президент Тоқаев таклифига биноан Хитой раиси Қозоғистонга давлат ташрифини амалга оширишини маълум қилган.

Тоқаев ва Си Цзиньпин 3-4 июль кунлари Остонада бўлиб ўтадиган Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти саммитида иштирок этишади.

Пекин яқин кунлар ичида ХХР раисининг Тожикистонга ҳам сафар қилиши режаланаётгани ҳақида маълум қилган.

Украинада 3 мингдан зиёд маҳкум урушга сафарбар қилинди

Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

Янги қонун бўйича шартли равишда муддатидан озод қилинган 3 мингдан зиёд маҳкум Украина Қуролли кучлари сафига кирган. Бу ҳақда Украина адлия вазирининг ўринбосари Елена Висоцкая Associated Press агентлигига маълум қилган.

Вазирлик қайдича, шу тариқа судлар 27 мингга яқин маҳкумни жазодан озод қилиши мумкин.

Висоцкаянинг айтишича, қамоқдан озод бўлганлар азму қарорли бўлиб, “уйга қаҳрамон сифатида қайтишни исташмоқда”.

Айрим тоифадаги маҳкумларни урушга жалб қилишга қонун Украина президенти Владимир Зеленский томонидан шу йилнинг 17 майида имзоланган эди.

Мазкур қонунга мувофиқ, суд тиббий комиссия, ҳарбий қисм командири ва маҳкумнинг ўзи розилиги асосида унинг кейинчалик урушга сафарбар қилиниши учун шартли равишда қамоқдан озод қилиш ҳақида қарор чиқаради. Бу йўлдан фойдаланмоқчи бўлган маҳкумларнинг биринчилари май ойи охиридан қамоқдан озод қилина бошлаган.

Киевда суиқасдга учраган қозоқ мухолифатчиси вафот этди

Айдос Садиқов (2016 йилда олинган сурат)
Айдос Садиқов (2016 йилда олинган сурат)

Киевда ўзига қарши уюштирилган суиқасддан икки ҳафта ўтиб қозоқ мухолифати фаоли ва журналист, “Бәсе” YouTube-канали асосчиси Айдос Садиқов оламдан ўтди. Бу ҳақда унинг рафиқаси Наталья Садиқова маълум қилди.

Аёлга кўра, мухолифатчининг жони Киев вақти билан соат 3 да (Тошкент вақти билан тонгги соат 5 да) узилган.

Менинг севикли эрим, уч фарзандимизнинг отаси, қозоқ халқининг буюк ўғли Айдос Қозоғистон учун жонини берди, қотиллар дастидан шаҳид бўлди. Айдос жонлантириш бўлимида ўн уч кун давомида ҳаёт учун курашди, бироқ мўъжиза рўй бергани йўқ. Унинг ўлими учун масъулият [Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт] Тоқаевнинг бўйнида”, деб ёзган Садиқова Facebook ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида.

Айдос Садиқов 18 июнь куни Киевдаги ҳовлиларнинг бири олдида отиб кетилган эди. Аввалроқ Наталья Садиқова ўқ Айдоснинг чаккасига теккани, бош мияси жароҳатлангани ҳақида билдирган. Наталья суиқасдда Қозоғистон расмийларини айблаган ва президент Қасим-Жомарт Тоқаевни “жиноятдан манфаат кўрувчи киши” деб атаган эди.

Айдос ва Наталья 2014 йилда Ақтўбедан Киевга кўчиб ўтишган. Улар Украинада қочқин мақомини олишган. Айдос Садиқов ватанида, ўз иддаосига кўра, сиёсий сабабларга кўра таъқиб қилиб келинган. Ўтган йил кузида эр-хотин Садиқовлар Қозоғистон расмийлари томонидан низо қўзғатганлик айблови билан қидирувга берилган. Садиқовнинг ўзи ўша пайтда Озодликнинг қозоқ хизматига берган изоҳида жиноят иши сиёсий сабабга кўра қўзғатилганини айтган.

Садиқовлар томонидан юритиб келинган “Бәсе” youtube-канали ва телеграм-каналида Қозоғистон расмийлари танқид қилинган видеороликлар чоп этилиб келади. Айдос Садиқов яқиндаги видеолардан бирида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаевни россияпарастликда айблаган эди.

Украина Миллий полицияси 18 июнь куни Киевдаги Ярмола кўчасида номаълум шахс хотини билан машинада ўтирган бир эркакни ўққа тутиб, воқеа жойидан қочиб кетгани ҳақида маълумот тарқатган. Кейинроқ РБК-Украина сайти суиқасд уюштирилган кишининг 2014 йилдан буён Киевда яшаб келаётган қозоғистонлик журналист Айдос Садиқов экани ҳақида хабар қилган.

Украина прокуратураси Садиқов тирик экани, бироқ унинг аҳволи оғир дея баҳоланаётганини, унинг хотини жароҳат олмаганини маълум қилган. Украина Бош прокуратураси суиқасд бўйича қозоғистонлик икки фуқаро — Мейрам Қаратаев ва Алтай Жақанбаевга айблов эълон қилган.

Терговчилар маълумотига кўра, уларнинг иккаласи ҳам Садиқовга суиқасд ортидан Украина ҳудудини тарк этишган.

22 июнь куни Қозоғистон Бош прокуратураси Алтай Жақанбаев қўлга олингани ҳақида маълум қилган. Қозоғистон прокуратураси қайдича, унинг ўзи ички ишлар идораларига мурожаат қилган. Қозоғистон парламенти сенати раиси Маулен Ашимбаев Остона қўлга олинган қозоғистонликни Украинага топширмоқчи эмаслигини билдирган. Шунингдек, у Қозоғистон расмийлари мухолифат фаолига суиқасддан манфаатдор бўлмаганини урғулаб, Остонанинг манфаатдорлигига оид ҳар қандай баёнотни “провокация ва уйдирма” деб билишини айтган.

Садиқовга суиқасддан кейин президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистондаги давлат идоралари “ҳақиқатни аниқлашга кўмаклашиш” учун терговга бош қўшишга тайёр эканини билдирган. У Қозоғистон “қонун устуворлигини мустаҳкамлаш йўлидан бораётгани” ва “жамиятдаги барча коллизиялар, қарама-қаршиликларни фақатгина ҳуқуқий асосда ҳал қилиш лозим”лигини таъкидлаган.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG