Линклар

Шошилинч хабар
15 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:49

Ўзбекистон олигархлари. Улар кимлар?


Ориф Ҳошимов Мустақил кузатувчи Файзулло Турсунов ўзбек олигархларини уч тоифага бўлади. Биринчи тоифага у Ғофир Раҳимов, Салим Абдувалиев ва Ҳаким Тиллаевни киритади…

Бугунги кунда оддий ўзбекларга россиялик Березовский, Гусинский, Потанин, Чубайс, Ходорковский, Абрамович каби йирик бойларнинг исмлари яхши таниш. Лекин уларнинг кўпчилиги ўзбек олигархлари ҳақида деярли маълумотга эга эмас.

Шу ўринда Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш даврида йирик мулкдорлар пайдо бўлдими, деган ҳақли савол туғилади. Кузатувчилар бу саволга жавоб берар экан, ўзбеклар орасида ҳам миллионерлар пайдо бўлганини эътироф этади. Бироқ, уларнинг айтишича, бу миллионерларнинг сони Россия ёки Қозоғистондаги сингари кўп эмас. Кузатувчилар бунинг сабабини Ўзбекистонда хусусийлаштириш жараёнининг ниҳоясига етмагани билан изоҳлайди. Яъни Ўзбекистон миллионерлари йирик мулкларни арзон-гаровга хусусийлаштириб бойликка эга бўлмагани билан россияликлардан фарқ қилади.

Иқтисодчи ва тадбиркор Миразиз Миркомиловнинг фикрича, ўзбек олигархларининг ўзига хос жиҳати ҳукумат билан тил бириктириб, шу орқали бойлик тўплаганидадир. Унинг айтишича, олигархларнинг асосий қисми ҳукумат аъзолари экани кишини ташвишга солади. Чунки улар ўз мансабини суиистеъмол қилиб, мамлакат бойликларини ўзаро тақсимлаб олган. Афсуски, улар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш эмас, халқни қашшоқлаштириш эвазига бойиган, дейди тадбиркор.

Мустақил кузатувчи Файзулло Турсуновнинг ўзбек олигархлари бўйича олиб борган тадқиқотлари, айниқса, қизиқарли. У ўзбек олигархларини уч тоифага бўлади.

Ф.Турсуновнинг фикрича, биринчи тоифага ўтган асрнинг 80-йилларида пайдо бўлиб, совет тузумининг сўнгги йилларида савдо, кооператив ишлаб чиқариш ва ярим криминал йўллар билан маблағ жамғариб, мустақилликдан кейин Ислом Каримов режими соясида бизнесини кенгайтираётганлар киради. Улардан Ғофир Раҳимов, Салим Абдувалиев ва Ҳаким Тиллаевнинг номини келтириш мумкин. Дастлабки икки бизнесмен халқ орасида Ғофир ака, Салим ака номлари билан машҳур. Яқин йилларгача Ҳаким Тиллаевнинг номи кенг оммага маълум эмас эди. Унинг номи ўғли Темур Тиллаев Президент Каримовнинг кичик қизи Лолага унаштирилгани тўғрисидаги гап-сўзлар пайдо бўлгандан сўнггига кўп бор тилга олинадиган бўлиб қолди.

Ф.Турсунов ҳокимиятнинг юқори бўғинларида узоқ йиллардан бери ишлаётган юксак мартабали амалдорларни олигархларнинг иккинчи тоифасига киритади. Унинг фикрича, бу тоифанинг ўзини ҳам бир неча гуруҳга бўлиш тўғри бўлади. Энг юқори элита гуруҳга ҳозирги режимнинг устунларини қўшиш мумкин. Кейинги қуйи гуруҳлар таркиби эса ўз-ўзидан мансаб даражасига кўра белгиланади.

Ўзбекистондаги амалдор олигархлар сиёсат ва бизнеснинг қоришуви маҳсулидир. Бу тоифа олигархлар мавжуд жуда катта ваколатларни суиистеъмол қилиш орқасидан келаётган маблағдан ташқари маълум бир соҳада ўз бизнесини ҳам ташкил этган. Амалдор олигархларнинг бири кенг истеъмол молларининг импорти билан, иккинчиси пахта экспорти, бошқаси эса банк бизнеси билан шуғулланмоқда.

Ф.Турсунов учинчи тоифага “миллий истиқлол меъмори” Ислом Каримов ва унинг оиласини киритади.

Россиялик мулкдорлардан фарқли ўлароқ, ўзбек бойлари ўз бойлиги ҳақида овоза қилмасликни маъқул кўради. Тадбиркор М.Миркомиловнинг фикрича, россиялар бизнеси ҳеч бўлмаганда 60 фоиз ошкорадир. Чунки мамлакатда демократиянинг, маълум даражада бўлса-да, мавжудлиги, матбуотнинг ошкоралиги уларни шундай қилишга мажбур этади. Ўзбекистонда эса матбуот кўпчиликка маълум маълумотларни ҳам эълон қила олмайди.

М.Миркомиловнинг таъкидлашича, Ўзбекистонда 2003 йилда бошланган кенг кўламли хусусийлаштириш жараёнида маҳаллий олигархлар ҳам фаол иштирок этмоқда. Бироқ улар буни тинч, ҳеч кимга овоза қилмай амалга оширишни маъқул кўраётир.

“Хусусийлаштирилган йирик ва даромадли корхонанинг эгаси кимлигини фақат бир неча йиллар ўтгандан кейингина билиш мумкин бўлади. Ҳозир бу корхоналарнинг акциялари қандайдир ҳайдовчи ёки дўкондорнинг номига расмийлаштирилган бўлса ажаб эмас”, дейди тадбиркор.

Кузатувчиларнинг эътирофича, Ўзбекистонда пайдо бўлаётган йирик мулкдорлар сиёсат ва бизнеснинг қоришуви маҳсули экани боис Россиядагидан фарқли ўлароқ, ҳокимият ва бизнес элита ўртасига совуқчилик тушмайди.
XS
SM
MD
LG