Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 00:25

“Камолот”га рақобатчи пайдо бўлдими?


13 ноябрь куни Тошкентда Инсон ҳуқуқлари халқаро жамиятининг Ўзбекистондаги бўлими ҳузурида ташкил этилган Ёшлар марказининг тақдимот маросими бўлиб ўтди.

Ушбу марказ жорий йилнинг июнь ойида ташкил этилган бўлиб, ёшлар муаммоларини ўрганиш ва уларга ечим топишни ўзининг бош мақсади қилиб белгилаган.

Марказ ўтказган тадқиқотлардан маълум бўлишича, бугун Ўзбекистон ёшларига уларнинг эркин фаолияти ва ташаббусларини қўллаб-қувватловчи алоҳида ташкилот, уюшма ва клублар жуда зарур. Тақдимот маросимида эълон қилинган тадқиқот натижаларидан маълум бўлишича, ҳозир фаолият кўрсатаётган "Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати ва “Бунёдкор” ёшлар клуби уларнинг эътиборини қозона олмаган.

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, бугунги ёшларни ишсизлик, мактаблардаги оғир аҳвол қаттиқ ташвишга солади. Аксарият ёшлар эса ўз ҳуқуқлари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан бузилаётганини билдирган.

Сўнгги вақтларда мамлакат ёшлари ўртасида юқумли касалликлар кўп учраётгани эътироф этилмоқда. Тақдимот маросимида иштирок этган тадқиқотчилар ва мустақил кузатувчилар ҳам шу муаммога эътибор қаратди.

Уларнинг айтишича, Ўзбекистон ёшлари орасида ўткир респиратор касалликлар, ошқозон-ичак хасталиклари кенг тарқалгани кузатилмоқда. Энг ташвишланарлиси эса улар ўртасида сил ва оқ қон касалликларининг кўпаяётганидир.

“Озод ва эркпарвар аёллар” ташкилоти раисаси Гавҳар Орипова ёшларнинг мардикор бозорларидаги, пахта далаларидаги оғир меҳнати бунга сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Мустақил кузатувчиларнинг фикрича, бугунги кунда ёшлар учун ўтказилаётган тадбирлар уларнинг манфаатларига хизмат қилаётгани йўқ. Баҳодир Чиғатойнинг таъкидлашича, ёшлар манқуртлашиб бормоқда. Ёшларнинг мустақил сиёсий фикрлай олишига эришилмагунча, уларнинг иқтисодий, ижтимоий ва маърифий дунё моҳиятига етиши мумкин эмас.

Хуллас, Ёшлар маркази Ўзбекистон ёшларининг шу каби муаммолари билан жиддий шуғулланишни мақсад қилган. Марказнинг бу борадаги махсус дастури ва режалари ҳам бор.
XS
SM
MD
LG