Линклар

Шошилинч хабар
30 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:08

217 килограмм гиёҳванд модда ёқиб юборилди


БМТнинг Гиёҳванд моддалар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси маълумотларига кўра, 2002 йилда Афғонистонда 3400 тонна наркотик модда ишлаб чиқарилган. Бу моддаларнинг бир қисми Ўзбекистон орқали Россия ва Европага тарқалмоқда.

26 декабрь куни Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўтказилган тадбирлар натижасида қўлга туширилган 217 килограмм гиёҳванд моддани ёқиб юборди.

МХХ матбуот котиби Олим Тўрақуловнинг айтишича, бунинг 71 килограмми героин, 72 килограмми опий, 41 килограмми марихуана, 28 килограмми кўкнори, 2 килограмми гашиш, қолганлари эса ҳар хил психотроп моддалардир.

Маълумотларга қараганда, 1994 йилдан буён Ўзбекистонда 36 тонна наркотик модда йўқ қилинган.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Гиёҳвандлик ва жиноятчиликка қарши курашиш маркази раиси ўринбосари Камол Дўстметовнинг айтишича, Афғонистондан ўтаётган гиёҳванд моддалар нафақат Ўзбекистон ёки Марказий Осиё, балки Европа давлатларига катта хавф туғдирмоқда. Ҳозир жиноятчилар наркотикларни олиб ўтишнинг турли йўлларини изламоқда. Жорий йилда Тошкент вилоятининг “Ойбек” чегара постида чегарачилар ва божхона ходимлари томонидан 116 килограмм героин ушлаб қолинди. У Тожикистондан Россияга кетаётган автобусда яширилган экан.

МХХ полковниги Йўлбарс Шералиев россиялик ҳамкасблар билан биргаликда амалга оширилган йирик операция хусусида тўхталди.

“Биз яқинда россиялик ҳамкасбларимиз билан ҳамкорликда Россия-Қозоғистон чегарасида катта партия гиёҳванд моддани қўлга олдик. У юк машинасидаги пиёз орасига яширилган экан. Пиёзнинг ҳиди героиннинг ҳидини чиқармайди. Бундай ҳолатда исковуч ит ҳам ҳид ола олмайди”, деди полковник.

Расмий маълумотларга қараганда, 2003 йилнинг биринчи ярмида божхоначилар 107, чегарачилар эса 25 марта гиёҳванд моддаларни ноқонуний олиб ўтишнинг олдини олган.
XS
SM
MD
LG