Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:54

Пулимизни беринг!


Шайбон 20 февраль куни Фарғона вилояти почта бошқармаси биноси олдида нафақа ёшидаги тўрт юзга яқин кекса ва ногиронлар, аёллар норозилик намойиши ўтказди.

Хабарларга қараганда, нафақа пулларининг ўз вақтида берилмаётгани фуқароларни шундай йўл тутишга мажбур этган. Улар воқеа жойига етиб келган маҳаллий маъмурлардан нафақа пуллари зудликда тарқатилишини талаб қилган.

Фарғоналик кузатувчи Ҳусанбой Рўзиматовнинг айтишича, норозилик иштирокчиларидан баъзиларига тиббий ёрдам кўрсатишга ҳам тўғри келган.

Намойиш иштирокчиларидан бири саксон ёшли отахон ўз ҳақларини талаб қилиб чиққан фуқароларга нисбатан тазйиқлар ва таҳдидлар бўлганини таъкидлади. Унинг билдиришича, маъмурлар намойиш қатнашчиларидан тарқалишни, акс ҳолда чора кўрилиши, ҳатто куч ишлатилишини маълум қилган.

Хабарларга кўра, ҳокимият вакилларининг кўрсатмаси билан милиция ходимлари намойишчилардан бир нечасини чеккага олиб чиққан ва воқеа жойини зудликда тарк этмаса, оқибати ёмон бўлиши ҳақида огоҳлантирган. Шунингдек, бу ерга етиб келган инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, жумладан, “Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоевага нисбатан ошкора таҳдидлар янграган.

Намойишчиларнинг айтишича, воқеа жойига Марказий банкнинг Фарғона вилояти бошқармаси вакили Акмал Мўминов, Фарғона шаҳри ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раисаси Раъно Бойқўзиева, вилоят ижтимоий таъминот бшқармаси вакили Баҳодир Маҳмудов етиб келган. Улар акция қатнашчиларига бу чиқиш бефойда экани, барибир вилоят банкларида пул йўқлигини айтган. Шундан сўнг намойишчилар Марказий банкдан қўшимча маблағ ажратилишини талаб қилган.

Кузатувчиларнинг фикрича, намойишчиларнинг бу талаблари қанчалик инобатга олиниши номаълум, лекин маъмурлар бирор муқобил чора излаши мумкин. Чунки акция қатнашчилари нафақа пуллари тарқатилмаса, янада кучлироқ намойиш уюштирилишини билдирган.
XS
SM
MD
LG