Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:57

АҚШ оддий минатарни таъқиқлайди, аммо бу ҳақдаги шартномани имзоламайди.


Дунёнинг турли минтақаларида юз берган каттаю-кичик урушлар эртами-кечми тинчлик билан тугади. Қуролли можаролар юз берган минтақаларда уруш қолдирган мерос, яъни, ерга кўмилган миналар бир неча ўн йилдан кейин ҳам одамлар ҳаётига тахдид солмоқда. Миналарни таъқиқлаш бўйича халқаро кампания ташкилотчилари эълон қилган маълумотга кўра, фақат 2002 йилнинг ўзида 12 минг одам, жумладан 2 минг бола ерга кўмилган миналар портлашидан нобуд бўлган.

Миналардан фойдаланишни таъқиқлаш йўлида халқаро миқёсда олиб борилган кўп йиллик саъй-ҳаракатлар натижаси ўлароқ 1997 йилда Канадада “Оттава Конвенция”си қабул қилинган эди. Мазкур ҳужжат пиёдаларга қарши ишлатиладиган миналарнинг барча турини таъқиқлайди, бироқ ҳарбий машиналарга қарши ишлатиладиган миналардан фойдаланишни таъқиқламайди.

“Оттава Конвенцияси”га дунёнинг 150 давлати қўл қўйган. Аммо мазкур ҳужжатни 47 давлат, жумладан Россия, Хитой ҳамда АҚШ имзоламаган.

АҚШ собиқ Президенти Билл Клинтон маъмурияти 2006 йилдан бошлаб пиёдаларга қарши ишлатиладиган миналарнинг барча турини таъқиқлашни ва “Оттава Конвенцияси”ни имзолашни режалаштирган эди. Бироқ, АҚШнинг ҳозирги президенти Жорж Буш маъмурияти мазкур Конвенцияни имзолаш ниятида эмас. Президент Жорж Бушнинг миналар тўғрисидаги қарорини АҚШ Давлат Котиби ёрдамчиси Линколн Блумфилд Вашингтонда эълон қилди.

Бушнинг миналар масалалари бўйича махсус маслаҳатчиси Блумфилд Оқ Уйнинг янги қарори ҳарбийлар эҳтиёжи ва фуқаролар хавотири ўртасидаги муҳим мувозанатни сақлаб туришини билдирди:

“Президент олиб бораётган сиёсат икки муҳим мақсадни кўзлайди, яъни, ерга кўмиладиган миналарнинг фуқароларга таҳдидини йўқотишни ҳамда жанг майдонида америкалик ҳарбийлар ўзларини ва дўст кучларни мудофаа қилишидаги эҳтиёжни қондиришдан иборатдир”, - деди АҚШ расмийси.

АҚШ Мудофаа вазири ёрдамчиси ўринбосари Йозеф Коллинсга кўра, миналарнинг барча туридан фойдаланишни тобора кўпроқ давлатлар таъқиқлаётганига қарамай, дуёнинг турли минтақаларида операциялар амалга ошираётган АҚШ ҳарбийлари миналардан мудофаа мақсадларида фойдаланишни самарали, деб ҳисоблашларини айтади:

“Ерга кўмиладиган миналар душман кучларининг эркин ҳаракат қилишини чеклайди. Миналар енгил қуроллар, тўплар ёки жанговар учқичлар аҳамиятини кучайтиради. Миналар ҳарбийлар қудратини ошириб, кам сондаги аскар билан кўп сонли душман кучлари устидан ғалаба қозонишга имкон яратади. Айни пайтда, миналар ҳарбийларимиз ҳаётини сақлаб қолади”, - деди АҚШ Мудофаа вазирлиги расмийси.

Шу ўринда пиёдаларга қарши қўлланиладиган миналар ҳақида икки оғиз маълумот. Линколн Блумфилдга кўра, янги турдаги соатли миналар маълум вақт ўтиши билан ишдан чиқади. Минани автоматик равишда ишдан чиқарадиган механизм ишламаган тақдирда ҳам 90 кун ичида мина батареяси тугайди.

Оддий миналар эса ерга кўмилганидан бир неча йил кейин ҳам одамларни ўлдириши ёки мажруҳ қилиши мумкин. Блумфилдга кўра, ҳозир дунё мамлакатлари ҳудудларида тахминан 60 миллион оддий мина ерга кўмилган. унинг яна билдиришича, Америка аскарлари фақат Ветнамда оддий минадан фойдаланганлар.

“Оттава Конвенцияси”ни яқин келажакда имзолашни режалаштирмаётган Оқ Уй куни кеча қабул қилган режасига кўра, дунёнинг 40дан ортиқ давлати ҳудудларини турли урушлардан қолган миналардан тозалаш ишлари учун АҚШ ҳукумати томонидан ажратилаётган ёрдам пули миқдори 50 фойизга оширилиши ва бу маблағ 70 миллион долларни ташкил этиши кўзда тутилган.

АҚШ Президентининг махсус маслаҳатчисига кўра, Қўшма Штатлар сўнгги 16 йил ичида миналардан тозалаш ишлари учун 800 миллион доллар пул сарфлаган.

Танқидчилар Буш маъмурияти АҚШни миналардан фойдаланишда давом этаётган кам сонли давлатлар қаторида қолдираётгани, ўз навбатида, бу бошқа давлатларни ҳам миналардан фойдаланишга рағбатлантиришини айтмоқдалар. Улар, шунингдек, АҚШ миналардан фойдаланишни таъқиқламаган НАТОга аъзо ягона давлат эканини таъкидламоқдалар.
XS
SM
MD
LG