Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:26

Россия матбуотининг Тошкент портлашларига муносабати.


Дастуримиз дунё матбуотининг Ўзбекистондаги портлашларга нисбатан билдирган муносабатларига оид лавҳалар билан давом этади. Нигоҳимизни энди Россия матбуотига бурамиз. Хўш Россия матбуоти Ўзбекистондаги портлашларга оид қандай фикрлар билдирди? Мавзуни ҳамкасбим Садриддин давом эттиради.

Россия матбуоти Ўзбекистонда содир этилган портлашларни ёритар экан, бу фожиаларда қурбон бўлганлар сонини ҳар хил кўрсатади. Портлашлар келиб чиқиш сабаблари ҳақида ҳам турлича фикр баён қилинган. “Ведомости” газетаси ёзишича, “террористлар ўзбек милиционерларини нишонга олдилар. Бу уларга нисбатан аҳолининг хайрхоҳлигини уйғотиши мумкин.” Газета , портлашлар асосан милиция ходимлари тўпланган жойларда ва постларда содир этилганини та’кидлаб ўтади.

“Независимая газета” га кўра, Ўзбекистон АҚШнинг стратегик ҳамкори бўлганлиги учун ҳам экстремистлар ҳужумига учрамоқда. МДҲ Аксилтеррор Марказида шундай хулосага келинган. Газета ,шунингдек, Ўзбекистон Ташқи Ишлар Вазири Содиқ Сафоевнинг, “бу халқаро терроризмнинг синалган усули ва занжирнинг бир бўлаги” деган фикрларини ҳам келтириб ўтади. Газета Ўзбекистоннинг бугунги ҳолатини тасвирлар экан, шундай деб ёзади:


“Ўзбекистон ҳукумати қўшни Тожикистон, Қирғизистон, Туркманистон билан чегараларини ёпиб қўйди. Қозоғистон ҳам ўз чегараларини ёпди. Бу --- террорчилар мамлакатдан чиқиб кетмаслиги учун қилинаётган тадбир, деб ўйлаш мумкин. Лекин аксинча, Ўзбекистон ҳукумати четдан экстремистларнинг кириб келишидан ва янги террорчилик гуруҳлари тузилишидан хавотир олмоқда”.


“Время новостей” газетасининг ёзишича, Тошкентда бўлиб ўтаётган воқеалар “классик террорчилик ҳаракатини” эмас, балки милиция билан олиб борилаётган партизанлар жангини эслатади:

“Ўзбек ҳукумати ҳақиқий ҳолатни тушунтириб беришга ҳаракат қилмаяпти. Атрофдан разм солганда, қандайдир қуролланган шахслар билан ўзбек милицияси ўртасида олиб борилаётган жанглардай кўринади . Бу жаҳон кўникиб қолган террорчилик ҳаракатларига ўхшамайди. Одамлар кўп тўпланадиган жойларда портлашларнинг содир этилганлиги ҳақида ма’лумотлар йўқ. Лекин, ҳар бир қуролли ҳужум ёки портлаш фақат милиция ходимларига қаратилгани аниқ бўлиб қоляпти”.

Газета яна диққатга сазовор бир нарсани эслатиб ўтади. Я’ни, негадир қуролланган шахсларга қарши қаратилган барча операцияларда терроризмга қарши курашга тайёрланган махсус хизмат бўлинмалари эмас, балки айнан ўша милиция ходимларининг ўзлари кураш олиб бордилар?

“Московский комсомолец” газетаси ҳам портлашларнинг ҳаммаси милицияга қарши қаратилгани ҳақида ёзган:

“Агар олтита террористик ҳаракат содир этилган бўлса, уларнинг ҳаммаси милицияга қарши қаратилган эди. Тошкент Трактор заводи атрофи эса жанговар ҳаракатлар майдонига айланди. Милиция ходимларидан олинган информацияга кўра, қуролланган бир гуруҳ Дўрмондаги Президент қароргоҳигача етиб боришга ҳаракат қилган”.

“Коммерсант” газетасига кўра, Ўзбекистонда исломнинг кучайиши --- бу
Ислом Каримов сиёсатининг меваси. Газета сиёсий шарҳловчиси Михаил Зигарнинг ёзишича, ўтган йил Россия Президенти Путин Самарқандга келган пайтида кўчаларда битта ҳам одам кўрмаган. У бунинг сабабини сўраганида, террористик ҳаракатнинг олдини олиш учун шундай қилинганлигини айтишган. Михаил Зигар ёзади:

“Ўзбекистонга келадиган барча хорижий меҳмонлар ўзбекча аксилтеррор билан ҳисоблашишга мажбур. Ғарб эса Тошкент режими бўйича либерал ҳам эмас, демократ ҳам. Лекин Ғарбнинг, Ислом Каримов келтираётган “агар мен тартиб жорий қилмасам террор бошланади:ёки мен, ёки террорчилар!” каби гапларига кўникмасдан бошқа иложи йўқ. Бундан инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари чекинишга мажбур бўлади. Чунки, агар ҳозирги ўзбек сиёсий элитаси ҳокимиятни тарк этса, унинг ўрнига исломчилар келишади”.

“Газета” номли газета Ўзбекистон “Эрк” Демократик Партиясининг Тошкент портлашларига оид берган баёнотидан иқтибос келтирган. Унда шундай деб ёзилган:


“Ўзбекистон сиёсий режими бошқача фикрловчиларга қарши уюштирган қатағонлари билан террор учун қулай шароит яратиб берди”.


“Газета”нинг ёзишича, ўзбекистон расмийлари портлашлар учун барча мас’улиятни “Ҳизб-ут Таҳрир” диний оқимига ва “Ўзбекистон Ислом Ҳаракати” зиммасига юклаган. Лекин, деб ёзади “Газета”, аксарият мухолиф партиялар ушбу портлашларни ҳукуматнинг ўзи уюштирган, деб айтмоқда.
XS
SM
MD
LG