Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:33

Ҳарбий устидан суд жараёни бўлиб ўтмоқда


Шайбон Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий судида беш ҳарбий хизматчи устидан суд жараёни бошланди. Маълумотларга кўра, улар жорий йилнинг январь ойида Тошкент-Самарқанд йўналишида қатнаётган автобусга қуролли ҳужум уюштирганликда айбланмоқда.

Судланаётганлар орасида капитан Дилшод Солиев, катта лейтенантлар Алишер Юзбоев ва Руслан Синчалиев, сержант Шуҳрат Рихсиев, оддий аскар Қаҳрамон Элов бор.

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилотининг Тошкентдаги вакиллари сўзларига кўра, ҳарбий хизматчиларга Жиноят кодексининг олти моддаси, яъни 97 (қасддан одам ўлдириш), 164 (босқинчилик), 247 (ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларини қонунга хилоф равишда эгаллаш), 248 (ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар ёки портлатиш қурилмаларига қонунга хилоф равишда эгалик қилиш), 292 (ички хизматни ўташ ёки гарнизонда патруллик қилиш қоидаларини бузиш) ва 301-моддалари (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан ташқарига чиқиш ёки ҳокимият ҳаракатсизлиги) бўйича айб қўйилмоқда.

Шу ўринда январь ойида бўлиб ўтган воқеани эслатиб ўтсак.

2004 йил 24 январдан 25 январга ўтар кечаси Тошкентдан Самарқанд вилоятининг Иштихон туманига йўл олган “Икарус” русумли автобус Чиноз туманига кираверишда юзига ниқоб тутган шахслар томонидан тўхтатилган. Автобус ичига бостириб кирган икки қуролли шахс ҳайдовчи ва йўловчилардан пул талаб қилган. Афтидан ўртада жанжал кўтарилгач, босқинчилар қуролни ишга солган. Натижада ҳайдовчининг ёрдамчиси, 1958 йилда туғилган Мусурмон Отақулов воқеа жойида ҳаётдан кўз юмган. Ҳайдовчи Норқобил Мусурмонов эса оғир яраланиб, шифохонага ётқизилган. Норасмий манбалар кейинчалик тарқатган хабарларда айтилишича, ҳайдовчи бир неча бор операция қилинган ва бир оёғидан ажраган. Қотиллик содир этган қуролли шахслар эски-туски буюмлар билан савдо қилувчи тадбиркор йўловчиларнинг тахминан 150 минг сўм пули ва қимматбаҳо тақинчоқларини тортиб олган ва ғойиб бўлган.

Орадан бироз вақт ўтгач, мазкур босқинчилик Чиноз туманидаги ҳарбий қисмлар ходимлари томонидан содир этилгани тўғрисида хабар тарқалди. Прокуратура томонидан олиб борилган текширувлар натижасида ҳарбий қисмнинг беш нафар ҳарбий хизматчиси ҳибсга олинган.

Ҳарбийлар устидан илк суд жараёни Самарқанд вилояти жиноят ишлари судида олиб борилди ва кейинчалик мамлакат Ҳарбий судига кўчирилди.

Маълумотларга кўра, катта лейтенант Руслан Синчалиев қуролли босқинни бошқариб турганликда гумон қилинмоқда. Катта лейтенант Алишер Юзбоев ва оддий аскар Қаҳрамон Элов эса ҳайдовчи ва унинг ёрдамчисига ўқ узганликда айбланмоқда.

“Ҳьюман райтс уотч”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси раҳбари Алисон Гилл хонимнинг судда иштирок этаётган ишончли вакил орқали олган маълумотига кўра, ҳозирги кунга қадар суд мажлисларида айбланувчиларнинг кўрсатмалари тингланган. Улар ўз кўрсатмаларида гўёки қийноққа солингани, аслида бу жиноятга мутлақо алоқаси йўқлиги ҳақида гапирган.

Суд ёпиқ ўтаётгани, ҳарбий прокуратура вакилларининг маълумот беришни истамаётгани учун қўшимча ахборот олиш ва мавжудларига аниқлик киритишнинг имкони бўлмади.

Эслатиб ўтамиз, Жиноят кодексининг 97-моддаси бўйича айбдор топилган шахс 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум этилиши ёки ўлим жазосига ҳукм қилиниши мумкин.
XS
SM
MD
LG