Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:53

Жамоатчи ҳимоячи суд жараёнидан четлатилди


Қўқон шаҳри адвокатлар коллегияси адвокатлари Фарғона вилояти жиноят ишлари судида олиб борилаётган суд жараёнидан норози бўлиб, суд залини ташлаб чиқди. Суд раиси эса суд мажлисини улар иштирокисиз давом эттираверди ва адвокатларнинг лицензиясини бекор қилиш ҳақида хусусий ажрим чиқарди.

Маълум бўлишича, Қўқон шаҳри адвокатлар коллегияси аъзолари Қўчқорали Сотволдиев ва Бахтиёр Абдуллаев, Учкўприк туманидаги “Нажот” адвокатлик фирмаси адвокати Асқарали Файзуллаев ҳамда фарғоналик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева Жиноят кодексининг 159 (конституциявий тузумга тажовуз қилиш) ва бошқа бир қанча моддалари бўйича айбланаётган фуқаролар – Бувайда туманилик Абдулла Камолов ва Аҳмадқул Ғайназаровни ўз ҳимоясига олган. 26 июль куни улар устидан бошланган суд жараёни ҳимоячиларни қониқтирмаган.

Адвокатларнинг айтишича, суд мажлисини узрсиз сабабларга кўра қолдириш ёки кеч бошлаш ҳолатлари бўлган. 18 августга келиб ҳам бирорта гувоҳ сўроқ қилинмаган. Ҳолбуки, судланувчилар орқасидан яқинлари 120-150 километр йўл босиб келади. Суд мажлиси қолдирилса ёки кечиктирилса, уларнинг қанчалик моддий зарар кўриши ҳеч кимни қизиқтирмаган.

Адвокатларнинг билдиришича, суд ҳайъатини рад этиш бўйича икки марта берилган ариза инобатга олинмаган. Шунингдек, жамоатчи ҳимоячини суд жараёнидан четлатиш тўғрисида чиқарилган ажрим ҳам судланувчилар ва ҳимоя томонининг кескин норозилигига сабаб бўлган.

Адвокат А.Файзуллаевнинг сўзларига қараганда, ҳимоячилар суд жараёнидаги бу каби қонунга хилоф ҳолатлар ҳақида Фарғона вилояти суди раисига мурожаат этган ва бу ҳолатлар бартараф этилгунга қадар судни тўхтатиш талабини қўйган. Раис эса бу жараёнга аралаша олмаслигини айтган. Шундан сўнг адвокатлар ҳимояни тўхтатиб, суд залидан чиқиб кетишга қарор қилган. Суд эса уларни лицензиядан маҳрум қилиш ҳақида хусусий ажрим чиқарган

Хўш, судья хусусий ажрим чиқариб, адвокатнинг лицензиясини бекор қилиши мумкинми? Бу қанчалик қонуний?

Тошкент шаҳри адвокатлари уюшмаси раиси Гулнора Эшонхонованинг фикрича, қўқонлик адвокатлар суд залини мажлис вақтида ташлаб чиқиб хато қилган. Аксинча, улар ўз талабларини ёзма равишда то кўриб чиқилгунча беравериши лозим эди. Аммо судьянинг хусусий ажрими юқори инстанцияда кўриб чиқилиши керак. Агар лицензияни қайтариб олиш тўғрисидаги қарор асосли бўлмаса, ажрим бекор қилинади.

Судланувчиларнинг яқинлари “Озодлик” мухбири билан суҳбатда юқорида тилга олинган адвокатлар ва жамоатчи ҳимоячи ҳимояси сақланиб қолиши лозимлиги, бошқа адвокатлар ҳимоясига рози эмаслигини билдирди. Шунга қарамай, бугунги кунда жамоатчи ҳимоячи Мўътабар Тожибоева суд жараёнидан четлатилиб, ўрнига бошқа ҳимоячи тайинланган. Эндиликда судланувчиларнинг яқинлари ўзлари танлаган бошқа ҳимоячилар ҳам жараёндан четлатилишидан хавотирга тушмоқда.
XS
SM
MD
LG