Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:42

Ўзбекистон яна эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида


Халқаро “Freedom House” – Озодлик уйи ташкилоти жаҳон мамлакатларида фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқ ва эркинликларига доир вазиятни кузатиб боради ва ҳар йили ўзининг бу соҳадаги ҳисоботини эълон қилади. Ташкилотнинг сўнгги ҳисоботида Россия эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатига тушиб қолган.

Ҳисобот муаллифлари фикрича, президент Путин даврида сиёсий ҳокимият битта қўл остида тўпланмоқда, оммавий ахборот воситаларига тобора кучлироқ тазйиқлар ўтказилаяпти, ҳуқуқ-тартибот органлари эса тобора сиёсийлаштирилмоқда.

“Freedom House”нинг эркинликка оид дунёдаги вазиятга доир бу йилги ҳисоботида жаҳондаги 192 мамлакат ва 14 та ҳудуддаги вазият таҳлил қилинган. У 2003 йилнинг 1 декабридан 2004 йилнинг 30 ноябригача дунё бўйлаб рўй берган воқеа-ҳодисалар асосида тузилган.

Гапни ҳисоботнинг Россияга оид қисмидан бошладик.
Россия жорий йилгача "қисман эркин" мамлакат ҳисоблаб келинар, бу йилги ҳисоботда эса у "эркин бўлмаган" мамлакатлар қаторидан жой олди.

Ҳисоботда қамраб олинган вақт давомида Россияда парламент ва президентлик сайловлари бўлиб ўтди. Мана шу икки кампания ҳамда кейинги ойларда амалга оширилаётган сиёсий ислоҳотлар, ҳисобот муаллифлари фикрича, Россияда мухолифат овозини бўғишга, бошқарувнинг авторитар усулларига қайтишга шароит яратмоқда.

“Freedom House” фикрича, бу ўзгаришлар “хавфлидир, шунинг учун ҳам ташвиш уйғотмай қолмайди”.

Умуман, ташкилот эълон қилган рўйхат диққат билан кўздан кечирилса, қизиқ бир ҳолатни кузатиш мумкин.
Собиқ Совет Иттифоқидан тезроқ ажраб чиқиб кетишга биринчи бўлиб ҳаракат қилган болтиқбўйи республикалари: Эстония, Латвия ва Литва эркин мамлакатлар қаторидан жой олган.

Грузия, Молдова ва Украина қисман эркин мамлакатлар рўйхатида.

Марказий Осиё мамлакатлари эса, Россия билан биргаликда эркин бўлмаган мамлакатлар рўйхатида. Боз устига Ўзбекистон Туркманистон билан биргаликда ҳисоботнинг "Ёмонларнинг ёмони" бобидан жой олган.

Шу ўринда эслатиб ўтишимиз керакки, ҳисоботда мамлакатлар икки параметр: сиёсий ҳуқуқлар ва фуқаролик эркинликлари бўйича 7 балли тизимда баҳоланган, ҳар икки параметр бўйича 1 балл олган мамлакат энг эркин мамлакат, 7 балл олган мамлакат эркинлик мутлақо бўғилган мамлакатдир.

Ўзбекистон сиёсий ҳуқуқлар соҳасида Туркманистон билан бир қаторда 7 балл билан баҳоланган. Фуқаролик эркинликлари бўйича эса, Ўзбекистон Туркманистондан бир пункт яхшироқ – 6 балл билан баҳоланган.

Бу ҳолатни “Freedom House” ташкилотининг етакчи мутахассиси Маргарита Ассенова “Озодлик” мухбири саволларига жавоб берар экан, Беслан воқеаларидан Россия ҳокимияти ўз мақсадларида фойдаланганини писанда қилиб, бундай изоҳлади:

”Ўзбекистон террор ҳужумларидан ўзининг сиёсий мухолифларидан ўч олиш мақсадида фойдаланмади.1999 йили Тошкентда юз берган портлашлардан кейинги вазиятдан 2004 йилги портлашлардан кейинги вазият орасида катта фарқ бор. 1999 йилги портлашлардан сўнг сиёсий ва диний арбоблардан 7 минг нафари қамоққа ташланган, баъзилари нобуд бўлган, айримлари эса ҳалигача қамоқхоналарда сақланаяпти. 2004 нинг март-апрель ва июль ойларида рўй берган портлашлардан сўнг, кутилганидек оммавий қамоққа олишлар амалга оширилмади,” – деди ташкилотнинг етакчи мутахассиси Маргарита Ассенова.

Бироқ, деб давом этади ўз фикрини Маргарита Ассенова Ўзбекистондаги вазиятга тўхталар экан, фуқаролик эркинликлари, хусусан, сайлаш ва сайланиш ҳуқулари кескин чеклаб қўйилганини таъкидлаб бундай деди:

"Ўзбекистонда 26 декабрда сайлов бўлади. Ҳокимият фуқароларнинг сиёсий ҳуқуқларини чеклаш учун ҳамда сиёсий мухолифатни сайловга қатнаштирмаслик учун қўлидан келган барча имкониятларни ишга солди".

Ташкилот ҳисоботида Ўзбекистонга берилган баҳога Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти раиси Толиб Ёқубов ҳам “Озодлик”ка берган суҳбатида қўшилишини билдирди.

“Freedom House”нинг ҳисоботида Ўзбекистондан ёмонроқ баҳо олган мамлакат - Туркманистондир.

Ташкилот вакили Маргарита Ассенова бундай дейди:

”Туркманистон дунёдаги озчиликни ташкил қилувчи ёпиқ жамиятлардан биридир. Гап нафақат сиёсий эркинликларнинг, фуқаролар эркинликларининг йўқлигида, гап нафақат инсон ҳуқуқлари бузилаётганидадир. Бу мутлақо ёпиқ режим бўлиб, унга БМТнинг махсус вакиллари бора олмайди. Туркманистон Кубанинг ташқи дунё учун мутлақо ёпиқ бўлган пайтларини эслатади".
XS
SM
MD
LG