Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:15

Ўзбекистонда яна бир Миллий дастур қабул қилиниши мумкин


Саида БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси БМТ Мингйиллик тараққиёт дастури лойиҳаси учун тайёрланган ҳисобот ҳамда Ўзбекистонда гендер тенглик тўғрисидаги қисқача маълумотноманинг иккинчи қисми тақдимотини ўтказди.

БМТнинг Мингйиллик тараққиёт дастури доирасида дунёда ўта қашшоқлик ва очликка барҳам бериш, болалар ўлимини камайтириш, оналар саломатлигини яхшилаш, эркаклар ва аёллар тенглигини рағбатлантириш, хотин-қизлар ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш каби бир қанча мақсадлар амалга оширилиши белгиланган.

Мазкур дастур учун тайёрланган ҳисоботда қайд этилишича, ҳозир дунёда тахминан бир миллиард киши кунига бир АҚШ доллари ёки ундан кам миқдорда пул ишлайди. Яна шунча одам очликдан азият чекади. Ривожланган давлатларда кишиларнинг ўртача умр давомийлиги 80 ёшни, камбағал мамлакатларда эса 40 ёшни ташкил этади.

Тақдимот маросимида таъкидланишича, Ўзбекистон бой мамлакатлар қаторига кирмайди. У ўртача бой давлатлардан пастки ўринларда туради. Жаҳон банки маълумотларига кўра, мамлакат аҳолисининг 27,5 фоизи мутлоқ камбағаллик чизиғидан пастда яшайди. Яъни улар белгиланган 2100 килокалория миқдоридаги энг кам овқат рационини таъминлаш учун маблағга эга эмас. Аҳолининг ишсиз, қисман иш билан банд, иш ҳақи паст ёки меҳнатга лаёқатсиз қатлами камбағаллашиб бормоқда.

Тақдимот иштирокчиларнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда гендер тенгсизлик ҳамма соҳада кузатилади. Мамлакатда аҳоли саводхонлиги кутилган даражада. Лекин бу борада ҳам гендер номутаносиблик бор.

Иштирокчиларнинг билдиришича, Ўзбекистонда болалар ўлими Марказий Осий давлатлари орасида энг паст ҳисобланади. Бироқ собиқ иттифоқнинг бошқа давлатларига нисбатан юқорилигича қолмоқда. Оналар ўлими даражаси ҳам паст эмас. Бунга оналарда анемия борлиги, овқатланиш ёмонлиги, экология вазият таъсир кўрсатяпти.

Анжуманда Ўзбекистонда апрель ойларига бориб БМТнинг Мингйиллик тараққиёт дастури асосида Миллий дастур қабул қилиниши мумкинлиги тўғрисида тахминлар борлиги маълум бўлди.
XS
SM
MD
LG