Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:57

Масхадовдан кейин чечен қаршилик кучлари қандай сиёсат олиб боради?


8 март куни Чечен партизанлари раҳбари Аслан Масхадов ўлдирилгани ҳақидаги хабарни Россия ҳукумати расмийлари катта хурсандчилик билан қаршилади. Маълумки Кремл Масхадовни ўлдирган ёки уни тирик ушлашга ёрдам берган шахсларга 10 миллион доллар мукофот берилишини эълон қилган эди. Масхадов ўлимидан кейин Россия расмийлари Чеченистон тинчлик сари яна бир қадам яқинлашди, демоқда. Лекин кўпгина мустақил кузатувчилар бу фикрга қўшилмайди. Улар фикрича, Масхадовнинг ўлимидан кейин Чеченистондаги қонли урушни сиёсий йўл орқали хал этиш имконияти анча камайган.

Чеченларнинг қаршилик ҳаракати раҳбари Аслан Масхадов Россия махсус кучлари “Толстой Юрт” қишлоғида ўтказган операция пайтида ўлдирилишидан атиги бир неча кун олдин Озодлик радиосига берган интервюсида Кремл билан тинчлик келишувига эришиш мумкинлигини айтган эди:

“Биз урушни тўхтатиш учун Россия Федерацияси Президенти билан 30 дақиқалик юзма-юз, очиқ суҳбат ўтказиш етарли, деган таклиф билан чиқдик. Ишончим комилки, Президент чечен халқи нимани хоҳлашини билмайди. Айни пайтда, биз ҳам Путиндан у шахсан нимани хоҳлашини, Чеченистондан Россияга нима кераклигини билишни истардик”.

Чечен қаршилик ҳаракати раҳбари, ҳокимиятдан четлаштирилган Президент Аслан Масхадовнинг Озодлик радиоси мухбири билан суҳбати унинг ахборот воситаларига берган охирги интервьюларидан бири бўлди. Бундан бир оз аввал, яъни, феврал ойида Масхадов бир томонлама равишда бир ойлик сулх эълон қилиб, Россия Президенти Владимир Путинни тинчлик музокаралари бошлашга чақирган эди. Бироқ Кремл Масхадовнинг бу ташаббусига ошкора жавоб бермади. Ҳозирда Россия расмийлари Масхадовнинг ўлдирилгани ҳақидаги хабарни мамнуният билан қабул қилмоқда. Лекин таҳлилчилар воқеаларни ўзгача талқин қилмоқда.

Уларнинг фикрича, Масхадов ўлимидан кейин Чеченистонда Москва расмийлари билан музокара олиб борадиган одам қолмади. Чечен қаршилик ҳаракатига бундан буён ким раҳбарлик қилишидан қатъий назар, Масхадов бошқаларга қараганда, икки жиҳатдан устунликка эга эди. Биринчидан, уни Чеченистон аҳолисининг аксарияти 1997 йилда Президентликка сайлаган ва Масхадов қонуний раҳбар сифатида тан олинган. Иккинчидан, унинг феврал ойида сулх ҳақидаги бир томонлама буйруғига риоя қилингани Масхадов Чеченистонда ҳақиқий салоҳиятга эга раҳбар бўлганидан далолат беради.

Таҳлилчилар фикрича, Аслан Масхадов Кремл билан 1996 йилда биринчи Чеченистон урушига чек қўйган Хасав-Юрт тинчлик келишувини имзолагани у қонуний музокарачи бўлиши мумкинлигини кўрсатган. Аммо Масхадовнинг ўрнини эгаллайдиган одам, айниқса, Шамил Басаев ҳақида бундай гапларни айтиб бўлмайди.

Басаев Россияда қатор террор ҳаракатларини содир этганликдан ташқари, уруш алангасини Шимолий Кавказнинг бошқа қисмига ҳам ёйишга уринганликда айбланган. Россиялик сиёсий тахлилчи Андрей Пионтковский фикрича, Басаев Ингушетия, Доғистон ва Шимолий Осетияда содир этилган террор ҳаракатлари кўламини кенгайтириши мумкин.

Озодлик радиосининг Шимолий Кавказ бўлими раҳбари Аслан Дукаевга кўра, Масхадов ўлимидан кейин чечен қаршилик ҳаракатига радикал қарашдаги одам бошчилик қилиши мумкин:

“Муаммо шундаки, Чечен қаршилик ҳаракатининг аксарият мўътадил раҳбарлари ҳозир чет элда яшайди. Чеченистонда эса, асосан қаттиқ-қўллик тарафдори бўлган вахобийлик оқимига мансуб жангчилар қолган. Уларнинг энг таниқлиси, Москвадаги кинотеатр ва ўтган йил кузда Бесландаги мактабда одамлар гаровга олиниши учун масъулиятни зиммасига олган Шамил Басаев. Энди Ғарб давлатларининг Россияни Чеченистон қаршилик кучлари билан сўзлашув ўтказишга чақира олмаса керак. Чунки улар орасида Россия билан қонуний равишда музокара ўтказа оладиган шахс қолмади”.

Масхадов ҳукуматининг Лондондаги вакили Аҳмад Закаев чечен партизанларига радикал қарашдаги шахс бошчилик қилса, Чеченистонда уруш шиддатли тус олиши мумкинлигини айтади:

“Тактика ва услуб ўзгарадими? Ўйлайманки, ўзгаради. Чунки Кремлнинг асоссиз айбловларига қарамай, Масхадов мўътадил сиёсат олиб борди. Россия махсус хизмати ишлатган услубдан чечен кучлари ҳам фойдаланиши мумкин деган радикал қарашдагиларни Масхадов доим тўхтатиб турди. Масхадовнинг ўлими радикал қарашдаги чечен гуруҳларини қонуний сайланган Президент олдидаги аҳлоқий бурчидан халос қилди”.

Аҳмад Закаев Озодлик радиосига берган интервьюсида Масхадов раҳбарлик қилган Чечен қаршилик ҳаракатининг Давлат мудофаа қўмитаси яқин кунлар ичида унинг ўрнини ким эгаллаганини расман эълон қилишини билдирди.
XS
SM
MD
LG