Халқаро хабарлар
Греция полицияси балиқ овловчилар кемасида мамлакат ҳудудига киришга интилган 104 нафар мисрликни қўлга олди.
Кун янгиликлари
Қозоғистондаги авиаҳалокатда жабрланган россияликлар ватанига олиб кетилди
Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида Azerbaijan Airlines учоғи қулаши оқибатида жабрланган россиялик 9 нафар фуқаро ватанига олиб чиқиб кетилган. Россия ФВВ махсус учоғи уларни 26 декабрга ўтар кечаси олиб кетди, дея хабар қилди Манғистаудаги Lada.kz нашри Марғистау вилоят касалхонаси бўлим бошлиғи Жанар Сидиққизидан олинган маълумотга таянган ҳолда.
Ҳозирда Ақтаудаги касалхоналарда учоқ қулаши ортидан шифохоналарга етказилган яна 20 чоғли одам қолмоқда. Улардан 19 нафари вилоят касалхонасида, бир бола эса болалар касалхонасида муолажа оляпти. Етти нафар киши жонлантириш бўлимида бўлиб, уларнинг аҳволи ўта оғир дея баҳоланмоқда.
Авиаҳалокат чоғида жабрланган озарбайжонликлар, агар уларнинг соғлиқ аҳволи имкон берса, Azerbaijan Airlines авиаширкати махсус рейси билан Бокуга етказилиши мумкин.
25 декабрь куни Бокудан Грознийга парвоз қилаётган Azerbaijan Airlines учоғи Ақтау аэропорти яқинида қулаб тушган. Учоқ бортида озарбайжонлик 37 нафар, россиялик 16 нафар, қозоғистонлик 6 нафар ва қирғизистонлик 3 нафар фуқаро дохил 67 киши бўлган. Авиаҳалокатда 38 киши қурбон бўлган.
Учоқ қулаши ҳодисаси юзасидан жиноят иши очилган, ҳукумат комиссияси тузилган. Ҳалокат сабаби маълум эмас, бу борада учоққа қушларнинг урилишидан тортиб жанговар қурол унсурларининг тегишигача бўлган турли тахминлар олға сурилмоқда. Ҳодиса чоғида тирик қолганлар портлашга ўхшаш овоз эшитишганини айтишган.
Қозоғистонлик расмийлар ҳодиса бўйича бирор-бир хулосага келишга ҳали эрта эканини айтишмоқда. Учоқнинг “қора қутилари” топилган, ҳодиса тергови билан Қозоғистон томони Озарбайжон фуқаро авиацияси агентлиги ва Azerbaijan Airlines авиаширкати вакиллари иштирокида шуғулланмоқда. Ҳукумат вакиллари Қозоғистонга Embraer учоғи заводи ҳамда CENIPA (Авиация ҳодисаларининг олдини олиш ва тергов қилиш маркази, Бразилия) вакиллари учиб келаётганини маълум қилишган.
ЕТТБ Ўзбекистонда чироқ ўчишини камайтиришга кўмаклашади
Европа тикланиш ва тараққиёт банки (ЕТТБ) “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”га давлат кафолати остида 66,4 млн доллар миқдорида кредит ажратмоқда.
Gazeta.uz нашри қайдича, ушбу маблағ Хоразм вилоятидаги Саримой ва Навоий вилоятидаги Мурунтов аҳоли пунктлари ўртасида 230 километр узунликдаги 500 кВ электр узатиш линиясини қуришга йўналтирилади.
Лойиҳа электр таъминотидаги узилишлар, айниқса, юклама энг юқори бўлган вақтда чироқ ўчишларини камайтириши кутилмоқда. Шунингдек, қайта тикланадиган энергия манбалари интеграциялашувига хизмат қилувчи лойиҳа туфайли иссиқхона газлари чиқиндилари йилига 4143 тонна ва электр энергияси йўқотишлари 34 636 мВт⋅с га камайиши кўзда тутилган.
Энергетика вазири ўринбосари Умид Мамадаминов ноябрь ойида мамлакат электр энергияси ишлаб чиқариш соҳасида сезиларли ютуқларга эришгани, аммо энди уни тўплаш ва ташиш учун инфратузилма, жумладан, камида 5000 километр электр узатиш линиялари, 500 кВ ва 200 кВ юқори кучланишли линиялар ва нимстанциялар зарурлигини айтган эди.
ЕТТБ 2017 йилда Ўзбекистондаги фаолиятини қайта бошлаганидан сўнг мамлакат иқтисодиётига киритган сармоялари миқдори 3 миллиард еврога етган.
Халқаро молиявий тузилма ўтган йил май ойида водий вилоятларида халқаро стандартлар асосида 15 та мактаб қурилиши учун грант ажратган эди.
Озодлик аввалроқ ЕТТБнинг минтақа бўйича етакчи эксперти Эрик Ливни билан Ўзбекистонга ажратилаётган маблағлар сарфида шаффофликни таъминлаш бўйича суҳбат уюштирганди.
Эронда WhatsApp’дан фойдаланишга тақиқ бекор қилинди
Эрон расмийлари мамлакатда WhatsApp мессенжери ва Google Play иловалар дўконидан фойдаланишга тақиқни бекор қилишди. Бу ҳақда давлатга қарашли IRNA ахборот агентлиги хабар қилди.
Аввалроқ Эрон президенти Масъуд Пезешкиён интернетда тақиқни юмшатишни ваъда қилган эди. Мазкур қарор қачондан кучга кириши ҳозирча маълум эмас. Эрон Ислом Республикасининг ахборот хавфсизлиги бўйича олий кенгаши ўз мажлисларини ёпиқ эшиклар ортида ўтказади ва унинг аъзолари овозлари очиқланмайди. Айни пайтда Эрон алоқа вазири Саттор Ҳошимий Интернетдаги чекловларни бекор қилиш бўйича илк одим “бир овоздан ва ўзаро келишилган ҳолда” отилганини маълум қилган.
“Шарқ” ислоҳотчи газетасининг ёзишича, Эрон парламентидаги 290 депутатдан 136 нафари кенгашга хат йўллаб, Google Play иловалар дўкони ва WhatsApp мессенжеридан фойдаланишга тақиқнинг бекор қилиниши Эрон душманлари учун “совға” бўлишини билдиришган.
Бу орада 2009 йилдан буён амалда бўлган Facebook, Х, Telegram ва YouTube блокировкаси ҳали ҳам ўз кучида қолмоқда.
Google Play иловалари ва WhatsApp Эронда 2022 йили 22 ёшли толиба Маҳса Аминийнинг ўлими ортидан бошланган норозилик чиқишларидан кейин блокировка қилинган. Ахлоқ полицияси уни ҳижобини нотўғри ўрагани учун қўлга олган ва кейинроқ қиз “юрак хуружига учраган”ини билдирган. Аминийнинг яқинлари толиба полициячилар томонидан ўлгунича калтакланганини таъкидлашмоқда.
Норозилик намойишлари бир неча ой давом этган ва бу Эроннинг муҳофазакор раҳбариятига қарши сўнгги ўн йилликлардаги энг жиддий чақириқлардан бири бўлган. Тўқнашувларда юзлаб одам нобуд бўлиб, минглаб одам ҳибсга олинган, намойишчилар ичидан бир неча киши қатл этилган.
Байден Пентагонга Украинага аслаҳа етказишни тезлаштиришни топширди
АҚШ президенти Жо Байден 25 декабрь куни Мудофаа вазирлигига Украинага “ошиғич равишда” қурол-аслаҳа етказиб беришни давом эттириш ҳақида топшириқ берганини билдирди. Мазкур баёнот Россия томонидан Украина энерготизимига ёппасига зарбалар берилганига оид хабарлар ортидан берилди. Бу ҳақда “Америка овози”нинг рус хизмати хабар қилди.
“Рождество тонгида Россия Украина шаҳарлари ва ўта муҳим энергетика инфратузилмаси бўйлаб ракета ва дронлар билан қатор зарбаларни берди. Бу аблаҳона ҳужумдан мақсад Украина халқини қишда иссиқлик ва электрдан маҳрум қилиш ҳамда энерготизим хавфсизлигини таҳдид остига қўйишдир”, дейилган Байденнинг Оқ уй томонидан ёйинланган баёнотида.
Сўнгги ойларда Қўшма Штатлар Украинага ҳаводан мудофаа учун юзлаб ракета етказиб берган. Байденга кўра, бундан ҳам кўпроғи йўлда.
Чоршанба тонгида Россия Украина энерготизими ва шаҳарларига қанотли ва баллистик ракеталар ҳамда дронлар билан ҳужум уюштирган. Украина ҳудудлари раҳбарларига кўра, зарбалар натижасида Харьковда камида олти киши яраланган, Днепропетровск вилоятида эса бир киши ҳалок бўлган.
Қозоғистонда Бокудан Грознийга парвоз қилаётган учоқ қулади
Қозоғистоннинг Манғистау вилояти маркази бўлмиш Ақтау яқинида йўловчи учоғи қулаб тушди. Бу ҳақда хабар қилган Озодликнинг қозоқ хизматига кўра, қулаган учоқ Бокудан Грознийга қатновни амалга ошираётган бўлган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Грознийда қуюқ туман тушгани туфайли учоқ аввалига Маҳачқалъага, кейин эса Ақтауга йўналтирилган.
Ахборот агентликларининг хабар қилишларича, Azerbaijan Airlines авиаширкатига тегишли учоқ Каспий денгизи устидан учиб ўтаётган пайтда фавқулодда ҳолат сигналини берган.
Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги учоқ қулаганини тасдиқлаган.
“Ақтауда учоқ қулаган жойга Қозоғистон ФВВга тегишли 11 та техника ва шахсий таркибдан 52 киши етиб борган. Улар етиб боришганда ҳаво кемаси ёнаётганини кўришган”, дейилган ФВВ хабарномасида.
Қутқарувчилар авиаҳалокат содир бўлган жойда ёнғинни ўчиришга киришишган.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, қулаган учоқ бортида 37 нафар озарбайжонлик, 6 нафар қозоғистонлик, 3 нафар қирғизистонлик ва 16 нафар россиялик йўловчи бўлган.
Қозоғистон ФВВ қайдича, ҳодисадан сўнг йўловчилардан 25 нафари тирик қолган.
Қозоғистон Транспорт вазирлиги учоқ қулаши ҳодисаси юзасидан махсус текширув ўтказилишини маълум қилган.
“КазАэроНавигация” корхонаси тахминига кўра, авиаҳалокат учоқнинг қуш билан тўқнашгани ва руль бошқаруви бузилгани туфайли содир бўлган бўлиши мумкин.
Байден Россияга қарши санкцияларнинг “хайрлашув” пакетини ҳозирламоқда
АҚШ президенти Жо Байден ҳокимият тепасида бўлган сўнг ҳафталарда Россия энергетика секторига қарши янги йирик санкциялар киритишга чоғланмоқда. Бу ҳақда “Вашингтон пост” нашри тўрт нафар хабардор манбадан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
Санкциялардан мақсад Россия нефтини Ғарбнинг санкция сиёсати билан боғлиқ мамлакатларга ташиётган халқаро кемаларнинг “яширин флоти”га зарба беришдир. Ҳозирланаётган санкциялардан кўзланган яна бир мақсад ҳалигача санкциялар киритилмаган Россия нефть экспортчиларига босим ўтказишдан иборат. Бу ерда гап банкларга Россия энергетик транзакцияларини қайта ишлашга рухсат берувчи лицензияларни чақириб олиш ҳақида кетмоқда.
Агар санкциялар ўйлангани каби таъсир қилса, Байден маъмурияти сайланган президент Трампнинг инаугурациясига қадар унга каттагина мерос қолдириб кетади, деб ёзган “Вашингтон пост”.
Президентлик лавозимини тарк этиш олдидан Москвага қарши қўйилажак жиддий қадам Байденнинг 2022 йилда Россиянинг Украинага бостириб кирганига нисбатан қатъий жавоб учун ғарбдаги иттифоқчиларни бирлаштирганига оид баёнотларини дастаклайди, дейилган нашр мақоласида.
Майя Санду яна Молдова президенти ўлароқ иш бошлади
Кишинёвда 24 декабрь куни Майя Санду иккинчи муддатга Молдова президенти сифатида иш бошлаши олдидан инаугурация маросими бўлиб ўтди.
“Мандатни итоат ва қатъият билан қабул қиламан”, деди у Республика саройида бўлиб ўтган тантанали маросим чоғида. 500 чоғли одам олдида сўзлаган нутқида Майя Санду ўзидан “Европа Иттифоқидаги Молдова” мерос бўлиб қолиши лозимлигини айтди. Айни пайтда у евроинтеграцияни “жаннатга олинган бизнес-класс чиптаси” ўлароқ кўрмаслик кераклигини қайд этди.
Ўзининг биринчи муддати ҳақида гапира туриб, Санду Молдова халқаро даражада “янада ҳурматга сазоворроқ” бўлгани ҳамда энергетик қарамликдан қутула бошлаганини билдирган, деб ёзди Озодликнинг молдован хизмати.
Майя Санду иккинчи президентлик муддатига шу йил 3 ноябрида ўтказилган президент сайловининг иккинчи босқичи натижаларига кўра сайланган. Санду хориждаги сайлов участкалари ҳисобидан ғалаба қозонган: унга чет мамлакатлардаги диаспора вакиллари ёппасига овоз берган. Мамлакат ичкарисида эса унинг рақиби, собиқ бош прокурор Александр Стояноглу кўпроқ овоз олган. У россияпараст Социалистлар партиясидан номзод ўлароқ кўрсатилган эди.
Сайловнинг иккинчи босқичида овоз бериш кунида Молдова евроинтеграция тарафдори бўлган расмийлари яна бир бор Москвани сайловга аралашганликда, жумладан сайловчиларни Россиядан бошқа мамлакатларга автобусларда ва учоқларда ташиганликда айблаб чиқишган. Кремль бу каби айбловларни бир неча бор рад этган.
Сўнгги йилда АҚШдан 270 мингдан зиёд киши депортация қилинди
АҚШнинг Иммиграция ва божхона хизмати сўнгги йилда Жо Байден маъмурияти 10 йил ичида рекорд миқдорда мигрантларни депортация қилгани ҳақида маълум қилди, дея хабар қилган “Америка овози”нинг рус хизмати.
Иммиграция ва божхона хизмати ҳисоботига мувофиқ, бу йил президент Байден маъмурияти 192 мамлакатга 270 мингдан зиёд одамни депортация қилган, бу эса 2014 йилдан буён энг юқори йиллик кўрсаткич бўлиб ҳисобланади.
Аввалроқ Озодлик 2023 йил сентябридан 2024 йил сентябригача АҚШдан Ўзбекистонга 572 киши депортация қилингани ҳақида хабар қилган эди.
Хизмат депортациялар сони ошишини дипломатик саъй-ҳаракатлар билан изоҳлаган. Сўнгги йилларда Вашингтон бошқа мамлакатлар ҳукуматларини депортация қилинган фуқароларни кўпроқ қабул қилишга ишонтиришга муваффақ бўлган. Масалан, АҚШдан депортация қилинганларни кўп йиллар мобайнида қабул қилмай келган Африка ва Осиё мамлакатлари давлатларига аввалгидан кўра кўпроқ мигрант йўлланган.
Депортация бўйича шунга ўхшаш кўрсаткичлар Дональд Трампнинг илк президентлик муддатида ҳам қайд этилган: 2019 йилда 267 мингта депортация амалга оширилган. Эндиликда сайланган президент “мигрантлар депортацияси бўйича энг катта амалиёт” ўтказишни ваъда қилган.
Пью тадқиқот маркази маълумотига кўра, АҚШда 11 миллионга яқин ноқонуний мигрант истиқомат қилади. Экспертлар фикрича, бундай кўлам билан Трампнинг бўлажак маъмурияти сайланган президент режасини амалга оширишда жиддий қийинчиликларга дуч келиши мумкин.
Татаристондаги ёнғинда беш нафар ўзбекистонлик қурбон бўлди
Татаристондаги чорвадорлик фермаси биносида чиққан ёнғинда Ўзбекистон ва Россия фуқаролари нобуд бўлган. Бу ҳақда “Интерфакс” агентлиги Татаристон Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат вазирлиги матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.
“Беш эркак - Ўзбекистон фуқароси, бири эса Россия фуқароси”, дея иқтибос келтирган агентлик вазирлик матбуот хизмати ходими сўзларидан.
Ёнғин чоғида ҳалок бўлган кишилар “Мир” МЧЖ хўжалиги ишчилари бўлган.
Алабуга туманининг Малореченский қишлоғидаги ишчилар вақтинча жойлаштирилган уйда ёнғин 24 декабрга ўтар кечаси содир бўлган. Ҳодиса чоғида уй ичида 39 киши бўлган, 33 киши уйдан қочиб чиқишга муваффақ бўлган.
Ёнғин чоғида қурбон бўлган олти кишидан ташқари етти киши турли даражада тан жароҳати олгани айтилмоқда.
Расмий маълумотларга кўра, 300 квадрат метрни қамраган аланга 14 нафар ўт ўчирувчи ва Россия ФВВга қарашли тўртта техника ёрдамида ўчирилган. Ёнғинга электр жиҳозларидан фойдаланиш қоидалари бузилгани сабаб бўлгани тахмин қилинмоқда.
Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳодиса ортидан республика агрофермаларида ишчилар учун вақтинча қўнимгоҳ ўлароқ фойдаланилаётган банча биноларни текшириш ҳақида топшириқ берган.
Россияда кўпхотинлиликка оид фатво чақиртириб олинди
Россия Мусулмонлар диний идораси (РМДИ) Уламолар кенгаши ўтган ҳафтада чиқарилган “РФ мусулмон жамиятида кўпхотинлилик муаммоси” деб номланган фатвони қайтариб олди - фатвода мусулмон эркакларга бирданига бир нечта диний никоҳ қуришга имкон берилиши ҳақида айтилган эди. Фатво 23 декабрь куни Россия Бош прокуратураси РМДИ раҳбари Равил Ғайнутдинга қонун бузилишига чек қўйиш зарурлиги тўғрисида тақдимнома киритгани ортидан бекор қилинган.
Уламолар кенгаши раиси Шамил Аляутдинов телеграмда фатвони чақиртириб олиш қарори “Бош прокуратура ва Россия жамоатчилиги реакцияси муносабати билан” қабул қилингани ҳақида ёзган.
“Худонинг иродаси шу экан, РФ МДИ Уламолар кенгаши мунозарага киришишдан фойда йўқ, деб билади”, дея қайд этган Аляутдинов.
Зикр этилган фатво никоҳ мавзусига бағишланган эди. Унда эркакларнинг қатор шартларга риоя қилган ҳолда бир неча аёлга уйланишига рухсат берилгани қайд этилган ҳамда эркак киши тўрт нафаргача бўлиши мумкин бўлган хотинларига бир хил муносабатда бўлиши лозимлиги урғуланган.
ТАСС ва “Интерфакс” агентликларининг РФ Бош прокуратурасидаги манбалари МДИ раҳбарига йўналтирилган тақдимнома ҳақида сўзлай туриб, БП фатвони Россия оила қонунчилигига зид келади, деб ҳисоблагани ҳақида билдиришган. Хусусан, Россия Оила кодексида фақат ФҲДЁ (ЗАГС) идораларида тузилган никоҳлар тан олиниши, оила “эркак билан аёл иттифоқи” бўлиб ҳисобланиши, айни пайтда “бошқа қайд этилган никоҳи бор кишилар ўртасида никоҳланиш”га йўл қўйилмаслиги, МДИ томонидан қабул қилинган фатво эса “амалдаги қонунчилик ва анъанавий қадриятларни мустаҳкамлаш соҳасидаги давлат сиёсати асосларига зид келиши” урғуланган. МДИ Бош прокуратура тақдимномасига оид хабар юзасидан ҳали расмий изоҳ берганича йўқ.
Аввалроқ Россиядаги қатор телеграм-каналлар ва блогерлар кўпхотинлиликка оид фатвога эътибор қаратишиб, бу каби расмий ҳужжат пайдо бўлганига норозилик билдирган эдилар. Бу хабарларга муносабат билдирган МДИ қабул қилинган ҳужжат “аёллар ва болаларни ҳимоя қилиши ҳамда РФ қонунчилигига зид келмаслиги”ни, шунингдек, “махсус ҳарбий амалиётда (Россияда Украинага қарши уруш расман шундай таърифланади – таҳр.) ҳалок бўлганларнинг бевалари ва етимларини ҳимоя қилиши”ни баён қилган эди.
Исроил ҲАМАС лидери ўлими учун масъул эканини тан олди
Исроил мудофаа вазири Исраэл Кац 23 декабрь куни Эронда шу йил июль ойида ҲАМАС лидери Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилиши исроиллик ҳарбийлар иши эканини илк бор очиқчасига тан олди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар қилди.
Агентлик қайдича, бу баёнот Исроилнинг Ғазодаги уруши ва Ливандаги можаро туфайли нотинч бўлган минтақада Эрон ва унинг асосий душмани бўлган Исроил ўртасида таранглик кучайиб кетишига олиб келиши мумкин.
Ўз чиқишида Исроил мудофаа вазири Кац: “Ҳусийларнинг террор ташкилоти Исроилга ракеталар билан ўққа тутаётган шу кунларда мен уларга аниқ-тиниқ мурожаат йўлламоқчиман: Биз ҲАМАСни енгдик, биз “Ҳизбуллоҳ”ни енгдик, биз Эрон мудофаа тизимини кўр қилдик ва ишлаб чиқариш қувватларига шикаст етказдик, биз Суриядаги Асад режимини ағдардик, биз ёвузлик ўзагига жиддий зарба бердик. Биз қаршиликнинг сўнгги ўчоғи бўлиб қолаётган Ямандаги ҳусий террорчиларига ҳам оғир зарба берамиз”, дея урғулаган.
“Исроил уларнинг стратегик инфратузилмасини ишдан чиқаради, биз Теҳронда, Ғазода ва Ливанда Ҳания, Синвар ва Насруллоҳни йўқ қилганимиз каби уларнинг қўмондонлигини бошсиз қолдирамиз. Биз Худайда ва Санада ҳам шу ишни қиламиз”, деган Кац Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари учун уюштирилган кечада чиқиш қиларкан.
Эрон томонидан дастакланаётган Ямандаги ҳусийлар гуруҳи икки йилдан буён Исроилнинг денгиз тарафдан қамалини кучайтириш учун Қизил денгиздаги савдо кемаларига ҳужум қилиб келмоқда. Улар бу ишларни Исроилнинг Ғазодаги урушида фаластинликлар билан бирдам эканларини кўрсатиш учун амалга ошираётганларини айтишмоқда.
Июль ойи охирида Фаластиннинг ҲАМАС гуруҳи (АҚШ ва ЕИда террор ташкилоти деб тан олинган) сиёсий лидери Исмоил Ҳания Теҳронда амалга оширилган ҳужум натижасида ўлдирилган. Эрон расмийлар ҳужум учун масъулиятни Исроилга юклаган. Айни пайтда, Reuters қайдича, исроилликлар шу пайтгача Ҳаниянинг ўлими учун жавобгарликни ўз зиммаларига олган эмасди.
Ҳаниянинг доимий истиқомат жойи Қатар бўлиб, у ерда ҲАМАС лидери ўзини Фаластин дипломатиясини тамсил этган шахс сифатида кўрсатиб келган. Ҳания Ғазо секторидаги ўт очишни тўхтатиш бўйича билвосита музокаралар ташкил этилиши бўйича халқаро уринишларнинг ҳам иштирокчиси бўлган, деб ёзган Reuters.
Трамп “трансгендер телбалиги”ни тўхтатишни ваъда қилди
АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп президентлигининг илк кунидаёқ “трансгендер телбалиги”ни тўхтатишга ваъда берди.
“Мен болаларни жинсий жиҳатдан майиб этилишини тўхтатиш ҳақидаги фармонни имзолайман, армиядаги ҳамда бошланғич, ўрта ва юқори мактабларимизда трансгендерлик сиёсатидан воз кечаман”, деган Трамп Аризона штати маркази Фениксда ўтказилган ёш консерваторлар тадбирида. Унинг сўзларини Франс Пресс агентлиги келтирган.
У “эркакларни аёллар спортига қўймаслик”ка ҳам ваъда бериб, “Қўшма Штатлар ҳукумати расман фақат иккита жинс – эркак ва аёл жинсини тан олиши”ни қўшимча қилган.
Трамп АҚШ тарихида депортация бўйича энг йирик амалиётни бошлашини ҳам билдирган.
“Оқ уйдаги илк кунимда чегараларимизни ноқонуний мигрантларга ёпиш ва мамлакатимизга бостириб кирилишини тўхтатиш учун қатор тарихий ҳужжатларни имзолайман. Шу куннинг ўзида биз депортация бўйича Америка тарихидаги энг йирик амалиётни бошлаймиз”, дея қайд этган АҚШнинг сайланган президенти.
Трамп АҚШнинг Панама канали устидан назоратини тиклаш бўйича ваъдасини ҳам такрорлаган.
Марказий Осиёни Хитой билан боғловчи темирйўл қурилиши бошланмоқда
Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темир йўли қурилиши 27 декабрь куни бошланади. Бу ҳақда Қирғизистон президенти Садир Жапаров III Халқ қурултойида маълум қилди.
Халқаро темирйўл қурилиши жорий йил октябрда бошланиши режалаштирилганди.
Жапаров “ўнлаб йиллар мобайнида токчаларда чанг босиб ётган” темирйўл лойиҳаси рўёбига кўпчилик ишонмаганини айтаркан, у “Шарқ ва Ғарбни боғловчи стратегик кўприк” бўлишига ишонтирган.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, 20 декабрь куни Бишкекда Қирғизистон ҳукумати ва “Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон” темирйўл компанияси ўртасида лойиҳалаштириш, қуриш, молиялаштириш, фойдаланиш ва техник хизмат кўрсатиш бўйича инвестиция битими имзоланган. Битимга Қирғизистон Транспорт ва коммуникациялар вазири Абсаттар Сиргабаев ва темирйўл компанияси директорлар кенгаши раиси Чжун Шэнгуй имзо чеккан. Тадбирда Ўзбекистоннинг Қирғизистондаги элчиси Саидикром Ниёзхўжаев ҳам қатнашган.
Хитойни Марказий Осиё давлатлари билан боғлайдиган темирйўл тармоғини қуриш лойиҳаси қарийб чорак асрдан бери муҳокама қилинади.
Узунлиги 486 км ни ташкил этувчи Хитой–Қирғизистон–Ўзбекистон темирйўл лойиҳаси Россия ва Қозоғистонга қарамликни камайтириши кутилмоқда.
Келишувга мувофиқ, Пекин қўшма корхонада 51 фоиз, Бишкек ва Тошкент 24,5 фоиздан улуш олади. Лойиҳа қиймати 4,7 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Ўзбекистон жорий йил 8 июль куни мазкур халқаро темирйўл лойиҳасини биргаликда амалга ошириш тўғрисидаги халқаро битимни тасдиқлаган эди.
“Мазкур темирйўл Хитойни минтақамиз билан боғловчи энг қисқа қуруқлик йўлига айланади. Келгусида ушбу йўл бизнинг мамлакатларимизга истиқболли Трансафғон йўлаги орқали Жанубий Осиё ва Яқин Шарқ давлатларининг кенг бозорларига чиқиш имконини беради”, деган президент Шавкат Мирзиёев.
Қашғар – Торугарт – Макмал – Жалолобод – Андижон йўналиши бўйлаб ўтадиган халқаро темирйўлнинг йиллик юк ташиш ҳажми 15 миллион тоннагача етиши, товарни якуний истеъмолчига етказиш муддати 7 кунга қисқариши кутилмоқда.
Озодлик аввалроқ темирйўл қурилиши бўйича шартномада талай саволларга жавоб йўқлигига эътибор қаратганди.
Зурабишвили сайлов кунини белгилаш учун ҳукуматга 7 кун муҳлат берди
Грузия президенти Саломе Зурабишвили қайта парламент сайлови кунини белгилаш учун мамлакат ҳукуматига бир ҳафта муҳлат берди. Бу ҳақда у 22 декабрь оқшомида Тбилисидаги норозилик акциясида қилган чиқишида билдирди.
Сохталаштирилган деб ҳисобланаётган парламент сайлови натижалари ҳамда Грузия ҳукуматининг евроинтеграция бўйича сиёсатига қарши мухолифатнинг норозилик чиқишлари дастаклаган Зурабишвили куни кеча норозилик акциялари “янги босқич”га ўтаётгани ва мамлакатдаги сиёсий буҳрон фақат янги сайлов кунини белгилаш орқали ҳал бўлиши мумкинлигини билдирган эди.
Тбилисида чиқиш қилган президент “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясининг норасмий лидери Бидзина Иванишвили ва бошқа лидерларини янги сайлов санасини белгилаш бўйича музокаралар ўтказишга чақирган.
Зурабишвилининг президент ўлароқ ваколатлари муддати 29 декабрь куни, яъни бир ҳафтадан кейин тугайди. Мухолифат томонидан бойкот қилинган Сайловчилар ҳайъати мажлиси унинг вориси − “Грузия орзуси” ҳукмрон партиясига хайрихоҳ бўлган собиқ футболчи Михаил Кавелашвилини президент этиб сайлаган. У ўз вазифаларини бажаришга 29 декабрь куни киришиши лозим. Бироқ бўлиб ўтган овоз беришни нолегитим деб ҳисоблаган Зурабишвили ўз лавозимини тарк этиш ниятида эмаслигини айтган.
Грузия бош вазири Ираклий Кобахидзе, агар Зурабишвили ўз ваколатлари хорижига чиқадиган бўлса, янги сайлов ўтказилиши ҳақида эълон қилса ҳамда президент саройини тарк этишдан бош тортса, унга нисбатан жиноят иши очилиши мумкинлиги билан таҳдид қилган. Кобахидзега кўра, ҳеч ким 72 ёшли президентни қамоқхонага йўллашни истамайди, шунинг учун у Зурабишвили “оқилона йўл” тутишига умид билдирган. Зурабишвили қамоққа тушишдан қўрқмаслигини билдирган. Айни пайтда у ҳукумат янги сайлов кунини белгиламаса, қандай иш тутишини очиқлаган эмас. Аввалроқ “Грузия орзуси” раҳбарлари бу ишни қилмасликларини билдиришган − улар фикрича, ўз партиялари ғалаба қозонган сайлов легитим бўлган.
Расмийлар томонидан евроинтеграция жараёни музлатилишига қарши норозилик акциялари Грузияда уч ҳафтадан буён давом этмоқда. Илк кунлари полиция норозиларни тарқатган, юзлаб одам қўлга олинган ёки жабрланган. Намойишлар тарқатилиши ва қўлга олишлар оқибатида норозилик акциялари иштирокчилар сони камайган, бироқ Руставели шоҳкўчасига ҳалигача кунига юзлаб ёки минглаб одам акцияга чиқмоқда. Якшанба куни президент чиқиш қилишидан олдин полиция овоз кучайтиргичлар ўрнатилишига тўсқинлик қилган. Техник муаммолар юзага келиши Зурабишвили чиқиш қилаётган пайтда ҳам кузатилган.
Туркияда авиаҳалокат оқибатида тўрт киши нобуд бўлди
Туркиянинг Муғла вилояти марказий тумани бўлмиш Ментеше марказида қутқарув хизмати вертолёти касалхона биносига бориб урилган. Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳодиса чоғида тўрт киши нобуд бўлганини маълум қилди. Булар икки учувчи, врач ва унинг ёрдамчисидир. Ҳодисага қуюқ туман сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Вертолёт парвоздан кўп ўтмай қулаган. Тахминларга кўра, учувчилар мураккаб об-ҳаво шароитида вертолётни бошқаролмай қолган бўлишлари мумкин. Вертолёт касалхона биноси деворига бориб урилиб, бўш ётган майдонга қулаган.
Полиция маълумотларига кўра, террор хуружи гумони йўқ. Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларига таъзия билдирган.