Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:50

Покистонда Ал-Қайда етакчиларидан бири қўлга олинди


А.Арал Анчадан буëн қидирувда бўлган Ал-Қайда террор тармоғи етакчиларидан бири Покистон хавфсизлик кучлари томонидан Афғонистон чегараси яқинидаги ҳудудда қўлга олинди. Америка ҳукумати Ал-Қайда етакчилари орасида ўз нуфузига кўра учунчи ўринда турган шахс деб айтилаëтган¸ келиб чиқиши ливиялик бўлган Абу Фараж ал-Либбийнинг қўлга олинганини терроризмга қарши кураш йўлидаги муваффақият¸ деб баҳоламоқда. Покистон ҳукуматига кўра¸ мазкур шахснинг қамоққа олиниши Ал-Қайда раҳбари Усама бин Ладинни излаб топишга йўл очади.

2001 йил 11 сентябрда Ню-Йорк ва Вашингтонга қилинган ҳужумларга алоқадорликда айбланаëтган Ал-Қайда террор тармоғи раҳбари Усама бин Ладиннинг яқин ҳамкорларидан бири Абу Фараж ал-Либбийнинг қўлга олингани халқаро терроризмга қарши курашда эришилган катта муваффақият¸ деб баҳоланмоқда.

Уч ярим йилдан буëн АҚШ ва унинг иттифоқчилари қидирувида бўлган асосий шахс – Усаманинг қаердалиги эса ҳамон номаълумлигича қолмоқда. Расмий Покистон Ал-Либбийнинг қармоққа олиниши Бин Ладинни тузоққа тушипиш имкониятларини кенгайтиради¸ деб ҳисобламоқда.

Ал-Либбий 2003 йилда Холид Шайх Муҳаммад қўлга олиниши билан Ал-Қайданинг учинчи етакчисига айлангани айтилмоқда. Вашингтонга кўра¸ Ал-Либбий Ал-Қайда ҳаракатларини мувофиқлаштирувчи асосий шахс бўлган.

АҚШ Президенти Жорж Буш ал-Либбийнинг қўлга олинганини олқишлаб¸ жумладан шундай дейди:

“Мен Покистон ҳукуматининг террорга қарши курашга қўшаëтган ҳиссасини қадрлайман. Покистон ҳукумати ва Президенти Парвез Мушаррафни Ал-Либбийни қўлга олгани учун олқишлайман. Кураш давом этмоқда. Биз Ал-Қайда бартараф бўлгунга қадар кураш олиб борамиз”¸ - деди Президент Буш.

АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райснинг айтишича¸ Ал-Қайданинг дала қўмондони Ал-Либбийнинг қамоққа олингани муҳим воқеа бўлди.
“Бу шахс террорга қарши уруш давомида биз анчадан буëн изланаëтганимиз - Ал-Қайда тармоғининг муҳим аъзосидир”, - дейди АҚШ Давлат котиби.

Айрим кузатувчиларга кўра¸ Абу Фараж ал-Либбийнинг Ал-Қайда таркибида қандай рол ўйнагани номаълум. Бироқ АҚШ розведка хизмати вакилларининг айтишича¸ Усама бин Ладин ва Айман аз-Завоҳирий Ал-Қайда террор тармоғининг асосий етакчиларидан ҳисобланади.

Покистон хавфсизлик хизмати расмийларининг билдиришича¸ Холид Шайх Муҳаммад қўлга олинганидан кейин Ал-Либбий¸ Бин Ладин билан Покистондаги жанггари гуруҳлар ўртасида асосий алоқачи вазифасини бажарган. У шунингдек¸ 2003 йилда Покистон Президенти Мушарраф ҳаëтига суиқасд уюштиганликда айбланмоқда. Ўтган йил Покистон Ал-Либбийни қўлга олиш учун ëрдам берганларга 10 миллион доллар мукофот беришини билдирган эди

Покистон Ички ишлар вазири Офтоб Хон¸ Ал-Либбийнинг Мушарраф ҳаëтига сўнгги марта уюштирилган суиқасд учун жавобгарлигини айтади.
“Ал-Либбий 2003 йилнинг 25 декабрида Мушарраф ҳаëтига суиқасд қилишга уринган шахс. У Мажид Форуқийнинг яқин ëрдамчисидир”.

Форуқий Ал-Қайда билан яқин алоқада бўлган покистонлик жанггари¸ у ўтган йилнинг сентябрида Покистон кучлари билан қуролли жанггарилар ўртасида рўй берган тўқнашувда отиб ўлдирилган эди.

Покистон Ташқи ишлар вазирининг айтишича¸ Ал-Либбий АҚШга экстрадиция қилинадими ëки йўқми¸ бу ҳозирча номаълум. Аммо Ал-Либбий Покистоннинг ўзида ҳам жавобгарликка тортилиши шарт¸ дейди Офтоб Хон.
XS
SM
MD
LG