Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 09:03

Ўзбекистон хавфсизлик кучлари Андижондаги норозилик намойишчиларига қарата ўқ узди.


Бунинг оқибатида камида бир одам нобуд бўлди. Лондондаги “Уруш ва тинчликни ёритиш институти” мухбири Галима Бухарбаева Андижон воқеаларни ўша жойнинг ўзида кузатиб боряпти. Унинг Озодлик радиосига айтишича, милиция Андижон шаҳри марказидаги вилоят ҳокимлиги биносини эгаллаб олган норозилик намойишичиларига қарата ўт очган

“Соат маҳаллий вақт билан беш яримларда одамлар БТРлар – Бронетранспортёрлар келаётганини кўришди. Шунда, ҳамма бақириб қоча бошлади. Биз ҳам қочдик ” - деди Галима Бухарбаева.

Ундан олдин Ўзбекистон ҳукумати расмийлари ва нарозилик намойиши вакиллари ўртасида музокара олиб борилаётгани ҳақида хабарлар олинган эди.

Намойиши қатнашчилари акрамийликда айбланиб судланаётганлар устидан адолатли ҳукм чиқарилиши, яъни, уларнинг озодликка чиқарилишини талаб қилди.

Андижон вилоят ҳокимлигини эгаллаб олганлардан бири Шарипжон Шокиров Озодлик радиосига норозилар ҳукуматга фақат бир талаб қўяётганини айтди.

“Бизнинг фақат биттагина талабимиз бор. Шу боллаларни чиқариб юборишсин. Ана шу тухмат билан қамалган болаларни ва кейин Акрамжонни (Йўлдошевни)”.

Шокировга кўра, ҳукумат расмийлари норозилар талабини бажаришни рад этган ва ўрнига Ички ишлар вазири Зокир Алматов уларга қўшни Қирғизистоннинг Ўш вилоятига чиқиб кетишларига имконият берилишини айтган.

Намойишчиларга кўра, улар бир неча милиция ходимини гаровда ушлаб турибди.

“УзА” ахборот агентлиги хабарига кўра, тартибсизлик жумага ўтар кечаси бир қанча қуролланган жиноятчи Андижондаги ҳарбий қисмга ҳужум уюштирганидан кейин бошланган. Расмий маълумотларга кўра, отишмада тўққиз одам нобуд бўлган 34 одам яраланган.

Ўнлаб ўқотар қуролга эга бўлган бу шахслар жазони ўташ колониясига ҳужум қилган. Қамоқхона нозирлари билан ҳужумчилар ўртасида отишма юз берган. Шунда сўнг ҳужумчилар бир гуруҳ маҳбусни қамоқдан чиқариб юборган.

Бу Тошкент вақти билан соат 20:30гача олинган маълумотлар эди.
XS
SM
MD
LG