Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 12:46

Қашқадарё чигирткалар ҳужумига дучор бўлди


Фирдавс Шу кунларда қашқадарёлик фермерлар чигирткалар ҳужумидан зиён кўраётганликларини айтмоқда. Туркманистон ҳудудидан учиб келаётган чигирткалар тўдаси уларнинг экинларига қирон келтиряпти.

Кунлар исиб, далалардаги ўтлар қуригач, Туркманистондан учиб келаётган чигирткалар Қашқадарёнинг мазкур давлатга чегарадош бўлган Ғузор, Нишон, Деҳқонобод туманларидаги пахта майдонларига ҳужум қила бошлади.

Нишонлик фермер Мамаюсуф Холтўраевнинг айтишича, 15 кунча муқаддам пайдо бўлган чигирткалар унинг 5 гектарга яқин экинини еб битирган.

Бошқа фермер хўжаликлари ҳам чигирткалардан юзлаб минг сўмлик зарар кўраётганини билдирмоқда. Улар сўнгги 20 йиллар давомида бундай ҳолат кузатилмаганини маълум қилмоқда.

Вилоят чигирткага қарши курашиш экспедицияси бошлиғи Собир Турдиевнинг сўзларига қараганда, зараркунандаларга қарши курашга 7 та самолёт, дори сепадиган қирққа яқин трактор жалб этилган. Аммо барибир чигирткаларга бас келишнинг имкони бўлмаётир.

Мутахассислар фикрича, бу зараркунандалар Туркманистон ҳудудида кўпайиб, сўнг Ўзбекистонга учиб ўтаётгани сабабли унга қарши курашнинг самараси кам бўляпти. Зеро, чигирткани кўпаядиган жойида йўқ қилиш зарур.

Маълумотларга кўра, шу кунгача чигирткалар 75 минг гектар яйлов ва 200 гектардан ортиқ пахта майдонига зарар етказди.

Шифокорлар чигирткага қарши сепилаётган баъзи дорилар инсон саломатлигига ҳам зарар етказишини таъкидламоқда. Хусусан, бу дориларнинг айримлари жигар, ошқозон-ичак ва асаб тизимларига салбий таъсир кўрсатади.
XS
SM
MD
LG