Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:13

Фарғоналиклар Тео ван Бовендан ёрдам сўрамоқда


Фарғонадаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари фаоллари, мустақил журналист ва адвокатлар Андижон воқеаларидан кейин ҳибсга олинган шахсларга нисбатан қийноқлар кучайиб бораётгани юзасидан БМТнинг қийноқлар масаласи бўйича махсус вакили Тео ван Бовен номига мурожаатнома йўллади.

Шунингдек, бу мурожаатнома Ўзбекистон президенти ва бир неча давлат идоралари номига ҳам жўнатилди.

“Ўтюраклар” клуби раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, мурожаатномада Тео ван Бовен Ўзбекистонда бўлиб қайтгандан кейин мамлакатда ҳеч қандай ўзгариш бўлмагани билдирилади ва яқинда юз берган бир воқеа тафсилоти келтирилади.

“3 март куни қўшмачи бир аёл ваҳшийларча ўлдирилганди. Худди шу вақтда Бувайда тумани сил касалликлари шифохонасида даволанаётган, ўғирлик қилгани учун аввал қамалиб чиққан Зафар Обидов бу жиноятни содир этишда айбланди. З.Обидов 9 июнь куни Тозагул исмли фоҳишани ҳақоратлашда айбланиб, 15 кунга қамалди. Шу 15 кун давомида уни уриб, бўйнига қотиллик жинояти юкланди. З.Обидовнинг қотиллик юз берган куни шифохонадан чиқмаганини исботлайдиган шифокорлар, ҳатто у билан бир хонада бўлган беморнинг айтганлари ҳам инобатга олинмади. Ўзлари тайинлаган адвокатдан ташқари ота-онаси ёллаган адвокатларга йўл берилмади”, - деди М.Тожибоева.

Мурожаатномада БМТдан Ўзбекистонда қийноқлар тўхтатилишини қатъий талаб қилиш ҳамда қотилликда айбланаётган З.Обидов ишини атрофлича текширишда ёрдам сўралган.

Фарғоналик адвокат Муҳаррам Тожибоеванинг сўзларига қараганда, суд жараёнларида жуда кўп айбланувчилар терговлар пайтида ўзларига нисбатан қийноқлар қўлланилгани, руҳий тазйиқлар ўтказилгани тўғрисида гапиради.

Фарғоналик хусусий тадбиркор Обидҳожи Ғойибовнинг билдиришича, у ҳуқуқ-тарғибот органларига ёрдам бераман деб ҳам қийноқларга учраган.

“Уюшган жиноятчилардан бирини айтиб берганим учун уч марта қамалдим. Бир марта наша солиб, кейин ўқ қўйиб, сўнг эса граната ташлаб қамашди. Чунки уюшган жиноятчилар прокурор ва милиционерларни боққан одам-да. Бекордан-бекорга 4 ой МХХ ҳибсхонасида, 1 ой Андижон қамоқхонасида, 61 кун ИИБ ертўласида ўтирдим”, - деди О.Ғойибов.
XS
SM
MD
LG