Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 10:05

Ёш олим ва онаси порахўрликда айбланмоқда


Куни-кеча Қўқон педагогика институти проректори Ваҳобжон Хўжаев ҳамда у билан бирга ишлайдиган онаси Хосиятхон Аълохўжаева порахўрлик ва таъмагарликда айбланиб, ҳибсга олинди.

Фарғонадаги “Фуқаролик жамияти” халқ ҳаракати вакилларининг билдиришича, ёш олим ва онаси махсус уюштирилган ҳолда ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан ушланган. Она-бола Жиноят кодексининг 168 (фирибгарлик) ва 210-моддалари (порахўрлик) бўйича айбланмоқда.

“Фуқаролик жамияти” раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг сўзларига қараганда, В.Хўжаев ва онаси фарғоналик икки қизни 7 ой давомида уйида сақлаб, институтга киришга тайёрлаган. Бу хизмат учун олинган ҳақни ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари пора сифатида талқин қилмоқда.

“Ҳуқуқ-тартибот органлари В.Хўжаевни бу пулни қизларни институтга грант асосида ўқишга киритиш учун олганликда айблаяпти, - деди М.Тожибоева. - Шунингдек, отасининг уйидан топилган пул ҳам В.Хўжаевга тегишли деб олиб қўйилган”.

М.Тожибоеванинг айтишича, тинтув пайтида топилган 800 доллар пулни В.Хўжаев қизларни ўқишга киритиш учун олгани шубҳали. Чунки бу пулга икки кишини ўқишга киритиш мумкинлигига ишониш қийин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бу пул аслида В.Хўжаевнинг отаси Умархон Хўжаевга тегишли эканини айтмоқда. У.Хўжаев ҳам бу пул ўзининг жамғармаси эканини билдирди.

У.Хўжаевнинг таъкидлашича, терговчи унга бу ишга инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини аралаштирмаса, ўғли ва хотинига қўйилган айбни енгиллатишга ваъда берган. Аммо у бу таклифга кўнмаган.

В.Хўжаев ва онаси 26 июлдан бери вилоят миллий хавфсизлик бошқармаси ҳибсхонасида сақланаётган бўлса-да, терговни вилоят прокуратураси терговчиси Ғайрат Муҳаммадиев олиб боряпти.

Қўқон педагогика институтининг аксарият ходимлари В.Хўжаев иши уюштирилган, деб ҳисобламоқда.

“Домла унақа инсон эмас. У жуда очиқкўнгил, атрофдагиларга қўлдан келганча ёрдам берадиган киши”, - деди институт муаллимларидан бири.

М.Тожибоева В.Хўжаев ва унинг онасини ҳибсда ушлаш муддати узайтирилса, уларни ҳимоя қилиш учун дўстлари, институт жамоаси ва талабаларни жалб этган ҳолда 8 августдан норозилик акцияси бошланишини билдирди.
XS
SM
MD
LG