Линклар

Шошилинч хабар
15 январ 2025, Тошкент вақти: 14:20

Тақдирланганлар Андижон “қаҳрамонлари”ми?


Шайбон “Арена” сайтида эълон қилинган мақолада Ўзбекистон Мустақиллиги куни муносабати билан мукофотланган ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва ҳарбий хизматчилар айнан Андижон воқеалари “қаҳрамонлари” экани таъкидланади.

“Довюрак мерганлар ва пулемётчилар. Андижон қаҳрамонлари тақдирланди” сарлавҳали ушбу мақолада ёзилишича: “Расман маълум қилинишича, юксак унвонлар бу шахсларга ислоҳотларни амалга оширишдаги иштироки, жасорати, мардлиги ва тинчлик ҳамда осудаликни ўрнатишдаги хизматлари учун тақдим этилган. Аммо аслида уларнинг кўпчилиги бу мукофотларни ўзи хизмат қилаётган қисмдаги машаққатли меҳнати эмас, балки Андижон исёнини моҳирона бостиргани учун олганлигига деярли ҳеч ким шубҳаланмайди”.

Мақолада Андижондаги “тинч намойиш” иштирокчилари огоҳлантиришсиз, совуққонлик билан ўққа тутилгани, шу боис, халқ орасида буни махсус тайёргарликдан ўтган манқуртлар ёки ароқ ичиб олган аскарлар амалга оширди, деган тахминларни пайдо қилгани айтилади.

Муаллиф имзосисиз чоп этилган мақолада таъкидланишича, аввалига ҳукумат бу аскарларнинг исмлари ошкор этилмаслигига ҳаракат қилиб келган. Аммо Мустақиллик куни арафасида уларни тақдирлашни лозим топган ва сир тутилган исмлар ошкор этилган.

Шу ўринда эслатиб ўтамиз, Мустақиллик куни арафасида Ўзбекистон президентининг 155 ҳарбий хизматчи ва ҳуқуқ-тартибот ходимини мукофотлаш тўғрисидаги фармони эълон қилинди. Мукофотланганлар орасида марҳумлар ҳам бор.

“Арена” сайтидаги мақола муаллифи (ёки муаллифлари) мукофотланганлар орасида Андижон хунрезликларида иштирок этмаганлар ҳам бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит этмайди, аммо уларни ажратиб олишнинг имкони деярли йўқлигини тан олади.

Хўш, мақолада таъкидланганидек, мукофотланганларни чиндан ҳам Андижон воқеаларида иштирок этганлар дейиш мумкинми?

Демократик ташаббуслар маркази директори Искандар Худойбергановнинг фикрича, буни таъкидлашнинг ўзи қийин. Чунки мукофотлаш айнан Андижон воқеалари кунлари эмас, балки мустақиллик байрамига тақаб амалга оширилган.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев тақдирланганлар орасида Андижон воқеаларига дахлдорлар бор, дейишга асос етарли эканини билдирди.

“1999 йил 16 февралдаги портлашлардан кейин ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларига мукофотлар улашиш расм бўлди. Бу йилги рўйхатдагилар сони кўплигига эътибор берсак, Андижон воқеалари сабабли мукофотлаш янада тантанавор тус ола бошлаганини кўрсатади”, - деди А.Аннаев.

Жамиятшунос Комрон Алиев ҳарбийлар ва ҳуқуқ-тартибот ходимларнинг тақдирланиши, албатта, қайсидир воқеа ёки ҳодиса билан боғлиқ бўлишини таъкидлади.

“Озодлик” мухбири юқорида билдирилган фикрларга муносабат сўраб, Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматига мурожаат қилди.

“Бўҳтондан иборат бўлган бу мақолани муҳокама этишнинг ўзи террорчилар ўқидан ҳалок бўлган бегуноҳ кишилар ва террорчиларга қарши курашда қаҳрамонларча ҳалок бўлган мард ўғлонларимиз хотирасига нисбатан инсонийликдан йироқ хатти-ҳаракатдир”, - деди МХХ матбуот хизмати раҳбари Олим Тўрақулов.

МХХ вакилининг бу сўзлари тақдирланган орасида Андижон воқеаларида ҳалок бўлганлар борлигини қисман тасдиқлайди.
XS
SM
MD
LG