Линклар

Шошилинч хабар
26 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:47

Давлат айбловчилари нишонида журналистлар


Шайбон Ўзбекистон Олий судида Андижон воқеаларида фаол иштирок этганликда айбланаётган 15 фуқаро устидан ўтказилаётган суд жараёнида давлат айбловчилари журналистлар фаолиятига ҳам тўхталди.

Давлат айбловчилари Андижон воқеаларини ёритган журналистлар фаолиятига алоҳида жиноят сифатида қараган ҳолда гапирди. Улар ўша кунлари ёзилган ҳар бир мақола, олинган ҳар бир интервью, қилинган ҳар бир тахминни маълум маънода пухта ўйланган режанинг бир қисми сифатида баҳолашини билдирди. Масалан, “Би-Би-Си” радиосининг Фарғона водийси бўйича мухбири Матлуба Азаматова номи айтилмаётган буюртмачилар томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятни бажариб, воқеалар ривожини кузата бориб, айрим тахминларни айтган ва бу билан 13 май фожеаси ҳақида олдинган хабардор бўлганини кўрсатгани айтилди.

“2005 йил 11 май куни М.Азаматова Лондондаги Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбири сифатида “Узнюс.нет” электрон ахборот агентлиги учун аввал ўзи томонидан мавжудлиги рад қилиб келинган акрамийлар диний экстремистик оқимининг 23 аъзоси устидан бўлаётган суд жараёнида қатнашган одамлар сонини қасддан кўпайтириб кўрсатиб, ушбу суд жараёнига эътибор тортиш учун “Андижондаги суд биноси олдида акрамийларни қувватлаш учун 4000 киши тўпланган”, деб номланган мақола чоп этган. Ушбу мақолада М.Азаматова намойишда иштирок этган одамлар сонини кўпайтириш билан бирга 13 майга ўтар кечаси бўлиб ўтадиган қуролли ҳужумларни олдиндан билгандек “4 минг киши қўзғолонга тайёр”, деб таъкидлаган”, - деди давлат айбловчиси.

Умуман, давлат айбловчиси таъкидича, Андижон воқеаларида арафасида “Би-Би-Си” мухбирлари шубҳали тарзда фаоллашиб қолган. 2005 йил 11-12 май кунлари “Би-Би-Си” агентлиги мухбири Жимми Нортон агентлик сайтида “Андижонда мисли кўрилмаган қаршилик” деб номланган мақола чоп этган. Ушбу мақолада у суд биноси олдида тўпланган одамларнинг фаол ҳаракатларга тайёрлигини айтган, уларни шундай ҳаракатларга ундаш мақсадида бу кишилар барча нарсасидан воз кечиб, ҳамма нарсага тайёрлигини билдирган ва яқин орада мамлакатда инқилоб бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Давлат айбловчилари Уруш ва тинчликни ёритиш институти мухбири Галима Бухорбоева фаолиятини ҳам четлаб ўтмади. Уларнинг сўзларига қараганда, Г.Бухорбоева 14 май куни электрон ОАВда “Ўзбекистонда қонли бостириш” сарлавҳали мақола эълон қилган. Унда ҳукумат кучлари БТРларда оломон тўпланиб турган майдонга кириб, ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз шафқатсизларча тинч намойишчиларни, хусусан, хотинлар ва ёш болаларни ўққа тутгани, кўплаб бегуноҳ одамлар ҳалок бўлгани ҳақида “ёлғон ва уйдирма” маълумотлар тарқатилган.

“Узнюс.нет” сайти ҳам айбловлардан четда қолмади. Прокурорларнинг айтишича, Г.Бухорбоеванинг “ҳақиқий ҳолатга умуман тўғри келмайдиган” маълумотларига асосланиб, сайтга “Андижонда мухбирларга қарши иғво уюштирилмоқда” сарлавҳали мақола жойлаштирилган. Шунингдек, бир неча журналистлар воқеаларни “ташқи кучларга қулай тарзда шарҳлаган”.

Прокурорларнинг айбловидан “Озодлик”
радиоси рус хизмати мухбири Андрей Бабицкий ҳам қуруқ қолмади. Давлат айбловчисининг таъкидлашича, А.Бабицкий Андижон шаҳрида бўлиб, ҳамма нарсани ўз кўзи билан кўриб, “ҳақиқатга тўғри келмайдиган” хабарлар тарқатган. Масалан, ўз ташкилоти сайтида 16 май куни “Сўнгги маълумотларга кўра, Андижонда 500 киши ҳалок бўлган” сарлавҳали мақоласини эълон қилган.

“Бу мақолада бир неча аслида бўлмаган ва тасдиқланмаган маълумотлар, хусусан, Андижон шаҳри ва вилояти ички ишлар бўлимларида 1500 га яқин шахс ҳибсга олингани, 500 га яқин фуқаро ўлдирилгани, мурдалар яширин жойга кўмилгани, тинч намойишчилар ҳарбийлар томонидан отиб ташлангани, ярадорлар ҳам отиб ўлдирилгани кўрсатилиб, ташқи кучларнинг буюртмаси бажарилган”, - деди давлат қораловчиси.

Давлат айбловчилари “Фридом ҳаус” ва “Ҳьюман райтс уотч” халқаро ташкилотлари фаолиятига ҳам тўхталди ва уларни айрим нохолис маълумотлар тарқатишда айблади.
XS
SM
MD
LG