Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:01

Андижонлик гувоҳ Маҳбуба Зокированинг Олий суддаги кўрсатмаси (тўлиқ)


“Озодлик” радиоси

Маҳбуба Зокирова: Мен Зокирова Маҳбуба Ғофиржон қизиман. 1972 йил Андижон шаҳрида туғилганман.





Судья: Маълумотингиз?

М.Зокирова: 8-синфни битирганман.

Судья: Ишлайсизми?

М.Зокирова: Илгари ишлаганман.

Судья: Турар-жойингиз қаерда?

М.Зокирова? Ҳакан қишлоғида.

Судья: Андижон вилояти, Ҳакан қишлоғи, Қумқума 304 дебди, тўғрими?

М.Зокирова: Қумкўча.

Судья: 304-хонадонми?

М.Зокирова: Ҳа.

Судья: Зокирова, сизни гувоҳ сифатида чақиртирганмиз. Гувоҳ билган нарсалари тўғрисида судга тўғри кўрсатув бериши керак. Ёлғон кўрсатма берганлик учун жавобгарлик бор. Шу тўғрида сизни огоҳлантираман. Тилхатга имзо чекинг. (Узоқ паузадан кейин) Марҳамат, энди шошилмасдан кўрган, билган нарсаларингиз, воқеалар тўғрисида гапириб берсангиз.

М.Зокирова: 12 май куни қизим билан менинг туғилган кунимиз эди. Ҳар йили туғилган кунимизни нишонлаб, дадамиз айлангани олиб чиқарди. Ишда бўлиб қолиб, олиб чиқа олмай қолди. Кейин ўзим болаларни шаҳарга олиб чиқувдим. Шаҳардаги Навоий парки олдида оломон, одам роса кўп экан. Нима бўлаётган экан, деб қизиқиб бордим. Борсам, мендақа аёллар, болалилар роса кўп экан. У ерда қуролланган бир-иккита одамлар ҳам бор экан. Менинг хаёлимга келмаган улар террористми, қуролланганми. Қуролнинг роса камлигига ҳам ақлим сиғдира олмади. Қоровуллар деб ўйладимми, билмайман. Ўша ерда турдик. Ҳамма халқ чиқиб, роса гапиришди. Айниқса, инвалидлар, аёллар. Ҳамма бошидан ўтган воқеаларни гапирди. Каримов келар экан, деган гап бўлди. Аниқ келади, дейишди. Унинг ичида битта қарироқ кишини олиб чиқишди. Каттароқ кишини. Унга бир нарсалар деди. Ҳозир аниқ эсимда йўқ. Ундан кейин вертолёт келди. Па-а-аст учди. Икки марта айланди бошимиздан. Вой, ана Каримов ростдан келаркан, деб кутиб ўтирдик. Энди президентимиз бизнинг Андижонга ҳам келиб гаплашаркан, деб ишонибмиз. Кейин Каримов келмасдан, мен оломоннинг чеккароғида эдим, йўлнинг бўйида машинада солдатлар тариллатиб отиб ташлади. Ёнимда биттаси ётиб қолди. Битта ёш қиз бола “оёғимга тегди”, деди. “Вой ростдан тегдими” (ётиб олганман) десам, “йўқ оёғимга эмас экан, тапичкамнинг товонига тегди” деди. Бундай қарасам, ўқ кирган экан. “Во-о-ой, ростдан ўқ экан”, деб қўрқиб кетдим. 4 та майда-майда болам бор. Мана бу ёғда (ташқарида демоқчи) туришибди ҳозир. Ўзимдан эмас, болаларимдан қўрқдим. Ҳали халққа қаратиб ўқ отганига ишонмайман. Шундан кейин қуролланган одамлар, эркаклар “ичкарига киринглар, аёллар ичкарига кирсин, ўқ тегмасин шуларга, эркаклар, тўсинглар” деди. Қуролланганлар унча йўқ эди. Кўпи қуролланмаган эркаклар эди. Кейин ичкарига аёллар кирди, чеккада болалар (эркаклар демоқчи). Кўпчилиги ўлиб кетди. Ана шунақа бўлишди. Бир пайт ўша катта сўзга чиққан киши, 3-4 тасидир, 5-10 тасидир, билмайман, “олдига қўямиз, давлатнинг одамларини қўйсак отмайди халқни, ўзининг одамини ўзи қандай отади, қўрқманглар”, дейишди. Олдига қўйишгандир, мен тўполонгда болаларим билан чалғиб, кўрмадим. Кейин олдига қўйган эди, бирпас юрдик. Ро-о-са ёмон отишма бўлди. Уни айтишга сўз ожиз. Урушда ҳам унақа бўлмаган. Даҳшат, қон. Бундай ётсак, ётган еримиздан қон оқиб ўтаверди. Қўрқинчдан билмайман нима бўлганини. “Ўзиникини ҳам отиб юборди, энди бизга нима бўлади”, дедикда ҳамма жон сақлашга ҳар ёққа қочди. У ерда 10 мингтача одам бўлса, қочиб-қочиб ана шунчаси борилибди. Ўша ерда кўпчилик қочилди, қирилди. Ўша аҳволда ҳам мана шу томонга бурилди. Қочиш, жон сақлаш нимасида. Ўқдан қочиб, бурилиб кириб кетишди битта кўчанинг ичига. Болам тўполонгда, ўқнинг ичида, ё кўтарган одам ўқ еганми, уч яшар болам, битта 7-8 ойлик жижим (чақалоғим демоқчи) ўзимда эди, ўша боламни кўтарган одам ўқ еганми, ё йиқилиб қолиб кетганми, болам қолиб кетибди. Жижимни олиб, нарироққа борганман, “во-о-й бола-а-ам”, дейман, одамлар ўляпти, тариллаб отишяпти. Битта бола югуриб бориб, боламни олиб келиб берди. Йиғлашяпти болаларим. Ҳамманинг жони чиқиб бўлган. Уни ҳозир эсласам, қўрқиб кетяпман. (Овозини пастлатиб) Сизлардан қўрқмаяпман. Ўша воқеани эслаб туриб, қўрқиб кетяпман тўғриси. Шунақа даҳшат. 41-йилги уруш ҳам унчалик бўлмаганда. У ҳам майли. Яна ундан даҳшатлиси бор. Ундан кейин кетилди. Қуролланган бир-иккита, қуроли борми-йўқми, билмайман, бордур, одамлар унча отишмади. Кўпроқ қочишга ҳаракат қилди. Аёллар, болалар ўлмасин, отмасин, деб уйларга халқлар эшигини очиб, “кириб олинглар, отиб юборади, нима кераги бор бекордан ўлиб кетишни” деб, дарвозаларини очишиб берди. Кирганлар кирди, мен кирмадим. Кирсаман, қувлаб келишаётган эди-да, кўзим билан уни кўриб қолдим, машинада солдатларни, “барибир қувлаб ўлдириб юборади, ундан кўра ўлгунимча қочаверай”, деб қочдим. Қочиб кетдик. Йўлларда машиналар ўтди. “Барибир отиб ташланади” деган фикрлар бўлди. “Ундан кўра чегарадан ўтиб кетилса, отишга ҳаққи йўқ, отмайди. Бизни ҳалиги, нима деб ўйлашди булар. Отиб юбориш керак, деб ўйлашяпти, шекилли”, деб қочавердик. Тешиктошга чегарага етганда қурол йўқ эди ҳеч кимда. Аёллар, қари-қари кампирлар, унинг ичида иккиқат аёллар йўлда, вой, болалар, рўмолларини олишиб, оқ байроқ қилиб, “отмайди, сизларни, аёлларни ўтказиб юборамиз. Майли бизларни отса отар”, деб эркаклар оқ байроқ қилиб борилди. Борсак, оқ байроққа ҳам қарамасдан, энг алам қилгани, немис Гитлер ҳам, тўғриси, оқ байроқ кўтарганларни отмаган, унда отди. Мен кўзим билан кўрдим, 4 та боламни ўртага қўйиб қасам ичаман, отди. Вой, у ердаги даҳшатни қўяверасизлар. У ерга боргунча оёқларимиз шишиб, ялангоёқ, ёмғир, ҳаммаёқ ҳўл. Битта боламни кўтариб олган одам, ўқ еб ўлганми, йиқилиб ўлганми, ташлаб кетганми, билмайман, мен қочяпман, уч яшар ўғлим ўликларнинг ичида, мана бу ёқда ҳозир (ташқарида турибди демоқчи), ая деб йиғлаяпти. Ўқ тариллаб отиляпти. Асфальтда ўқ тегса, ўт чиқар экан. Энди даҳшат. Болам йиғлаётган эди. Болам бўлса ҳам бориб, ўқдан олиб чиққани қўрқаман. Қўрққанимдан бора олмайман. Нариёғда туриб, болам, деб бақирсам, бўйи узун, оппоқ бола югуриб бориб боламни шундай эзиб туриб (ўқдан сақлаш мақсадида устига ўзини ташлаб демоқчи), миясига ўқ тегиб ўлди. Ана шу бола учун ҳам мен ростини айтаман. Ро-о-ст гапираман. Агар ёлғон гапирсам… Қандай мен ёлғон гапираман! Ёлғон гапирмайман мен ўша бола учун ҳам. Менинг болам учун жонини берган бола учун. Менга қарз бўлиб қолди. Ўшаларнинг кўрсатган анақаси. Ўлиб кетган боланинг бола-чақаси бордур. Ўша менинг боламни мана шундай эздию, ўзи мана шундай миясига ўқ еб ўлди қон оқиб ўша ерда. Во-ой дедим, болам ҳалигининг тагида қолди. Кейин 4-5 таси югуриб бориб, ярадорларга қўшиб, боламни кўтариб келди.

(давоми бор)

Х
Х
Х


М.Зокирова: Во-о-ой болам, дейман, холос. Кейин боламни олдим. Шунақа воқеалар бўлди. Энди билмайман, террорист деяпсизларми, нима деяпсизларми, менинг унақаларига алоқам йўқ. Тўғриси, мен тушунмайман ҳам. Мен кўзим билан кўрган воқеани, тўғрисини айтдим. Мен қурол ҳам ушламаганман, давлат билан ҳам ишим йўқ, менга фойдаси ҳам йўқ. Уларга зиён гувоҳ берсам, мени биров мажбур ҳам қилмайди, тўғриси. Мен ҳали кўзим билан кўриб, ичимда мен ёлғон гапириб, умрбод... Менга қарз-ку. Болам учун жонини фидо қилган одамни мен қандай айтмайман. Ана шунақа воқеалар бўлди. Йўлларда “эшикларга кириб олинганлар, аёллар, қийналасизлар... Бошида “ўзи отишма бўларкан, отишма бўлиб қолиши мумкин, болаликлар кетсин”, дейилди. Кў-ў-ўп эди болаликлар. Кетишаётганди, “мен кетиш керак экан болаликлар, отиб юборар экан”, деб ёнимдаги битта болаликка айтсам, у “қандай отади халқни, биз нима қилдик, отмайди, қўрқманг”, деди. Ишониб, “ростдан ҳам отмас экан, бизни нега отади”, деб қолдим. Йў-ўқ, отиб ташлади. Ро-о-са-а кўпчиликни отиб ташлади.

Судья: Зокирова, мана Тешиктошга борганингизни айтяпсиз. Тешикдошда қаерда жойлашдиларингиз?

М.Зокирова: Тешикдошдами? Чегарадан ўтишдими, ўтганимиздан кейин... Ҳа, отгандан кейин яна битта кўчага қайтиб кирдик. Энди иложи йўқ. Ўлган ўликлар, қон... Қайтиб кириб, бошқа йўл топамиз, дейишдими, далалик йўл бор экан Қирғизистонга ўтишга. Ўша йўлдан ўтамиз, дейилди. Ўтиб келаётсак... Ўтдик.

Судья: Қаерга бориб жойлашдиларингиз?

М.Зокирова: Қирғизнинг солдатлари текширишди. Ҳеч кимда қурол, ҳеч кимда ҳеч нарса чиқмади. Ўтганимиздан кейин, ҳамма жой ёмғир, даҳшатдан, қўрқинчдан болаларим ҳам, ўзим ҳам карахт, касал бўлиб кетдик. Боришимизга скорыйлар келди. Ҳамма келди. Роса кўпчилик бўлиб кетди. Биринчи Қирғизистоннинг ўзининг каттаконлари келишди. “Қайтинглар, бизнинг қўшнимиз булар, қайтинглар”, деган эди, биз “қайтсак отиб юборади, отиб юборди-ку, ўқдан қочиб келиб яна ўққа борамизми, майли отиб юборсанглар ҳам сизлар, у ерга қўрқамиз боргани, қайтмаймиз”, дедик. Ростдан ҳам. Шундай десак, улар оғзаки мажбур қилишди, кетмадик. Қолувдик. Эртасига, индин индашмай қўйди. Ўша ерда палаткалар қуришди. Мен ўзи ана шу кунлари болаларим билан, менга ўхшаган болали, ёмғирда қолиб касал бўлган, гўдаклари бор, ўқ еганлар, ярадорлар билан больницага кетдик. Больницада ётиб чиқдим. 3-4 кун яна палаткада бўлдик. Кейин яна больницага... Офтоб, дим эди. Салқин жой йўқ эди. Ўзи болаларим нозик, шунинг учун тезда оғриб қоларди. Яна больницага тушиб қолгандим, шаҳар ҳокими, район ҳокими, маҳалла комитети, ўзимнинг хўжайиним, акам больницага бориб, “кетасан, юр, нега қочиб кетдинг”, деди. “Сизлар кўрмадинглар, мен кўрдим, мен болаларимни отган ерга қандай бораман, мен ишонмайман”, дедим. Улар айтди, “аёлларга, болаларга тегмайман деди, қайтавер”, дейишди. “Йўқ, мен ишонмайман, мен кўзим билан кўрган нарсага ишонаман, мени отиб юборган ерга қандай бораман, бормайман”, деб туриб олсам, қайтиб кетишиб, кечқурун индинги куни судрашиб олиб келишди, мажбур қилишиб. Энди ҳозир менга имконият бор экан гапиргани, гапириб олай. Битта нимам, мен яшагани қўрқаман бу юртда, нимагаки, мен ҳозир ҳеч ким гапирмаган гапни гапирдим. Телевизорда эшитиб тураётгандим, “э, булар нимага ёлғон гапиряпти экан, нимага рост гапирмаяпти, болаларга ўқ отган одамлар, халққа қаратиб отган одамларни нимага тўғрисини айтмайди. Ким буйруқ берди, вертолётда кўрган, халқ бор экан ўртада, минг булар террорист бўлиб, тўсиб олган бўлса ҳам чиқмайсан деб...” Ўзи унақа қилмади, аксинча кетинглар, деди. Деган чоғидаям заложник бор жойда отмайди-ю. Отиб ташлашди. Киноларда кўрганманда, ҳалиги бандитлар ушлаб чиқса, отмай қўйворади. Бизни отиб юборди.

Судья: Яхши. (паузадан кейин) Зокирова, мана...

М.Зокирова: (судьянинг гапини бўлиб) Ана шунга битта гапириб олай... Мен бу ерда яшагани қўрқаман.

Судья. Майли. Зокирова, эшитингда…

М.Зокирова: (яна судьянинг гапини бўлиб) Мен ҳеч нарса қилмадим-у. Тўғрисини гапиряпман.

Судья: Тўғри, бўлди. Энди саволларга жавоб беринг…

М.Зокирова: Менга зарари ҳам йўқ, фойдаси ҳам. Мен ичимдаги... болаларим... қарз эди менга тўғрисини гапириб қўйишлик. Болаларим ўша… Тўғриси, болаларимни кўрганимда қийналар эдим. Ҳимоя қилган одамларни ҳозир ёмон нима қилишяпти, террорист деяпти. Ўқдан қутқарди кўзимда. Нимага ундай бўляпти экан. Менга қарз шуларнинг ростини айтиб қўйиш деб, ичим қийналар эди. Энди мана айтиб қўйяпман.

Судья: Яхши. Зокирова, айтингчи, мана сиз 12 май куни туғилган куним эди, деб айтяпсиз. “Ҳар йили 12 май куни туғилган кунимни нишонлаш учун турмуш ўртоғим билан чиқардим. Бу йил турмуш ўртоғим олиб чиқмади ва 13 май куни болаларимни айлантириш учун олиб чиқдим”, деяпсиз. Шундайми?

М.Зокирова: Ҳа.

Судья: Шундай бўлса, қаерларни айландингиз?

М.Зокирова: Чиқиб... Ўзи нима бўлди...

Судья: Айланган жойларингизни айтинг сиз.

М.Зокирова: Нимага келдик, ўша Навоий паркнинг олдироғига олиб келиб қўйди “Дамас”. Навоий паркнинг олдига келсак, паркка ҳеч ким кирмаяпти, аксинча оломон, халқ битта микрофон бор жойда тўпланиб, гапиришиб, еб-ичишиб ўтирибди. У паркда ҳеч ким йўқ. Бу ёғи ҳали қизиқ. Ҳамма ўша ёққа бораётган экан, мен ҳам ўша ерга бордим.

Судья: Соат нечаларда сиз ўша жойга кирдингиз?

М.Зокирова: Нечалиги эсимда йўқ. Эрта билан, жуда эрта билан эмас, секин чиққан бўлсак, обедроқ бўлиб қолгандир.

Судья: Соат нечаларда?

М.Зокирова: Обед бўлмагандида.

Судья: Тахминан соат нечаларда?

М.Зокирова: 10-11 дир.

Судья: Соат 10-11 ларда бордингиз. Хўп, ўша ерда нечагача бўлдингиз?

М.Зокирова: У ердами? У ерда (узоқ пауза)…

Судья: Сой томонга юриш бошлангунча ўша ерда бўлдингизми?

М.Зокирова: Ҳа. Вой, ўша ерда ҳам отишган. Роса отишди.

Судья: Сиз берилган саволларга жавоб беринг. Хўп, эрталаб соат 10 дан кечқурун соат 6 гача бўлибсиз. Болаларингизни айлантиришга олиб чиққансиз. Болаларингизни айлантиришни ўйламадингизми?

М.Зокирова: Менми?

Судья: Ҳа. Туғилган куним деяпсиз.

М.Зокирова: Айтяпман-ку, паркда ҳеч ким йўқ. Ҳамма ўша оломоннинг ичида.

Судья: Йўқ, сиз болаларингизни айлантиргани олиб чиққанингизда оломон…

М.Зокирова: Айлантирдим. Бир нарсалар олиб бердим. Айланиб юрдик ўша ерларда.

Судья: Оломонга 10 да кирдим, деб айтяпсиз.

М.Зокирова: Аниқ 10 эмас. Ўша айланиб, пиёда юрдик. Юрсак ўша 10-11 бўлиб қолгандир.

Судья: Ёнингизда неча яшар болаларингиз бор эди?

М.Зокирова: 13 яшар-12 яшар қизим, 10 яшар ўғлим, 3 яшар яна ўғлим, кейин 7-8 ойлик ўғлим бор эди қўлимда.

Судья: Сиз ўша ерга келган пайтингизда бирортасидан “Андижон турмасида маҳкумлар озод қилинибди, ҳарбий қисмга ҳужум қилинибди, у ерлардан қурол-яроғ олиб чиқиб кетилибди”, деган гапни эшитдингизми?

М.Зокирова: Йў-ўқ. Умуман эшитганман, уни ҳамма эшитган, гап юрган, “бир ой, бир ой 23 тасини қамаб юборибди, ҳалиги одамлар туришганда саф тортиб, нима турибди ҳамма, туришибдию одамлар” деса, “ҳақиқатни талаб қилиб туришибди, айбини топишиб берсин қамаб юборса, деб туришибди”, дейишган.

Судья: Йўқ, сиз эшитдингизми, “турмани озод қилишибди, ҳарбий қисмга ҳужум қилишибди, у ердан қурол-яроғ олишибди”, деб эшитдингизми?

М.Зокирова: Йўқ, эшитмадим.

Судья: Намойиш бўладиган жойда турманинг кийимида бўлган одамларни кўрдингизми?

М.Зокирова: Қанақа кийим бўлади улар?

Судья: Қора кийимда, турманинг кийимида.

М.Зокирова: Унисига мен аҳамият…Аммо турмадан чиқдик, деб микрофонда гапиришган.

Судья: Турмадан чиқдик, деб микрофонда гапирганлар нимани гапиришди?

М.Зокирова: Битта аёл киши эсимда бор, эркакларнинг гапини эслай олмайман, “овқати ёмон, деворга тапичкасини отса, бетингизга ирғийди”, деганда ҳамма кулган. Ўша эсимда бор.

Судья: 10 да келганман, деяпсиз. Кечқурун соат 6 гача бўлсангиз, ёнингизда ёш болаларингиз бор, уларнинг овқатланиш масаласи қанақа бўлди?

М.Зокирова: У ердами? Нон-пон, анақалар беришган. Бодринг, қулупнай беришган. Ейишиб ўтиришган. Ўзи қорни очмас эди. Йўлда бир нарсалар олиб бергандим.

Судья: Ким олиб келиб берди уларни?

М.Зокирова: Ўша ердагилар, ҳамма.

Судья: Ҳамма? Сиз ўша ерда милиция ходимлари ёки ҳарбийларни гаровга олиб келаётганини кўрдингизми?

М.Зокирова: Йў-ўқ. Мен ўртароқда эдим. Нариги чеккада эмас, мен йўлнинг бўйидан кирганман.

Судья: Ҳозир айтяпсиз, “Сой бўйига қараб юришдан олдин милиция ходимларини, прокурорларни олдинги қаторга тизиб қўйишди”, деб айтяпсизда. Улар қаердан пайдо бўлди?

М.Зокирова: “Ана шунақа қиламиз, қўрқманглар, булар ўзлариникини ўзлари отишмайди”, деб микрофонда гапиришди. “Ҳали ҳеч қаёққа юрмай туринглар, юрсанглар отиб юборади, ўшаларни олдига қўйиб юрсак отмайди, ана шундай юриб уй-уйимизга тарқаб кетамиз”, дейишди.

Судья: Йўқ, ўша одамлар, ҳалиги милиция ходимлари, ҳарбийлар, олдинга тизиб қўйилган, боғланган одамлар қаердан пайдо бўлди?

М.Зокирова: Оломон ичида мен қаердан чиққанини билганим йўқ. У ерда одам роса-а-ям кўп эди.

Судья: Айтингчи, ҳарбийлар, милиция ходимлари, олдинга тизиб қўйилган одамларнинг аҳволи қанақа эди?

М.Зокирова: У милиционерларни кўрмадим. Ўша битта катта кишини кўрувдим. У киши жичча гапирди микрофонда.

Судья: Нима тўғрисида гапирди?

М.Зокирова: “Буларнинг айби йўқлигини биламиз. Билсак ҳам биз ҳам мажбурмиз”, дедими, ишқилиб “айбинглар йўқлигини биламиз, тан оламиз айбимизни”, деди. Дегандай бўлди шекилли.

Судья: Ўша одамни ҳам сафга тизиб қўйишдими?

М.Зокирова: Йў-ўқ. У одам ўша ерда турди жичча гапиришига... аёллар бодринг пўчоқ отиб юборди.

Судья: Унга нимага бодринг пўчоқ отишди?

М.Зокирова: Энди эрини қамаб юборган бўлса отгандирда.

Судья: Шу одамни ҳам сафга тизиб қўйишдими?

М.Зокирова: Йў-ўқ.

Судья: Ўша одамни қаердан олиб чиқишди? Намойишга чиқиб гапирган, бодринг пўчоқ отиб юборибди. Қаердан олиб чиқишди у одамни?

М.Зокирова: Ўша нариги томондан олиб чиқдида. Мен бу томонда эдим.

Судья: Ким олиб чиқди?

М.Зокирова: Ўша одамлар, эркаклар.

Судья: Нимага олиб чиқишди?

М.Зокирова: Қўли орқага қилиб олиб чиқишди. Ўзи олиб чиқилаётганда халқ гуруллаб ташланаётганди у кишига. “Ташланманглар, бу киши айбини тан олди, гапиради бу киши ҳозир”, деганди, тек туришди. Кейин гапирганди.

Судья: “23 нафар одам ўзи айби йўқ”, деб айтган бўлса, ўша одамга нима сабабдан бодринг пўчоқ отишди?

М.Зокирова: Уни айтмай туриб отдими, билмайман, ишқилиб отишди-да. Ана шу гапни гапириб олишга зўрға улгурди.

Судья: Гапирмаса, гапириб улгурмаса, ўша ердаги одамларнинг манфаати учун гапирган бўлса, 23 нафар одамнинг айби йўқлигини айтган бўлса, нимага бодринг пўчоқ отишади унга?

М.Зокирова: Энди… (Паузадан кейин) Бир нимаси бордирда. Ўзлари биладида отганлар.

Судья: Сўрамадингизми бу одам ким эди?

М.Зокирова: Айтдим, нимага отишди, дедим. Десам, битта аёлнинг эрини қамаб юборган экан. “Менинг эримни қамаб юборган ноҳақдан, уйимизга кириб биттаси тинтиб кетган. Гултувагимнинг орасига наша солиб, вой, мана нашаси бор экан деб, нашани баҳона қилиб, қамаб юборган. Шунинг учун ундан нафратланамиз, деб отдик”, деди.

Судья: Айтингчи, ўша одамни ҳам сафга олдинги қаторга тизиб қўйибди. Унинг олдида яна қанча одам бор эди? Саф тизиб қўйилган, ўзининг одамини ўзи отишмайди, деган одамлар қанча эди?

М.Зокирова: Улар жуда кўп эмас эди. У ерда оломон кўп эди.

Судья: Йўқ, олдинги қаторга тизиб қўйилган одамлар қанча эди?

М.Зокирова: Мен унча уларни кўрмадим. 5-10 та бордир.

Судья: Хўп, уларнинг бўйинларидан, қўлларидан боғлашибди. Сиз нимага уларни боғлашяпсан, деб сўрадингизми?

М.Зокирова: Йўқ, сўрайдиган аҳвол эмас эди. Отиб ётганди. Йиқилган, тиқилган, ҳамма ўртага қочиб бекинишган, ана шунақа эди. Уларни олиб кетаётганини ҳам кўрмадим. “Нимага қочиб кетмай турибмиз”, десам ёнимдаги биттасидан, “олдига қўяр экан, кейин юрар эканмиз, ҳозир бирпас турар эканмиз”, деди. Ўшанда билдим унинг олдига ўтганини. Менинг бўйим паст-ку, кўринмайди одамлар. Мен ўзим кўрмадим.

Судья: Зокирова, сиз ёнингизда 4 нафар фарзандингиз билан кўча айлангани чиққандингиз. Мана кетишяпти, уйингизга қайтиб кетишни ўйламадингизми?

М.Зокирова: Ўйладим. Битта аёл боласини тўсгани чиққанди. Оломоннинг ичидан чиққанди, “вой, ариқнинг ичида битта ёш бола ўлиб ётибди, ташқарида ўлганлар кўп экан, ўртада туриб билмабмиз, чиқмайлик ўртадан”, деди.

Судья: Ким айтди шундай деб?

М.Зокирова: Битта аёл.

Судья: Сиз ўзингиз кўрдингизми?

М.Зокирова: Ўзимми? Мен ўзим чеккада ана шундай отишаётганини, машинанинг гуриллаган... Мен йўлнинг бўйроғида эдим-да. Ҳали қўшилиб кетмагандим. Шу гуриллаб машинада отаётганди, ётдик. Биринчи отиши шунақа бўлди. Мен ўшанда қўрқдим.

Судья, Хўп, қўрққанингиз учун чиқиб кетмабсиз. Ана энди Сой томонга кетдиларингиз. Тешиктош томонга қараб кетяпсизлар. Тўрт нафар фарзандингиз бор. Ўша ердан уйингизга кетишга ҳаракат қилмадингизми?

М.Зокирова: Мен чиқиб қолгани қўрқдим. Мени отишди-ю.

Судья: Отиш бўлмаган пайтда уйингизга кетишга ҳаракат қилмадингизми?

М.Зокирова: Мени отса, қандай... Ҳозир ҳам яшаб қўрқяпман-у. Мени отишди-ю. Менинг болаларимни отишди. Менда нима гуноҳ? Мен нима қилдим? Ўша жойга бориб қолганимни айбим? Бу битта мен эмас. У ерда ана шу-у-нча аёллар бор. Қари кампирлар, аёллар.

Судья: Зокирова, айтингчи, сиз намойишга кирган пайтингизда танишларингиздан бирортасини кўрдингизми?

М.Зокирова: Кўрдим.

Судья: Кимларни кўрдингиз?

М.Зокирова: Менинг иккита аям Руминияда. Келин аям. Акамнинг болалари.

Судья: Кимлар? Ўшаларнинг фамилияларини айтинг.

М.Зокирова: Мўминова Розияхон, Мўминова Хуморой.

Судья: Намойишда ҳам улар сиз билан бирга эдими?

М.Зокирова: Уларни кейин кўрдим.

Судья: Яна қанақа танишларингиз бор эди?

М.Зокирова: Ўшаларнинг бештадан боласи бор.

Судья: Мўминованинг бешта фарзанди…

М.Зокирова: Хуморойники 4 та қолди. Биттаси урушда қолиб кетибди. Детдомга топшириб юборишибди.

Судья: Мўминовалар сизга қайси томондан қариндош бўлади?

М.Зокирова: Ўзимнинг акамнинг аёли бўлади.

Судья: Акангизнинг турмуш ўртоғи бўлади. Унисичи?

М.Зокирова: Иккови ҳамда.

Судья: Иккови ҳам акангизнинг турмуш ўртоғи бўлади. Акангиз ким эди?

М.Зокирова: Менинг акам Мўминов Абдулазиз.

Судья: Акангиз қаерда?

М.Зокирова: Акам уйда.

Судья: Тешиктошда бўлган пайтингизда яна танишларингиздан кимларни учратдингиз? Қирғизистон Республикасига ўтган пайтда, палаткада кимларни учратдингиз танишларингиздан?

М.Зокирова: У ерда маҳалламиздагилар бор. Яна биттаси бор маҳалламизда. Унинг ҳам учта боласи билан аёли...

Судья: Сизга битта савол, Тешиктош йўлига кетаётган бир қанча гувоҳлар айтишяптики, йўлда кетадиган пайтида қуролларнинг ташлаб кетилгани тўғрисида айтишяпти. Сиз ҳам шуни кўрдингизми?

М.Зокирова: Мен унисини кўрмадим. Аммо “қуролимиз йўқ, аёллар, қўрқманглар, оқ байроғимиз бор, отишмайди, сизларни ўтказиб юборамиз, бизни нима қилса ҳам майли кейин”, деб олиб кетаётганди, оқ байроққа ҳам қарамасдан отиб ташлашди.

Судья: Сиз кетаётган пайтда сафдаги одамларнинг қуролларни ташлаганини кўрдингизми?

М.Зокирова: Ташлаганиними? Кўрмадим.

Судья: Шу қуроллар қаерга кетди?

М.Зокирова: Билмайман. Уларда унақасини кўрмадим.

Судья: Ўзингиз айтдингиз, намойишга кираётган пайтда бир қанчасида қуроллар кўрганингизни. Ўша қуроллар қаерга кетди?

М.Зокирова: (Ҳайрон бўлиб) Мен қаердан биламан унисини?

Судья: Саволлар борми?

Прокурор: Зокирова, сиз фарзандларингизни айлантираман деб, боғни кўрсатаман деб, кўчага чиқдингиз. Боғнинг олдига келганингизда... Сиздан олдин сўроқ қилинган гувоҳлар, бошқалар шунақа кўрсатув беришди, кинотеатр, театр ёниб кетган экан, 5-6 та машина ёнган экан. Сиз шу ҳолатни кўрдингизми?

М.Зокирова: Ҳа, кўрдим. Қараган эдим, биттаси микрофонда…

Прокурор: Тўхтаб туринг. Саволни охиригача берай. Шу ҳолатни кўрган бўлсангиз, қўлингизда эмизикли болангиз бор, олдингизда вояга етмаган фарзандларингиз бор, аёл киши бошингиз билан шу ҳолатни кўриб қўрқмадингизми?

М.Зокирова: Қўрқдим.

Прокурор: Қайтиб кетишнинг имконияти йўқ эдими ўша пайтда?

М.Зокирова: Қайтиб кетаман десам, отишма бошланиб кетдида. Ҳам “Каримов келади”, деса, “энди келар экан, кўриб оламан экан”, дебманда.

Судья: Айбловда савол борми? Марҳамат.

Давлат айбловчиси: Зокирова, сиз сўроқларингизда ўзингиз айтиб кетдингиз, эслаб қўрқиб кетяпман, деб. Сўроқларингизда яна бир нарса маълум бўлдики, сизнинг яқин қариндошларингиз ҳозиргача қайтиб келмаганлар сафида, яъни яқин қариндошларингиз акрамия аъзолари экани ҳам аниқ бўлди. Суд жараёнида шунча сўроқлар бўлган. Шу сўроқлар пайтида аниқланган, аниқ далиллар билан. Ҳам тергов даврида, дастлабки тергов даврига, судда. Булар милиция батальонига ҳужум қилиб, ўзининг ҳаётини хавф остига солиб, милиция батальони деганда тушунасиз-а, халқ тинчлиги посбонини сақлайдиган милицияга ҳужум қилиб, ўша ерда нима қиляпти, 334 та қурол оляпти. Тушуняпсизми сиз? 334 та. Бундан ташқари, ундан олдин тайёргарлик кўриш жараёнида 24 та қуролни сотиб оляпти. Ана айбланувчи буни айтяпти. Қирғизистонда. Сиз аёл киши бўлганингиз учун, болаларингиз бўлгани учун саросимада тушунмаяпсизки, ким қайси томондан отди. Мана суд жараёнида аниқ бўляптики, ўзингиз ўйланг, 350 та бўляптими қурол, бу 350 та қурол отганда биласизми нима бўлади?

Судья: Савол шаклида берайлик мана шу нарсани. Саволингизни беринг, марҳамат.

Давлат айбловчиси: Шунинг учун сиз аниқроқ маълумот беришингиз керак, сиз ҳозир қайси ҳолатни гапириб беряпсиз, сиз қандай қилиб аниқ айтишингиз мумкин ўша ҳарбий отди деб. 335 мана шулар олган қуролни улар уйида сақлагани олмаган. Отган шу қурол билан. Мана бунинг ҳаммаси аён бўляпти.

Судья: Саволни тушундингизми? Савол айтилаётгани, шу 335 та қурол пост-патруль хизматидан олиб кетилиб, ҳужум қилган одамлар қўлида бўлган.

Давлат айбловчиси: (Судьянинг гапини бўлиб) Ўша қуроллар отилгани шунча жараёнда аниқ бўляпти. Сиз ҳозир айтяпсизки, “бизга қараб ҳарбийлар отди”, деяпсиз. Сиз ўзингиз нима, ҳарбиймисиз?

М.Зокирова: Булар ўзи андижонлик бўлса...

Давлат айбловчиси: Мана энди терговда аниқ бўлган нарса, қаранг, терговда аниқ ҳолат борки...

Судья: Ўртоқ прокурор, савол беринг марҳамат қилиб.

Давлат айбловчиси: Савол бердим, жавоб берсин.

М.Зокирова: Булар ўзи андижонлик бўлса, у ерда андижонликлар йиғилган бўлса. Қандай булар ўзларининг оналари, опаларини қандай ўзлари отади! Ўзларининг оилалари, қандай қилиб ўзлариникини ўзлари отади! Ҳаттоки у отганлар милиционерларимиз ҳам эмас. Чунки милиционерларимизнинг ҳам у ерда опасидир, кимнингдир акасидир... Шунча одамнинг ичига ота олмайди. Бу ерда менинг кимимдир бордур, дейди. Ўзиникини ўзи ота олмайди-да барибир.

Давлат айбловчиси: Сиз ўшанақа тахминингизни бу ерда гапирмангда, бўлган нарса бўлгандан кейин шунақа нарсанинг аниғини айтиш керак. Ўзингизнинг тахминларингизни гапиришга ҳаққингиз йўқ сизнинг.

Судья: Сиз аниқ ким отганини кўрганмисиз, деган савол бериляпти.

М.Зокирова: Ҳа, мен аниқ кўрганим... Икки марта кўрганман. Машинада, мана шу чекка йўл томонда солдат кийимидаги, бундай каска кийганлар отишган роса-а-а ёмон. Ундан кейин Тешиктошга... Боғдан чиқиб бундай кетилаётганда дарахтнинг устига чиқиб, ўшанақа каска кийганлар, домларнинг деразасидан отган. Устини кўрмаганман, бундай каскаси кўринган. Отишган. Тешиктошга ҳам ўшанақасини отганини кўрганман.

Судья: Ҳимояда савол борми? Судланувчиларда савол борми?

М.Зокирова: Мени қамаб юборасизларми энди?

Судья: Йўқ, ҳеч ким сизни қамамайди.

М.Зокирова: Мен тўғрисини айтдим. Менга нима фойдаси. Ҳеч кимдан менга фойда йўқ. Менинг виждоним қийналмасдан, ўзларинг айтдинглар-ку, тўғри гувоҳ бер деб. Мен нотўғри гувоҳ берганим билан ўлгунимча, “вой, ёлғон гапирдим”, деб ўтиб кетаманми ичим қийналиб! Болаларим... Қандай энди ёлғон гапириб қўйиб, ёлғон тарбия бераман!

Судья: Зокирова, биз ҳамманинг кўрсатмасини эшитяпмиз. Сизга ўхшаб митингга кириб қолган, Тешиктошга борган, Қирғизистонга борган фуқаролар кўп. Ҳаммасининг кўргазмасини эшитяпмиз. Ҳаммасининг кўргазмасига қараб баҳо берамиз. Сиз ҳам кўргазма беряпсиз, бошқалар ҳам кўргазма беряпти. Ҳаммасининг кўргазмасини эшитяпмиз. Сизга ўхшаб митингга кирганлар ҳам кўп, Тешиктошга қараб кетганлар ҳам кўп, Қирғизистонда бўлганлар ҳам кўп. Ҳаммасини сўраяпмиз. Бирортасини қолдирганимиз йўқ. Ўтиринг, марҳамат.
XS
SM
MD
LG