Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:46

Ҳамидулла Кароматовнинг қайтиши


Шайбон Ўзбекистоннинг Франциядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ҳамидулла Кароматов Тошкентга чақириб олиниб, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетига ректор этиб тайинланди.

Сенат қўмиталаридан бирининг раиси Содиқ Сафоев эса мазкур университет ректори лавозимидан озод қилинди.

Бу ҳар икки шахс ҳам бир вақтлар ҳукуматда катта лавозимларда ишлагани (С.Сафоев ташқи ишлар вазири, Ҳ.Кароматов бош вазир ўринбосари бўлган) навбатдаги кадр ўзгариши атрофида турли фикрлар пайдо бўлиши олиб келди.

Кўпчилик С.Сафоевнинг университет ректори сифатида нуфузи баланд бўлгани, Ҳ.Кароматов эса бу соҳа одами эмаслигини айтмоқда. Шунингдек, бу ўзгаришни америкапараст сиёсатчининг россияпарастга алмаштириш сифатида кўраётганлар ҳам бор.

Аммо собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошевнинг фикрича, С.Сафоев америкапараст сиёсатчи бўлмаган, аслида демократик қарашларга эга шахс. У президент ва унинг атрофидагиларга зарар келтирадиган амалдор ҳам эмас. Унинг ректор вазифасидан кетишини эса кўпчилик учун йўқотиш сифатида кўриш мумкин.

С.Сафоевнинг бу лавозимдан олинишини маълум клан қудратини сусайтиришга уриниш сифатида баҳолаётганлар ҳам бор.

Мустақил кузатувчи Алимардон Аннаев юқорида билдирилган фикрларни инкор этиб, С.Сафоев Сенат раиси лавозимига тайёрланаётган бўлиши мумкинлигини тахмин қилди.

Сиёсатшунос Шарофиддин Тўлагановнинг эътирофича ҳам С.Сафоевнинг ректорликдан кетишини аслида унинг асосий эътиборини Сенат фаолиятини кучайтиришга қаратишга боғлаш мумкин.



Содиқ Сафоев


Ҳ.Кароматовнинг элчиликдан чақириб олиниб, ректорликка тайинланиши ортида эса, Т.Йўлдошевнинг тахминича, муайян режалар бўлиши мумкин. Бу режаларнинг амалга оширилиши айнан шу университетдан бошланиши эҳтимолдан холи эмас.

А.Аннаев Ҳ.Кароматовнинг элчиликдан чақириб олинишини ўзига хос жазо ўлароқ баҳолаган бўлса, Ш.Тўлаганов бу ҳолатни унинг “ватан учун хизмати”га зарурат туғилиб қолгани билан изоҳлади.
XS
SM
MD
LG