Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 20:30

АЛМАТОВНИ СУДГА ТОРТИШ ТАЛАБИГА БМТ ҲАМ ҚЎШИЛДИ


Германияда даволанаётгани айтилган Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматовни жиноий жавобгарликка тортиш борасида Берлин ҳукуматига халқаро босимлар кучаймоқда. Халқаро Амнистия, Хьюман Райтс Уотч ташкилотларининг бу борадаги мурожаатлари ортидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қийноқлар бўйича махсус вакили Манфред Новак Германия ҳукуматини Алматовга нисбатан қийноқлар билан боғлиқ даъволар бўйича жиноий иш қўзғотишга чафирди. Жума куни кечқурун Женевада қилган мурожаатида жаноб Новак Берлин ҳукумати Андижондаги 13 май куни содир этилган хунрезлик билан боғлиқ шикоятлар юзасидан Зокиржон Алматовга жиноий иш қўзғотиши керак, деб таъкидлади.

Ўзбекистон Ички ишлар вазири Зокиржон Алматов саратон хасталигига дучор бўлгани ва шу сабаб Германиянинг Ханновер шаҳридаги шифохонада бир неча ойдан буён даволанаётгани хабар қилинган.

Ноябр ойида Европа Иттифоқи ўн икки нафар Ўзбекистон мулозимининг Еврупо мамлакатлари ҳудудига киришини таъқиқлаган, Ички ишлар вазири исми бу рўйхатда биринчи бўлиб келтирилган ва унинг "Андижондаги воқеаларга тўғридан-тўғри алоқадор" экани айтилган. Шундай бўлса-да Германия расмийлари Алматовга "инсонпарварлик" нуқтаи назаридан виза берилгани ва муолажадан сўнг унинг мамлакатни тарк этишини айтишган.

Ушбу хафта бошида Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳамда Андижондаги 13 май кунги қирғиндан омон қолган бир гуруҳ фуқаролар Германияда даволанаётгани айтилаётган Зокиржон Алматов жиноий жавобгарликка тортилиши керак деган талабда, даъво аризаси билан Германия Федерал Прокуратурасига мурожаат этган эди.

Хьюман Райтс Уотч ташкилоти фуқароларга қарши мунтазам ҳужумлар жиноят саналади ва Ўзбекистондаги бу билан боғлиқ холатлар ҳамда қийноқлар борасидаги даъволарни Германия Федерал прокурори текшириши керак, дея, мурожаат билан чиққан ўзбекистонликларни қўллаб-қувватлаган ва Алматовнинг 1991 йилда вазир этиб тайинланганидан бери у раҳбарлик қилаётган муассасаларда ўзбекистонликларнинг қийноқларга солинишига доир ҳужжатларни тақдим этган.

“Бу далиллар ҳам қийноқлар қўлланилгани, ҳам бу қийноқ амалиётининг ўзгаришсиз давом этаётганига оиддир. Биз қийноқлар масаласини Ўзбекистондаги тегишли расмийлар билан бир неча бор муҳокама қилганмиз, аммо вазяитда ҳеч нарса ўзгармади. Бу ҳам далил”, - Ҳюман Райтс Уотч ташиклотининг Европа Иттифоқи бўйича директори Лотте Лайҳт.

Германия Федерал Прокурори жаноб Наҳм Зокирожон Алматов иши билан боғлиқ Хьюман Райтс Уотч ва бошқалар тақдим этган ҳужжатларни ўрганиб чиқишини айтди.

Аввалроқ Германиядаги Халқаро Амнистия ташкилоти ҳам худди шундай талаб билан чиққан эди. Халқаро Амнистия ташкилоти вакили Имке Диерсон мамлакат қонунчилилига кўра Федерал Прокуратура дархол Алматов иши юзасидан тегровни бошлаши керак, деб айтган.

"Германия халқаро жиноят кодексига эга ва бу кодекс Германиядан ташқарида, ўзга давлат фуқаролари тарафидан содир этилган жиноятларни ҳам кўриб чиқишни тақазо этади", - деган Имке Диерсон.

Ўзбекистон ҳукумати Андижондаги 13 май кунги воқеалар пайти 187 одам нобуд бўлганини ва уларнинг аксари экстремистлар бўлганини даъво қилган. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва воқеа гувоҳлари эса Андижондаги хунрезлик пайти юзлаб одам ҳукумат қирғинига учраганини билдиришган.

Андижон воқеалари билан айбланиб ҳозирга қадар 58 шахс жазога тортилди. Улардан 15 нафарининг иши очиқ маҳкамада кўрилган. Бу шахсларнинг бари узоқ муддатли қамоқ жазосига тортилган.
XS
SM
MD
LG