Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:38

Эроннинг уранни бойитиш режаси атрофидаги тортишувлар давом этмоқда


Эроннинг Натанздаги ядровий объектда уранни бойитиш бўйича тадқиқот ишлари қайта бошлангани ҳақида аввалги эшиттиришларимизда батафсил маълумот берган эдик. Теҳрон расмийларининг бу қарори халқаро ҳамжамият томонидан кескин қораланмоқда. Шунга қарамай, Эрон раҳбарияти ўз қароридан қайтмаслигини, агар бу масала БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳокамасига олиб чиқилса, Халқаро атом энергияси агентлиги билан ҳамкорлик тўхтатилишини билдирди.

Германия, Франция ва Британия Ташқи ишлар вазирларининг пайшанба кунги учрашувидан сўнг улар Эроннинг ядровий дастури борасида Теҳрон расмийлари билан олиб борилаётган музокаралар боши берк кўчага кириб қолганини эълон қилишди. Шу боис Ташқи ишлар вазирлари Халқаро Атом энергияси агентлигнинг фавқулодда йиғилишини ўтказиб, унда бу масала БМТ Хавфсизлик Кенгаши муҳокамасига қўйилиши масаласи кўрилишига чақирдилар.

Германия Ташқи ишлар вазири Франк-Валтер Стайнмайер:

“Эрон Халқаро атом энергияси агентлиги огоҳлантиришларини назар писад қилмай, ташкилот билан тўлиқ ҳамкорлик қилишни хоҳламади. Бизнингча, бу масала БМТ Хавфсизлик кенгашида кўриладиган вақт етиб келди”, – дея, Европа Иттифоқи муносабатини билдирди.

Вашингтонда АҚШ Давлат котиби Кондолиза Райс Европа Иттифоқи позициясини қўллаб-қувватлади. Музокаралар боши берк кўчага кириб қолганига қарамай, АҚШ Давлат котиби ҳозирда бу масалани куч қўллаш орқали хал этишга зарурат йўқлигини айтди:

“Бу дипломатик уринишлар ниҳоясига етди, деган гап эмас. Мен баъзи одамлардан дипломатик уринишлар муваффақиятсизликка учради, деган гапларни эшитдим. Ҳа, бу босқичда маълум масалада музокаралар самара бермади. Аммо биз дипломатиянинг янги босқичини бошлаяпмиз ”.

БМТ Бош котиби Кофи Аннан Эроннинг ядровий дастури борасида чуқур ташвиш билдириб, муаммони ҳал этишда воситачи бўлишга тайёрлигини маълум қилди. Аннан буни Эроннинг ядро масалалари бўйича Бош музокарачиси Али Ларижоний билан пайшанба кунги учрашувда айтди. Кофи Аннанга кўра, мулоқот чоғида Ларижоний унга Эрон раҳбарлари Европа Иттифоқи номидан воситачилик қилаётган Германия, Франция ва Британия вакиллари билан музокараларни давом эттиришдан манфаатдор эканини билдирган.

Шунингдек, Эроннинг ядро масалалари бўйича Бош музокарачиси Али Ларижоний “Си-Эн-Эн” телевидениесига берган интервюсида ўз мамлакати ядро қудратидан фақат тинчлик мақсадида фойдаланиш ниятида эканини таъкидлади.

Айни пайтда, Эрон Ташқи ишлар вазири Манучеҳр Муттақий агар бу масала БМТ Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилса, бу Ғарб учун салбий оқибатларга сабаб бўлиши мумкинлиги тўғрисида огоҳлантирди.

Ўтган йил ноябр ойида Эрон парламенти агар Эроннинг ядровий дастури масаласи Хавфсизлик кенгашида кўрилса, ҳукумат Халқаро атом энергияси агентлиги билан ўз ҳамкорлигини тўхтатиши тўғрисида қонун қабул қилган.

Россия ва Хитой Эроннинг ядровий дастури масаласи Хавфсизлик кенгаши муҳокамасига қўйилишини қўллаб-қувватлаши ёки унга қарши бўлиши ҳозирча номаълум. Аммо ҳар иккала давлат Теҳрон расмийларининг уранни бойитиш ишларини қайта бошлаш тўғрисидаги қарорини танқид остига олди.

Жума куни Эрон президенти Маҳмуд Аҳмадинажод Эрон халқаро ҳамжамият норозилигига қарамай, уранни бойитиш ишларини давом эттиришини билдирди. Аҳмадинажод Эрон чет давлатлар таҳдидидан қўрқмаслиги ва мамлакатда уран энергиясини ишлаб чиқариш йўлидаги уринишлар давом этишини таъкидлади.

Айни пайтда, Теҳрондаги масжидлардан бирида жума намозини ўқиш учун йиғилган одамлар олдида чиқиш қилган таниқли уламо Аҳмад Ҳотамий Эрон ташқи таҳдидлардан қўрқмаслигини айтди:

“Европаликлар таҳдид сўзлари Эрондек буюк давлатга мутлақ таъсир этмаслигини тушунишлари керак”.
XS
SM
MD
LG