Аризачилардан тўрттаси Андижон қирғинидан омон қолганлар, яна тўрттаси эса Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлардан азият чекканлар эди ва улар ўз аризасида З.Алматов ҳамда қолган 11 амалдорни инсониятга қарши жиноят содир этишда айблаганди.
ГФР қонунларига кўра, инсониятга қарши жиноят ëки қийноқ қачон, қайси мамлакат ҳудудида амалга оширилганидан қатъий назар, федерал прокуратура бу жиноятлар юзасидан жиноят иши очиш ва айбдорларни жазога тортиш ҳуқуқига эга.
“Германия қонунлари З.Алматов кабиларни адолат олдида жавобгарликка тортишга қулай имкон бериб турганига қарамай, прокурорнинг бу имконни ишга солмаслик ҳақидаги қарори бизни ҳайратда қолдирди”, - дейди “Ҳьюман райтс уотч”нинг ЕИ бўйича директори Лотте Лайҳт.
“Бу биз учун мутлақо кутилмаган қарор бўлди. Чунки прокурор ариза юзасидан текширув бошламасликка қарор қилди. Бу эса Германия прокуратураси ҳатто мавжуд далил ва халқаро майдонда йиғилган фактларни кўриб чиқмаслик, Ўзбекистондан ташқарида бўлган гувоҳлар кўрсатмаларини эшитмасликка қарор қилди, демакдир. Ваҳоланки, прокурор ана шу далиллар ва гувоҳлар кўрсатмаларидан сўнг ҳам З.Алматов ва Ўзбекистоннинг 11 амалдорига нисбатан жиноят иши очиш-очмаслик ҳақида қарор бериши мумкин эди. Шу боис, бундай қарор мутлақ ҳайратланарлидир”, - деди у.
Германия федерал прокурори Кей Неҳм 31 март кунги қарорида З.Алматов ва Ўзбекистоннинг Андижон қирғинига бевосита алоқадор 11 амалдорига нисбатан қўйилаëтган айбларни нима учун текшириб чиқмаслик тўхтамига келганини изоҳлашга уринди.
Прокурорнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон томонининг қўйилаëтган айблар юзасидан ҳамкорлик қилиши ва Германия терговчиларининг бевосита Андижонга боришига рухсат бериши эҳтимолдан йироқ бўлгани учун бундай тергов аввал бошданоқ мағлубиятга маҳкумдир.
Аммо “Ҳьюман райтс уотч” вакиласи Лотте Лейҳт бундай изоҳни асоссиз топди.
“Бундай изоҳ бизни мутлақ ишонтира олмади. Ўзбекистонга бормай туриб, объектив тергов ўтказиб бўлмайди, деган гап сунъий ўйлаб топилган. Зотан, З.Алматов ва 11 амалдорнинг инсониятга қарши жиноятлари ҳақида кўрсатма берувчи гувоҳ ва далиллар Ўзбекистон ташқарисида керагидан ортиқ. Биз Германия федерал прокуроридан айнан ана шу далилларни кўриб чиқишни сўраган эдик, аммо у бу сўровимизни рад қилди”, - дейди Лейҳт хоним.
Хўш, Германия бош прокурорининг бундай қарорига ҳуқуқий жиҳатдан тузук-қуруқ изоҳ бериш мумкин бўлмаса, унинг ортида сиëсий омиллар борлигини шубҳа қилиш мумкинми? Термиздаги ҳарбий базасини сақлаб қолишга уринаëтган Германия ҳукумати прокуратурага босим ўтказган бўлиши эҳтимоли борми?
Германиянинг ташқи алоқалар бўйича кенгаши МДҲ давлатлари билан алоқа бўлими директори Александр Рарнинг таъкидлашича, федерал прокурорнинг қарори сиëсий мотивларга асосланган.
“Ҳақиқий маънода тергов ўтказиш учун реал фактлар, тергов тизимлари, терговчиларнинг жиноят бевосита содир этилгани айтилаëтган жой, хусусан, Андижонга бориб ишлашига эркин имконият бўлиши лозим. Инсониятга қарши жиноятларни жазолашга доир Германия қонуни ўз йўлига, аммо биз гувоҳ бўлаëтганимиз вазият ўта чалкаш. Ўз ишини тўғри бажаришга уринаëтган прокурор қарорини мен шундай изоҳлайман”, - деди А.Рар.
“Ҳьюман райт уотч” вакиласи Л.Лайҳт фикрича ҳам Германия прокурори қарори сиëсий ҳаракатга ўхшамайди, аммо у ҳуқуқий жиҳатдан нотўғри ва ташкилот уни бекор қилдириш учун ҳаракат бошлаган.
“Бу қарор ҳуқуқий жиҳатдан асоссиздир. Биз Германиядаги ҳуқуқий ва бошқа имконлардан фойдаланиб, унинг бекор этилишига ҳаракат қиламиз. Бу йўлдаги биринчи қадамимиз прокурор тергов бошламаслик учун келтирган асос-далилларни йўққа чиқарувчи фактларни Германия Адлия вазирлиги ва Федерал прокуратурасига жўнатишдир. Бу ишни келаси ҳафта қилишни мўлжаллаб турибмиз”, - деди Л.Лайҳт.