Линклар

Шошилинч хабар
26 ноябр 2024, Тошкент вақти: 04:33

Ўзбекистон-Германия: мунозарали ҳамкорлик


23 май куни Ўзбекистон президенти Ислом Каримов Оқсарой қароргоҳида Германия Федератив Республикаси Немис иқтисодиётининг шарқий қўмитаси раиси Клаус Мангольдни қабул қилди.


Клаус Мангольд бошчилигидаги Германия бизнес вакилларидан иборат делегациянинг Тошкентга ташрифидан кўзланган мақсад Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни ривожлантириш экани айтиляпти.

Аммо Германия ва Ўзбекистон ҳамкорли борасида анча мунозаралар мавжуд.

Немислар Ўзбекистон билан ҳамкорлигини мамлакатда иқтисодий манфаатларини ва минтақадаги сиёсий мувозанатни сақлаб қолиш мақсади билан оқлаб келади.

Айрим сиёсий гуруҳлар эса Германиянинг Ўзбекистонга нисбатан тутаётган йўли Европа Иттифоқининг расмий Тошкентга босим ўтказишга қаратилган ҳаракатларини йўққа чиқаришини таъкидламоқда.

Тарих чархпалаги

Айрим немислар Ўзбекистондаги бугунги вазиятни Германиядаги Вильгельм Иккинчи ҳукмронлиги даври билан қиёслайди. Вильгельм бутун Европада нимага қўл уришга қодирлигини айтиб бўлмайдиган ҳукмдор сифатида танилган эди.

Ўша пайтда мамлакат аҳолиси яшаб қолиш учун курашаётган бир вақтда Германияда саҳна ижоди, турли маданий тадбирларга кўпроқ эътибор берилди.

Бисмаркни истефога чиқарган Вильгельм мамлакатни ёлғиз ўзи бошқаришни истади. Германия дўстдан кўра янги душманлар орттирди. Бу Германия тарихидан бир парча, холос.

Замонавий Германиянинг эса янги дўст орттириш ниятида тинч намойишни қонли бостиришда айбланаётган Ўзбекистон ҳукумати билан муносабатларини ривожлантираётгани баҳсу мунозараларга сабаб бўлмоқда.

Аммо замонавий Германия иқтисодий манфаатлари ҳақида кўпроқ қайғуради.

Иқтисодий манфаатлар

ГФРнинг Тошкентдаги элчихонаси иқтисодий масалалар бўйича мутахассиси Дарюш Ифтихор “Европа Иттифоқи Ўзбекистон билан ҳамкорлик тўғрисидаги келишувни тўхтатган бир вазиятда Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик жиддий талофат кўрмаслиги”ни айтади.

“Германия бу масалада иқтисодиёт ва сиёсатни бир-биридан ажратди. Бу эса Андижон воқеалари икки давлат бизнес вакилларига зарба етказмаслиги учун қилинди”, - дейди элчихона вакили.

Д.Ифтихорнинг таъкидлашича, бугунги кунда Ўзбекистон ўз ташқи иқтисодий йўналишини Россия ва Хитойга қараб ўзгартиргандан сўнг ҳам Германия ва Ўзбекистон ўртасида савдо-сотиқ кўлами аста-секинлик билан ўсмоқда.

Расмий рақамларга кўра, 2005 йилда бу икки давлат ўртасидаги товар айрбошлаш ҳажми 326 миллион долларга етди. Германиянинг Ўзбекистонга киритган сармояси миқдори эса жорий йилнинг ўзида 20 миллион долларни ташкил этгани айтилмоқда. Германия Ўзбекистонга тўқимачилик ва тиббиёт асбоб-ускуналарини ҳамда юк ва транспорт машиналарини сотади.

“Иқтисодий нуқтаи назардан бу бозор жозибалидир. Бу ерда муаммолар кўп. Аммо, менимча, Ўзбекистон билан иқтисодий ҳамкорлик, ўз навбатида, сиёсий ва ижтимоий алоқаларнинг яхшиланиши учун ҳам хизмат қилади”, - деди Д.Ифтихор.

Ҳамкорлик борасидаги тортишувлар

“Ҳьюман райтс уотч” ташкилоти Германия Ўзбекистон борасида тутаётган сиёсати билан Андижондаги қонли воқеалар учун Ўзбекистон ҳукуматини жавобгар қилмоқчи бўлаётган ЕИнинг чораларини издан чиқаради, деб ҳисоблайди.

Ташкилотнинг Москвадаги ваколатхонаси директори Алисон Гиллнинг таъкидлашича, Германия қисқа муддатли иқтисодий манфаатлари орқасидан югурмай, мамлакатдаги вазиятни яхшилаш масаласига кенгроқ қараши керак.

“ЕИ Андижон хунрезликларига масъул бўлган давлат раҳбарларига нисбатан виза тақиқини жорий этган бир пайтда Германия ҳукумати Зокир Алматовнинг (Ўзбекистоннинг собиқ ички ишлар вазири) Германияга келиб даволанишига изн берди. Бундан ташқари, ЕИ Ўзбекистон билан ҳамкорлик келишувини тўхтатганига қарамай, Германия у билан икки томонлама ҳамкорлигини давом эттиряпти”, - дейди А.Гилл.

Ўзбекистонда Конрад Аденауэр жамғармасининг минтақавий бўлимини очган ва бир неча йил давомида уни бошқарган Вольфганг Шрайбер фикрича, ЕИнинг Ўзбекистонга нисбатан кўрган чоралари ҳеч қандай самара бермади. “Бу чоралар мамлакатни Россия ва Хитойга яқинлаштирди, холос”.

“Андижонда жуда даҳшатли ва қайғули воқеалар содир бўлди. Аммо немислар Ўзбекистондаги вазиятнинг яхшиланишига ёрдам бермоқчи. Чунки бу ерда яшовчи жуда кўп ёшларни ёлғиз қолдириб бўлмайди”, - дейди В.Шрайбер.

Бугунги кунда Германия ва Ўзбекистон ўртасида ҳарбий ҳамкорлик ҳам давом этмоқда. 2001 йилда Афғонистонда аксилтеррор амалиётлари бошлангандан сўнг Германия Термиз аэродромига ҳарбий контингентини жойлаштирган эди. Мазкур аэродром бугунги кунгача немис ҳарбий ҳаво кучлари тасарруфида қолмоқда.
XS
SM
MD
LG