Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:45

Шимолий Корея ҳукумати 5 июль куни амалга оширилган қитъалараро баллистик ракеталар синови мувафаққиятли бўлгани ва синовлар яна давом эттирилажагини маълум қилди.


Ушбу мавзу халқаро сиёсат майдонидаги энг муҳим масала бўлиб турган бир вақтда Шимолий Кореянинг 6 июль кунги баёноти оловга мой қуйгандек таассурот қолдирди.

Бу баёнотда Шимолий Корея ташқи ишлар вазири ракеталарнинг учирилиши одатий синовлар экани ва келгусида улар яна давом этажагини таъкидлади. Корея давлат телевидениесида ўқиб эшиттирилган баёнотда, шунингдек, қарши томонлар бунга тўсқинлик қилишга уриниб ҳам ўтирмасликка чақирилган.

“Агар бирор давлат одатий ҳарбий машқларимизга қарши босим кўрсатишга ўтадиган бўлса, Шимолий Корея ҳукуматининг бунданда кучлироқ кўринишдаги бошқа ҳаракатларга ўтишдан ўзга чораси қолмайди. Ракета синовлари КХДРда мунтазам равишда бўладиган ҳарбий машқлар доирасида ўтказилди. Бу синовлар мамлакат мудофаасини мустаҳкамлашга қаратилган”, - дейилади баёнотда.

Унда таъкидланишича, ракеталар синовининг икки корейс давлати, АҚШ, Япония, Хитой ва Россия ўртасида бораётган олти томонлама музокараларга дахли йўқ.

Чоршанба куни саҳарлаб олтита ракета, жумладан, узоқ масофага учадиган “Тепходон-2” русумли қитъалараро баллистик ракетани синовдан ўтказган расмий Пхенян бу билан АҚШ етишган имкониятларга етишишга ҳақли эканини таъкидлади ва орадан бир неча соат ўтиб, халқаро жамоатчилик норозилигига қарамай, яна битта ракетани учирди.

Эндиликда халқаро жамоатчилик Шимолий Кореянинг жаҳон норозилигига пинак бузмай қилаётган ҳаракатларига нисбатан қандай чора кўриш мумкинлиги устида бош қотирмоқда.

Чоршанба куни БМТ Хавфсизлик кенгашида шу масалага бағишлаб ўтказилган шошилинч ёпиқ мажлисда кенгаш вакиллари Шимолий Кореяни бу синовлар учун бир овоздан қоралади.

Хусусан, АҚШ ҳамда Япония Шимолий Кореяга нисбатан халқаро санкциялар қўлланилишини талаб қилмоқда. Бу икки давлат Хавфсизлик кенгаши дунё мамлакатларига ракеталар дастури учун қўлланиладиган маблағ ҳамда технологияларни Пхенянга беришни тақиқловчи резолюция қабул қилиши кераклигини билдиряпти.

АҚШ президенти Жорж Буш Япония раҳбари билан телефон орқали суҳбатидан сўнг: “Ракета учириш билан Шимолий Корея ўзини дунё жамаотчилигидан янада яккалади, ўз халқи ҳаётини янада оғирлаштирди. Мен бу давлат тақдиридан жуда афсусдаман. Бироқ Шимолий Корея ҳукумати ниҳоят ўз ядровий дастурини тўхтатишига умид қиламан”, - деди.

Хавфсизлик кенгаши аъзолари Япония ҳамда АҚШнинг Шимолий Кореяга нисбатан кескин чораларни кўзда тутувчи санкция қўллашга доир таклифи лойиҳасини муҳокама қилди ҳамда КХДРни олти томонлама музокараларга қайтишга чақирди. Ҳозирча 13 давлат Шимолий Кореяга нисбатан кескин резолюция қабул қилиниш керак, деган якдил қарорда турибди.

Бироқ Хавфсизлик кенгашининг икки доимий аъзоси – Россия ва Хитой нисбатан мўътадил позицияни эгаллади. Россия ҳукумати Шимолий Кореяга нисбатан резолюция эмас, балки баёнот қабул қилиш кераклигини айтмоқда. Хитой эса Шимолий Кореяни унинг ядровий дастури бўйича кўп томонлама музокараларга қайтишга чақирди.

Шимолий Кореянинг ядровий дастурига оид бир неча йил давом этган олти томонлама музокаралар сўнгги бир йил давомида тўхтаб қолган, чунки расмий Пхенян АҚШ билан юзма-юз музокараларни талаб қилиб келаётган эди.

Таҳлилчилар фикрича, Пхеняннинг ҳар томонлама танқидларга қарамай, ракеталар синовидан қайтмаётгани сабаби ҳам АҚШ ҳукуматини юзма-юз музокарага боришга мажбур қилишдир.

Хусусан, Вашингтондаги Като институтининг Шимолий Корея бўйича эксперти Тэд Карпентер АҚШ ҳукумати КХДР билан икки томонлама музокараларга рози бўлмас экан, бу муаммо ечимида жиддий ўзгариш бўлиши мушкуллигини таъкидлади.

“Афтидан, Шимолий Корея буни (юзма-юз музокарани) жуда-жуда истайди ва бу томонлар ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишига муқаддима бўлади. Барча масалаларни кўп томонлама музокаралар доирасида ечилишини талаб қиладиган бўлсак, мақсадга эришмаймиз”, - деди эксперт.

Айни вақтда бу низоли масала ечими дипломатик музокараларга қайтиш экани тобора кўпроқ таъкидланмоқда.

АҚШнинг ядровий масалалар бўйича бош воситачиси Кристофер Ҳилл шу ҳафта жума кунида Хитой ташқи ишлар вазири Ву Дайвей билан учрашиб, бу масалани яна бир бор муҳокама қилмоқчи.

Хитой Ташқи ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, Пхенян расмийлари билан ядровий дастури борасида музокара ўтказиш учун келаси ҳафта Хитойдан махсус делегация жўнатилади.
XS
SM
MD
LG