Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:30

Резолюцияда Ливаннинг таклифлари инобатга олинадими?


Ливанда ҳарбий зўравонлик ҳаракатлари тобора авж олиб бораётган бир пайтда БМТ Хавфсизлик кенгаши Исроил-Ливан можаросига барҳам бериш борасида тақдим этилган резолюция лойиҳасини ҳануз муҳокама қилмоқда.

Ўтган ҳафта охирида бу лойиҳа расмий Байрут ва айрим араб давлатлари томонидан танқид қилинган эди.

7 август куни Вашингтон ҳамда Париж томонидан ушбу резолюциянинг янги лойиҳаси тақдим этилиши ва унда Ливан талаби ҳамда Хавфсизлик кенгашининг бошқа аъзолари таклифлари инобатга олиниши кутилмоқда.

АҚШ ва Франция тақдим этган резолюция лойиҳаси шанба куни эълон қилинди ва бу ҳужжат қарийб бир ойдан буён Ливанда бораётган ҳарбий ҳаракатларга барҳам бериш йўлидаги катта дипломатик ютуқ сифатида баҳоланди.

Бироқ ҳужжат эълон қилиниши биланоқ Ливан уни рад этди. Ливан расмийлари бу лойиҳани бирёқлама ва мавжуд вазиятга мос келмайдиган ҳужжат, деб танқид қилди. Шу тариқа бир қарорга келинмагани боис, БМТ Хавфсизлик кенгашида лойиҳани овозга қўйиш 7 августдан 8 августга қолдирилди.

Ливаннинг БМТдаги вакили Нуҳад Маҳмуд резолюция лойиҳаси борасида 6 август куни чиқишида: “Биз бу лойиҳани яратиш учун сарфланган барча саъй-ҳаракатларни муносиб баҳолаймиз. Бироқ ҳужжат камчиликларга эга. Жумладан, ҳозир Ливан ҳудудида бўлган Исроил ҳарбийларини олиб чиқишга қаратилган чақириқ йўқ ва бу зиддиятни янада кучайтириши мумкин”, - деган эди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили Виталий Чуркин эса Ливан ва бошқа араб давлатлари етакчиларини ҳужжатни жиддий равишда қайта кўриб чиқишга чақирди.

“Назаримда, Ливан ва умуман араб дунёсининг бошқа давлатлари бу ҳужжатга жиддий ёндашиши ва қайта кўриб чиқишига умид қилса бўлади. Шундай қилган тақдирда улар ҳужжат Ливан манфаатларини кўзлаши ва яна ҳам муҳими, унда ҳудудда тўла равишда ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга чақириқ борлигини кўради”, - деди В.Чуркин.

Бироқ Ливан ҳужжатнинг ҳозирги кўринишидан рози эмас. “Вашингтон пост” газетасининг ёзишича, Ливан бош вазири Фуад Синиора бир қанча жиддий ўзгартиришларни таклиф қилган. У илгари сурган таклифларга кўра, Исроил зудлик билан ўз қўшинларини Ливан жанубидан олиб чиқиши лозим. Ливан жанубига эса Ливаннинг 15 минг аскари ва БМТ тинчликпарвар кучларининг 2 минг ҳарбийси жойлаштирилиши керак.

Бу вазият борасида якшанба куни Техасда чиқиш қилган АҚШ давлат котиби Кондолиза Райс ҳужжатни қабул қилишдан бирламчи мақсад ҳарбий ҳаракатларга тўла барҳам бериш эканини таъкидлади. Унинг билдиришича, бошқа масалаларни кейинчалик ҳал қилиш мумкин.

“Бу қарор иккинчи қарорни тақозо қилади ва ўйлайманки, ўша иккинчи қарор ҳам тез орада ишлаб чиқилади”, - деди К.Райс.

Байрут расмийлари Исроил қўшинларини Ливандан олиб чиқиш билан бирга Исроил томонидан қўлга олинган ливанлик маҳбусларнинг озод этилишини ҳам сўрамоқда.

Араб давлатлари лигасига аъзо давлатлар ташқи ишлар вазирларининг Байрутда чақирилган фавқулодда йиғилишида айнан шу масалалар муҳокама этиши кутилмоқда.

БМТ Хавфсизлик кенгашида резолюция лойиҳасини овозга қўйиш эса, юқорида таъкидланганидек, 8 августга қолдирилди.
XS
SM
MD
LG