Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:42

Қамоқхонада Мўътабар Тожибоева минг сўм иш ҳақи оляпти


Ўзбекистон Олий суди айни пайтда қамоқда сақланаётган фарғоналик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг адвокати киритган шикоят аризани рад этди.

Адвокат Муҳаррам Тожибоеванинг “Озодлик” радиосига айтишича, у тергов ва суд жараёнида ҳимоясидаги шахснинг ишига доир йўл қўйилган қонунбузарликлар ва бу қонунбузарликлар ҳибсхонада ҳам давом этаётгани устидан шикоят аризаси йўллаган.

“Ёзган шикоятимга Мўътабар Тожибоевага нисбатан тўғри ҳукм қабул қилингани, апелляция суди ҳам тўғри ажрим чиқаргани ҳақида қисқача хат келди. Лекин ҳозир ҳам Мўътабар Тожибоеванинг қонуний ҳуқуқлари бузиляпти ва унинг ёнига ҳеч ким, ҳатто адвокат ҳам қўйилмаяпти”, - деди адвокат.

Унинг сўзларига кўра, Мўътабар Тожибоевага нисбатан тергов, суд жараёнида кўплаб қонунбузарликларга йўл қўйилган, у айби тасдиғини топмаган ҳолда қамалган. Унга нисбатан ҳозир ҳам қўпол қонунбузарликлар бўляпти.

“Мени опаси, қариндоши сифатида ҳам (маҳбусанинг олдига) қўйишмади. Бундан ташқари, давлат томонидан адвокат сифатида берилган ордер билан олдиндан телеграмма билан огоҳлантириш орқали борганимда ҳам учраштиришмади. Унинг мана шу оддий қонуний ҳуқуқлари ҳам паймол этиляпти. Қамоқхона бошлиқлари эса мен билан учрашишдан бош тортди. Бундан ташқари, у энг оғир, чанг ишга қўйилган ва минг сўм иш ҳақи бериляпти. Август ойида уни амнистияга туширмаслик учун шунақанги тез ҳаракат қилиндики, унга умуман қилмаган тартиббузарликлар учун интизомий чора қўлланди. Бироқ бу ҳақдаги бирорта қоғозни менга беришгани йўқ. Бу ҳақда президент девони, Олий судга қилган мурожаатларимизга эса жавоб йўқ”, - деди Муҳаррам Тожибоева.

Адвокат Мўътабар Тожибоеванинг ҳимояси учун мамлакатнинг юқори органларига мурожаат қилишда давом этиши ва агар бундан натижа бўлмаса, халқаро миқёсдаги тегишли ташкилотларга чиқиш ниятида эканини билдирди.

Мўътабар Тожибоева Тошкент вилояти суди қарори билан бир қанча иқтисодий жиноятларда айбланиб, 2006 йил мартда 8 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Ҳозир у Тошкент шаҳридаги аёллар қамоқхонасида сақланмоқда ва яқинларидан олинган сўнгги маълумотларга кўра, қамоқхонада унга нисбатан қонунга зид равишда қаттиқ муносабат қилинмоқда.

Яқинлари Мўътабар Тожибоева соғлиғини йўқотганидан хавотир билдиряпти.
XS
SM
MD
LG