Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:44

Владимир Норов ёлғончими?


Жума куни Тошкентда Ташқи ишлар вазирлиги биносини пикет қилган ўзбекистонлик бир гуруҳ инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташқи сиёсат маҳкамаси раҳбари Владимир Норовни ёлғончиликда айблади.

Хабарларга кўра, ўнга яқин ҳуқуқ ҳимоячиси қўлларида плакатлар кўтариб, В.Норовдан ўтган ой Брюсселда берган ваъдалари устидан чиқишни, инсон ҳуқуқлари фаоллари билан мулоқотга киришишни талаб қилган. Аммо бу сафар ҳам уларнинг талаби эътиборсиз қолдирилган.

Пикет қатнашчиларидан бири Елена Урлаева: “Бу В.Норовнинг Европа Иттифоқи аъзолари олдида берган ваъдалари қип-қизил ёлғон эканини кўрсатади. Ҳозир Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасида ҳеч қанақа мулоқот бўлаётгани йўқ. Аксинча, ҳукумат бизни янада кучли сиқувга олмоқда”, - деди.

Бу ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўтган бир ҳафта ичида айни талаб билан ўтказган иккинчи пикетидир. Душанба куни эса улар Ташқи ишлар вазирлиги олдида шундай пикет ўтказмоқчи бўлганида милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган эди.

Е.Урлаеванинг билдиришича, жума кунги пикетда ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистон ҳукуматидан Халқаро қизил хоч ташкилотига мамлакат қамоқхоналарини кўздан кечиришга рухсат беришни ҳам талаб қилган.

“Қўлимида Халқаро қизил хоч ташкилоти вакилларининг Ўзбекистон қамоқхоналарига киришига рухсат этилсин, деган инглизча плакат бор эди. Мени ўзим эса ҳозир руҳий хасталар шифохонасида сақланаётган мустақил журналист, президентимизнинг жияни Жамшид Каримов ҳимоясига “Жамшид, биз сен билан”, деган ёзувли плакатни ушлаб турдим”, - дейди Е.Урлаева.

Мазкур пикетда айни пайтда қамоқда сақланаётган фарғоналик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоеванинг укаси Абдурасул Тожибоев ҳам қатнашди.

“Мана шундай пикетлар ўтказаверсак, ҳукумат охири талабимизга кўнади”, - дейди А.Тожибоев.

Унинг айтишича, опаси ётган қамоқхонадан яқинда сентябрда ёзилган бирданига тўртта мактуб келган. Бу хатларда опасининг саломатлиги жиддий ёмонлашгани, тез-тез жарима изоляторига ташланаётгани, у ердаги зах ва оғир шароитдан оёқлари шишиб кетгани ҳақида ёзилган.

“Тўғрисини айтсам, мени пикетга чиқишга ундаган ҳолат ҳам шу. Опамнинг изидан қамоқхонага борсам на киргизишади, на овқат қабул қилишади”, - дейди А.Тожибоев.

А.Тожибоев агар навбатдаги амнистия опасига ҳам тадбиқ этилмаса, улар президент девонини пикет қилишини билдирди.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири В.Норов ўтган ой ўрталарида Брюсселда ЕИ расмийлари билан учрашган чоғида расмий Тошкент инсон ҳуқуқлари борасида мулоқатга тайёр эканини билдирган ва Халқаро қизил хоч ташкилотига мамлакат қамоқхоналарини кўздан кечиришга рухсат берилишини ваъда қилган эди. Шу ҳафтада Халқаро қизил хоч ташкилотининг Тошкентдаги вакили Пьер Эммануэль бу борада Ўзбекистон расмийлари билан музокара бошлангани ва агар Тошкент ҳукумати рухсат берса, қамоқхоналар инспекцияси келаси ойдан бошланишини айтганди.
XS
SM
MD
LG